Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Фарзандларга нисбатан ота – оналарнинг бурчлари

 
 

Ота-она учун фарзанд Аллоҳнинг улуғ бир неъматидир.  Аллоҳнинг неъматлари жуда кўп, уни ёзиб, санаб адо қилил мушкулдир. Фарзанд неъмати эса алоҳида бир Аллоҳнинг инъоми десак муболаға бўлмайди. Ота-оналарнинг вазифалари фақат фарзандларнинг дунёга келишига сабабчи бўлиб қолмасдан, уларнинг ақлли, онгли, ҳаёю иболи, жисмоний соғлом, жамиятга, балки бутун инсониятга фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб етишишлари учун қайғуришлари лозим. Бунинг учун ҳар бир ота-онанинг  аввало ўзи имон-эътиқодли, илмли бўлиши, ўзини биладиган, ўзлигини танийдиган бўлиши керак.

Илк тарбияни фарзандлар  уларнинг бағридан олади. Фарзандларнинг табиати, хулқ атвори, одоб-ахлоқи, ўзи ўсаётган оиладаги шароитга қараб шаклланади. Шунинг учун ота-она буни жуда яхши билишлари керак. Ота боболаримиз “Қуш уясида кўрганини қилади”  ёки “Олманинг тагига олма тушади” деб бежиз айтишмаган. Шуниг учун ота-оналар болаларининг ҳар бир хатти-ҳаракатларини диққат билан мунтазам ўрганиб, кузатиб боришлари, уларга қайси иш  фойдали, қайси бири зарарли эканлигини тушунтириб боришлари лозим бўлади.

Ота-она ўз фарзанди учун бамисоли беморларга нисбатан,  моҳир табибдир ёки ўз боғига эътиборли тажрибали боғбондек бўлишлари керак. Зеро, фарзанд ҳар бир улғайиш босқичида ҳар хил хусусиятларг эга бўлиб боради.

Фарзандларининг улғайиш жараёнида ота-она ўз ўғил ва қизларига жуда эътиборли бўлишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳозирги технология ривожланган бир вақтда назоратсиз, ўз ҳолига ташлаб қўйилган ёшлар ҳар хил нотўғри йўлларга кириб кетиши ҳам мумкин. Ота-оналар ўз фарзандлари билан тўғри, оқилона маслаҳатлар бериб, худдики энг яқин дўст ва ўртоғдек муомалада бўлишлари лозим. Ота-оналар ўз фарзандларига бир хил муносабатда бўлишлари керак. Фарзандларини қобил ва солиҳ инсон бўлишлари учун масъулдирлар.

Токи улар жамиятга фойда келтирувчи инсонлар бўлиб етишишлари учун Аллоҳ  Таъола, Она Ватан, қолаверса халқи олдида ҳам масъулдирлар.

Шу ерда Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ҳар бир ота-она ўз фарзандларига одобу-ахлоқдан бошқа нарса бера олмайди”, “Фарзандларинга одоб беринглар ва одобини чиройли қилинглар” деб айтган ҳадисларига амал қилиш ҳар бир ота-онанинг муқаддас вазифаси ва бурчидир.

Муаллиф: Б.Шомуродов – “Ризвон бобо” жоме масжиди имом-ноиби


Киритилган вақти: 28/09/2019 11:09;   Кўрилганлиги: 1441
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/farzandlarga-nisbatan-ota-onalarning-burchlari
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 00:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг