Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Душанба – оғир кун...ми?

 
 

“Душанба – оғир кун”. Кўпчилик хорижий мамлакатларда оммалашган, ҳатто халқимиз орасида ҳам ҳазил аралаш кўп бор такрорланадиган бу гапнинг бирор асоси борми? Динимизда бу масалага қандай қаралади?

Айрим Ғарб давлатларида оғир кун деб хуш кўрилмайдиган душанбанинг динимиздаги ўрни, аҳамияти катта. Пайғамбаримиз (а.с.) ҳаётларидаги кўпгина ажойиб воқеалар айнан шу куни рўй берган.

Илм-фан шиддат билан илдамлагани сари одамлар, айниқса, ривожланган мамлакатлар аҳолисининг эҳтиёжлари шунга монанд ўсиб бориши табиий. Уни қондириш эса роботдай ишлашни талаб этади. Бундай тинимсиз меҳнат қилишнинг, ҳолдан тойдирувчи югур-югурларнинг биринчи куни бўлгани учун ҳам душанбани унча ёқтиришмас, балки...

Биз мусулмонлар эса табиатдаги мавжуд ҳамма нарсага Аллоҳ таолонинг санъат асари деб қарайдиган, яралмишларни Яратувчи туфайли яхши кўрадиган маданият эгасимиз. Шу жиҳатдан бутун борлиқ биз учун ҳикмат ва эзгулик манбаидир. Бироқ халқимиз орасида баъзи нарсалар бахтсизлик ва кулфат келтириши ҳақидаги хурофотлар бирмунча ёйилгани ҳам ҳақиқат. Ана шу хурофотларнинг қора занжирига баъзи миллатдошларимиз душанбадан шумланишни ҳам қўшиб олишган.

Динимизда ўз меҳнати билан кун кўриш, оила аҳлини ҳалол луқма билан таъминлаш вожиблиги ҳақида кўплаб ояти карима ва ҳадиси шарифлар бор. Ҳатто шу мақсад билан ҳаракат қилиш улуғ ибодат саналади. Душанба куни эса ана шу қутлуғ ибодатнинг биринчи кунидир.

Душанба кунининг фазилатлари

Оламларга раҳмат этиб юборилган Пайғамбаримиз (а.с.) душанба куни дунёга келганлар. Бу ҳақда: “У кун (душанба) мен туғилган ва пайғамбар қилиб юборилган кундир”, деганлар (Имом Муслим).

У зотнинг пайғамбар бўлишларидан бироз олдин Каъба таъмирланганида Ҳажарул асвад (қора тош)ни ўрнига қўйиб, қабилаларидаги муқаррар низонинг олдини олган кунлари ҳам душанба эди (Муҳаммад Ҳамидуллоҳ, “Ҳижрий тақвим ва унинг тарихи”). Бу жиҳатдан душанба биз учун ҳам муаммоларимизни ҳал қиладиган ва эзгулик элчиси бўладиган кун.

Пайғамбаримиз (а.с.): “Қуръони карим менга душанба куни нозил қилинди”, деганлар (Имом Термизий). Биз ҳам душанба кунига зиммамиздаги масъулиятнинг аҳамиятини ёдга соладиган хайриҳох дўст деб қарашимиз мумкин.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг вафот этган кунлари ҳам душанба эди  (Имом Бухорий). Шундай экан, душанба инсонларнинг энг афзали (а.с.)га салавот юборадиган, тиловатларимиз савобини бағишлайдиган фурсат бўлиши мумкин эмасми?

Душанба сафар, тижорат ва ризқ ахтариладиган кундир. Зеро, Аллоҳнинг расули (с.а.в.): “Душанба сафар ва тижорат кунидир”, деб марҳамат қилганлар. Саҳобалар бунинг сабабини сўрашганида: “Чунки ўша куни Шуайб (а.с.) тижорат қилиш ва ризқ топиш учун сафарга чиққанлар”, деб жавоб берганлар (Ибн Можа). Демак, душанбани ҳалол ризқ умидида ишга шўнғиш билан суннатга эргашиб, савоб олиш кунига айлантириш ўзимизга боғлиқ.

Душанбада бандалар кечирилади. Пайғамбаримиз (а.с.) марҳамат қилганлар: «Жаннат эшиклари душанба ва пайшанба кунлари очилади. Аллоҳ таолога ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳар бир банда мағфират қилинади. Фақат биродари билан ораларида душманлик бўлган кимсалар мустасно! (Улар ҳақида:) “Шу иккиси ярашиб олгунича муҳлат беринг”, дейилади» (Имом Муслим).

Душанба – амаллар тақдим қилинадиган кун. Пайғамба­римиз (а.с.): “Амаллар ҳар душанба ва пайшанба Аллоҳга кўрсатилади”, деганлар (Имом Муслим). Демак, душанбани муносиб тақдирлаш куни деса ҳам бўлади.

Душанба рўза кунидир. Ойша (р.а.) онамиз хабар беришича: “Расулуллоҳ (с.а.в.) душанба ва пайшанба кунги рўзаларни муштоқ бўлиб кутардилар” (Имом Термизий). Пайғамбар (а.с.)-нинг ўзлари ҳам: “Бандаларнинг амаллари душанба ва пайшанба кунлари Аллоҳ таолога рўбарў қилинади. Мен амалларимнинг Аллоҳ таолога рўзадор ҳолимда рўбарў қилинишини яхши кўраман”, деганлар (Имом Термизий).

Ж.Аброров ЎМИ – Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот котиби (манбалар асосида)

 


Киритилган вақти: 06/01/2020 09:55;   Кўрилганлиги: 1118
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/dushanba-ogir-kunmi
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 15:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг