Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ДОН РИЗҚ-РЎЗИМИЗ

 
 

Яратган зотга шукроналар бўлсинки, юртимиз тинч, элимиз обод ва фарзандларимиз соғу-саломат. Ватан деб аталмиш улуғ кошонада ўзимизга хон, ўзимизга бек бўлиб тинчу-хотиржам, ҳалолу-пок яшамоқдамиз. Жадаллик билан ривожланиб бораётган Ўзбекистонимизда, ҳар бир соҳа ўз қадр-қимматига эга бўлган ҳолатда ривожланмоқда. Шундай соҳалардан бири элу-халқимиз севадиган, меҳр билан бажарадиган деҳқончиликдир. Бу соҳа эгалари пешона терлари билан, ҳалол меҳнатлари билан халқ дастурхонига турли хил мева ва сабзавотларни етказиб бермоқда. Айниқса дон махсулотидан тайёрланадиган нон ва бошқа турли хил пишириқлар дастурхон кўркига кўрк, чиройига чирой бахш этмоқда. Албатта бунга сабаб бўлган деҳқонларимиз буғдой махсулотини минг меҳнатлари орқали етказиб бермоқда. Бугун далаларда буғдой ўриш қизғин паллага кирган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча сураларида деҳқончилик ҳақида, боғу-роғлар ҳақида баён қилган. “Абаса” сурасининг 24-32 оятларида шундай марҳамат қилинган: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. сўнгра ерни гиёҳлар билан ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева ва гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатлидир”.

Демак, Аллоҳ таоло деҳқонларни сабаб қилиб, уларнинг оғир меҳнатларининг эвазига дастурхонимизни нозу-неъматлар билан тўлдириб қўймоқда. Шундай экан, деҳқонларимизнинг меҳнатларини қадрлаб, уларни олқишлаб, деҳқончилик қилаётган майдонларига зарар етказмаслигимиз керак экан. Афсуслар бўлсинки, аччиқ бўлсада ҳақиқат баъзи бир виждони йўқ одамлар ёки ҳали ақли тўлиб етмаган болалар мол чорваларини ҳеч ким йўқлигида экинзорларга қўйиб уларни пайхон қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бундай ҳолатларга албатта жазо бериш лозимдир. Чунки деҳқонни не машаққатлар билан етиштирган зироатини бир зумда моллари билан пайхон қилиб, ҳосилни йўқ қилиб ташласа. Худди шунга ўхшаш ҳолатлар қадим замонларда ҳам бўлиб ўтган. Қуръони каримнинг “Анбиё” сураси 78-79 оятларида марҳамат қилинган. “Довуд билан Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилган кезларни эсланг. Ўшанда унга қавмнинг қўйлари (тунда) кирган (ва уни пайхон қилган) эди. Биз уларнинг (чиқарган) ҳукмига шоҳид бўлган эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик...”

Ривоят қилишларича, “Довуд ва Сулаймон алайҳис-салом олдиларига икки киши бир мажоро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб, бирон нарсани қолдирмай пайхон қилиб чиқиб кетган эди. Довуд алайҳиссалом қўйлар экинсор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқардилар. Буни эшитган ўғиллари, Сулаймон алайҳиссалом эса ерни қўйларни эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач қўйларни қайтариб олса шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги ва сутидан фойдаланиб, шу даврда тўғилган қўзиларни ҳам ўзига олиб қолса”, - дедилар. Шунда Довуд а.с. Сулаймон а.с.га қараб “Ўғилчам сенинг ҳукминг тўғрироқдир”-деб ўзи чиқарган ҳукмларини бекор қилди. Айни бугунги кунда ҳам шундай воқеалар бўлса, албатта уларни жазолаш мақсадга мувофиқдир. Бугун саратон жазирамасида меҳнат қилаётган деҳқонларимизни кўплаб дуолар қилишимиз, уларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига дастурхонимиз тўла бўлиб турганлигини ҳаммамиз англаб оламиз. Айниқса жорий йилда иккинчи экинга тўлиқ рухсат берилганлиги деҳқонларимизни янада хурсанд этди ва уларга масъулият ҳам юклади. Иккинчи экиндан Ўзбекистонимиз бозорларини ҳар хил махсулотлар билан тўлдириб, нарх-наволарни пасайишини таъминланса келгуси йил иш албатта самарали келади. Хорманг, толманг азиз деҳқонлар. Сиз борсизлар элу-халқ меҳнатингиз эвазидан хурсанду шод бўлиб ҳаққингизга доимо раҳматлар айтади. Зеро, дон ризқ-рўзимиздир. Сиз эса шу ризқу-рўзга сабаб бўлган бахтли инсонсизлар.


Киритилган вақти: 15/07/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2891
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/don-rizq-rozimiz
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 05:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг