Илм дунёда азизлик, охиратда эса шарафдир
Илмга қўйган илк қадамимизни ёдга олайлик. Яъни айнан ўқиш ва ёзишни ўрганишга киришган вақтимиз назарда тутилмоқда. Бу ҳолат ҳаммада ҳар хил кечган бўлиши мумкин. Кимдир уйда ота-онаси ёки ака-опаларидан ўрганишни бошлайди, яна кимдир боғчада илк таълимотларини олади, ким учундир бу жараён мактабда бошланади. Покиза болалик қалбимизга илк илм маърифатлари кирган чоғлар ҳаётдаги унутилмас дамлардир. Балки ўша пайтлардан илмнинг моҳияти, инсон ҳаётида тутган ўрни ҳақида тушунчаларга эга бўла бошлагандирмиз.
Илмнинг кишилик жамияти орасида муҳим аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас. Чунки илм бир нур бўлиб, у билан нодонлик зулматлари тарқайди. Ҳар бир нарсанинг асоси у ва илм сабабли ақл турли кишанлардан халос бўлади. Биз бирор бир ишга киришайлик дейлик. Уни амалга ошириш учун шунга доир билимларга эга бўлмасдан туриб, мақсадимизни амалга ошира олмаймиз. Илм – ҳар бир нарсанинг ўқ томиридир.
Илм жамиятнинг тараққий топиши, кишиларнинг ҳаёт сўқмоқларида ҳамиша олийликларга етишлари, инсон қадрини юксалиши учун энг афзал воситадир. Биз ҳар биримиз илм олишга, тафаккур юритишга, маърифат билан ҳамнафас бўлишга масъулмиз.
Аллоҳ таоло яхши, хайрли ишларни қилиб ўтган бандаларига “жаннат” деган фақат ҳузур ва ҳаловатда бўлинадиган бир жойни яратиб қўйган. Унга етишнинг энг осон йўлларидан бири илм ўрганишдир. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда шундай дейилган: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди”.
Муқаддас ислом дини ҳар бир кишини илмли, касб-корли бўлишга чорлайди. Ўқимишли, яхши бир ишнинг бошини тутган кишилар жамият учун ҳамиша фойда келтирганлар. Билим ёки ҳунарга эга кишилар муҳтожлик, ўзгаларга мутеликдан халос бўладилар.
“Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, ҳадисига диққат билан эътибор берайлик. Бу ерда ҳар бир мусулмон киши илм ўрганишга мажбур экани таъкидланмоқда. Негаки илмсиз жамият тараққий этишдан ортда қолади ва қарамлик эшигини очишга мажбур бўлади. Касб-кор эгаллаш ҳам илм олиш билан баробардир. Ҳадисда “Касбу ҳунар исташ ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир” (Табароний ривояти) дейилган. Шу ўринда “Фарз” дейилганда Худо томонидан буюрилган амалларга айтилишини эслатиб ўтиш ўринлидир.
Илмнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилганда Имом Бухорий бобомизнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини ёдга олмасликнинг иложи йўқдир. Асарда илм ҳақида алоҳида боб очилган бўлиб, “Китобул илм” дея ном берилган. Унда 70 дан зиёд илм ва унинг фазилатлари, илмли кишиларнинг даражалари ҳақида энг саҳиҳ ҳадислар тўпланган. Улар орасидан ушбу ҳадисга эътибор қаратамиз: “Аллоҳ таоло кимгаки яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (яъни, дин илмларини ўрганиб, тўғри тушуниб, амал қиладиган қилиб қўяди). Дин бу ҳаёт, бизни ҳамиша тўғрилик узра ушлаб турувчи қонуниятлар мажмуидир. Ҳадисдан ўрганишимиз керак бўлган жиҳатлардан бири шуки, агар бизга ҳам яхшиликлар бўлишини хоҳласак фойдали илмларни пухта ўрганишимиз лозимдир.
Навбатдаги ҳадисни ўрганишга ўтамиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло мен орқали юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли ерга ёққан ёмғир кабидир. Ернинг баъзи жойи яхши экан, сувни қабул қилиб, кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирибди. Унинг баъзи жойлари қаттиқ экан, сувни тутиб қолибди. Бас, у билан Аллоҳ одамларга манфаат берибди. Улар ундан ичибдилар, суғорибдилар ва экин экибдилар. Ернинг баъзи жойлари силлиқ экан. Сув тутмас ва экин ҳам ўстирмас экан. Ана ўша худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Аллоҳ мен ила юборган нарса унга манфаат берибди. Ўзгаларга ўргатибди. Бошқаси ўша нарсага эътибор бермаган кишига ўхшайди. Яна бири эса, мен ила юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган одамга ўхшайди”, дедилар”(Бухорий ривояти)
Ушбу ҳадис устида бир фикр юритайлик. Осмондан ёққан ёмғир ўлик ерларни тирилтирганидек,ҳақиқий илм ва кўрсатмалар ўлик қалбларни тирилтиради. Сўнгра ҳадисда эшитувчилар ёмғир ёққан ҳар хил ерларга ўхшатилмоқда. Уларнинг баъзиларини илмга амал қиладиган олим ҳамда муаллим, худди унумдор ер ўрнида кўрилмоқда. Сувни ичади, ўзи фойдаланади ва ўсимликлар ўстириб бошқаларга ҳам фойда келтиради. Баъзилари эса замонасидаги барча илмларни эгаллайди, лекин унга амал қилмайди ёки унга мувофиқ ҳаёт кечирмайди. Бошқаларга эса етказади. Бу кишилар сувни ўзида сақлаб қолиб одамлар ундаги сувдан фойдаланаётган ерга ўхшайди. Учинчи тоифа эса илм олмайди ва атрофдагиларга манфаат ҳам етказмайди.
Албатта, илм йўлида юриб, ўзига ҳам ўзгаларга ҳам манфаат етказган киши билан билимсизлик зулматлари ичида юришга рози бўлган киши орасида катта фарқ бор.
Фаришталар ҳақида биламиз, албатта. Улар Аллоҳ таолонинг ниҳоятда итоатли, ҳеч бир гуноҳсиз, нурдан яратилган, бизнинг кўзимизга кўринмайдиган бандаларидир. Доим Аллоҳ таолонинг буюрган ишларини қиладилар ва унинг буйруғидан асло чиқмайдилар.Шунинг учун ҳам ўзгага озор бермайдиган покиза кишилар “фариштадек”, деб таърифланади. Бу ҳақда сўз очганимизнинг сабаби шуки илм йўлида юрганларнинг пойига ана шу фаришталар қанотларини ёзиб турадилар. Гапимизнинг тасдиғи сифатида “Малоикалар толиби илмнинг қилган ишидан мамнун бўлиб унга қанотларини ёзадилар” (Имом Аҳмад Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти) ҳадисини келтиришимиз кифоядир.
Киритилган вақти: 24/03/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1963
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 13:12