ЧАҚИМЧИЛИК ҲАҚИДА
Ислом дини кишиларни яхшиликка чорлаш билан бирга барча ёмонликлардан, жумладан тил офатларидан ҳимоя қилиш чораларини ҳам кўради.Тил офатлари жуда кўп, шулардан: бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз, чақимчилик ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазаҳлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат ва бошқалар. Хуллас, рўйхатни давом эттириш мумкин. Буларнинг ҳаммаси қораланган ва қайтарилган амаллардир. Чунки бу сўзларнинг замирида ёмонлик ва маломат бор.
Ана шундай тил офатларидан бири бу - чақимчиликдир. Уламолар чақимчилик тўғрисида: ”Одамлар орасини бузиш учун уларнинг сўзларини бир-бирларига етказиш”, деб таъриф берганлар. Чақимчиликнинг шаръан ҳаром қилинган гуноҳи кабира эканлигига барча мусулмон уламолари иттифоқ этишган.
Чақимчиликнинг ҳаром эканлигига Қуръони Карим, ҳадиси шарифда ва уламоларнинг иттифоқ этган ҳукмларида келган далиллар асос бўлади.
Жумладан, Қуръони Каримда чақимчилик қилишдан огоҳлантириб, Аллоҳ таъоло шундай марҳамат қилган: “(Эй Муҳаммад!) Яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчию гап ташувчи,яхшиликни ман қилувчи- бахил, тажавузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари, бенасиб ҳароми кимсага итоат этманг”.(Қалам сураси 10-13 оятлар)
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, мен Расулуллоҳ(с.а.в) дан: “Чақимчи жаннатга кирмайди” деганларини эшитганман деди.
Чақимчилик хатарли томонларидан яна бири жамият аъзоларини парчалаб, бир-биридан ажратиб, бўлиб ташлайди. Чақимчилик тарқалган жамиятда бирлик, ҳамкорлик қолмайди. Бу эса ҳар қандай жамият учун ўта хатарли ҳолатдир. Айтишларича, чақимчининг иши шайтон ишидан ҳам зарарлироқдир, чунки шайтоннинг амали васваса билан бўлса, чақимчининг амали бевосита бўлади.
Яҳё Абу Касир айтадики: “Ёлғончи билан чақимчи бир соат ичида сеҳргар бир йилда қилолмаган фисқу-фасод ва бузғунчиликни қўзғай олади. Чақимчилик сеҳрнинг бир туридир. Чунки у ҳам ҳудди сеҳр каби одамлар орасини ажратишга, ёмоникни тарқатишга сабаб бўлади.
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (с.а.в) қабристондан ўтаётиб икки қабр олдида тўхтадилар ва: “Бу икки қабрнинг эгалари азобланмоқдалар, булар ўзларича гуноҳи кабира эмас деб ўйлаган гуноҳлари учун азоб чекмоқдалар. Буларнинг бири бавл(сийдиги)дан ўзини тоза тутмас эди, иккинчиси чақимчилик қилиб юрар эди”, дедилар. Сўнгра бир дарахтнинг ҳўл новдасидан олиб келишларини сўрадилар. Бир шоҳни иккига бўлиб, ҳар иккала қабр тепасига санчиб қўйдилар-да: “Бу новдалар қуругунча, шояд буларнинг азобини енгил қилур”, дедилар.
Энди чақимчиликни эшитган кишига нима қилиш кераклиги ҳақида имом Нававийнинг сўзларини келтирамиз: “Кимгаки бирон киши чақимчилик қилиб гап ташиб келиб, фалончи сиз ҳақингизда бундай демоқда ёки бундай қилмоқчи деса, у киши чақимчига нисбатан қуйидаги олти нарсани қўллаши керак бўлади:
1.Чақимчининг сўзларига ишонмаслиги керак.
2.Чақимчини бундай гап ташишликдан қайтариши, чақимчилик гуноҳ иш эканлигини унга насиҳат қилиш керак бўлади.
3.Аллоҳ учун чақимчини ёмон кўриши керак.
4.Чақимчига ишониб, у гап ташиб келган биродари ҳақида ёмон гумонда бўлмаслиги керак.
5.Чақимчига ишониб, у етказган гапни аниқлаш учун жосуслик қилмаслиги керак.
6.Чақимчидан эшитган гапини ўзгаларга етказиб: “Фалончи ундай деди”, деб гап кўтариб юрмаслиги керак.
Юқорида зикр этилган ва зикр этилмаган тил офатларидан сақланиш ҳар бир мусулмон учун жуда ҳам зарурдир. Зеро, тил фақат тўғри сўзни айтиш ва Аллоҳни зикр қилиш учундир азизлар.
Тилни ўз ихтиёрига қўйсак инсонни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, душманлашув, ахлоқсизлик, фаҳш ишлар ва бошқа турли ёмонликларга олиб боради. Шунинг учун “Ким тилини тийса, нажот топади” деб бежизга айтилмаган. Тил офатларидан сақланишнинг энг яхши йўли турли бемаъни ўтириш-зиёфатлар, ғийбат-хусумат мажлислари, нодон, ахлоқсиз кишилар суҳбати кабилардан узоқроқ юришдир.
З.Бўронов - Пастдарғом туман “Ал-Фарғоний масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 15/06/2020 07:48; Кўрилганлиги: 1622
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 13:57