Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ДИНИЙ ВА ДУНЁВИЙ БИЛИМЛАР УЙҒУНЛИГИ

 
 

Мамлакатимизда сўнги йилларда ҳар бир соҳада, шу жумладан таълим соҳасида ислоҳотлар олиб борилаётгани, ўсиб келаётган ёш авлодни келажакда инсон деган шарафли номга муносиб равишда тарбия ва таълим олиб камол топишларига мамлакатимизнинг оқил инсонлари жон куйдираётгани ва бу борада ишлаб чиқилаётган ва амалга оширилаётган амалий ишдар ва тадбирлар таҳсинга сазовордир. Ушбу жараёнда бугунги ўзбек жамиятининг мутлақ кўпчилиги инсоннинг маънавий дунёқарашини шакллантириб, ахлоқини тарбиялашдаги диннинг юксак ахлоқини, инсон руҳиятида инсоний фазилатларни яратувчанлигини қўллаб - қувватламоқда. Миллий ва диний қадриятларни англатиш ёшларнинг маънавий дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилиши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.

Ёш авлоднинг таълим ва тарбияси тўғрисида ғамхўрлик қилиш нафақат ҳукуматимизнинг ёки мактабларнинг вазифаси, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчларидан ҳисобланади. Албатта, фарзандларимизни комил инсон қилиб, илмли қилиб тарбиялашимиз керак. Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу ҳунарлари билан бир қаторда ахлоқий фазилатлари ҳам ўсиб бориши зарур. Шу жумладан, ёшларимизнинг таълим –тарбиясини асрий ва азалий шарқона қадриятларимиз ва мамлакатимизнинг миллий мафкураси билан уйғунлаштиришимиз, айнан мана шу ўринда ёшларга диний-ахлоқий билимларни таълим бериш бугуннинг кечиктириб бўлмас долзарб вазифаларидан биридир.

“Тарихга теран назар солсак, бизларнинг етти аждодларимиз ким эканини кўрамиз. Не-не буюк даҳолар, мутафаккиру алломалар айнан шу сиз ва биз яшаётган муқаддас Ватанда яшаб ўтганлар. Ҳудди улар сингари уларнинг зурриётлари ҳам ҳали дунё тамаддунига ўз ҳиссаларини қўшишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Чунки ёшларимиз томирида аждодларимизнинг қонлари оқиб турибди”.[1]

Шу билан бирга дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган алломаларимизнинг илмда комиллик сари етмоқларида ислом динининг таъсирини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Имом Бухорий, имом Термизий, имом Доримий, имом Мотуридий Абу Муъин Насафий каби алломалар билан бир қаторда ал –Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, ал-Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий, ал-Фаробий каби ўз илми ва тафаккури билан дунёни лол қолдирган алломаларимизнинг етуклиги замирида ислом дини турганлиги барчамизга маълум.

Мусулмон олимларнинг илмий меросини ўрганишда, хоссатан таълим соҳасида динийлик билан дунёвийлик ўртасидаги мантиқсиз мантиқий нисбатнинг шаклланиши бизнинг асримизда рўй берди, десак янглишмаймиз. Чунки, ислом дини нозил қилинган даврдан то шу бизнинг асримизга қадар таълимда бу диний таълим, бу дунёвий таълим деб ажратилмаган.

Жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида илмларни дунёвий ва динийга ажратиш, бу икки илмни бир-биридан айро ҳолда талқин қилиш ва улар ўртасида гўёки мантиқий мувозанатни ўрнатишга бўлган интилишлар оқибати ўсиб келаётган ёш авлод онги ва шуурида ўзининг салбий натижаларини номоён қилиб бормоқда. Бу ҳолатни замонамизнинг ҳар бир ақли расо инсони англаб етган. Бугунги кунда диний ва дунёвий таълим уйғунлигини тиклаш зарурати, ҳеч бир муболағасиз, мамлакатнинг маънавий тақдирини ҳал қилувчи омиллардан биридир. Диний ва дунёвий билимларни уйғунлаштирган ҳолда таълим жараёнини амалиётга татбиқ этиш кечиктириб бўлмас долзарб муаммолардан бири эканлиги жамиятнинг аксар қисмига кундай равшан. Воқеъликда акс этиб турган шунга боғлиқ етарли салбий натижалар борлигига қарамасдан ҳамон таълим-тарбияда диний ва дунёвий билимларни уйғун равишда ёш авлодга етказиш ота-оналар ва мураббийлар орзуси бўлиб турибди.

Олий мақсад ёш авлодни иймон эътиқодини Ватан равнақи учун руҳан ва маънан комил инсон этиб тарбиялаш ҳар бир ота –она ва устоз мураббийларимиз бурчидир. Фарзандларимиз, яъни ёш авлод учун шарқона – диний ва дунёвий билимларни ўзида уйғунлаштирган таълим-тарбияни жаҳон андозаларига мос, фан тараққиёти омилари орқали етказиш бунда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.



[1] У. Алимов “Ёшлар – келажагимиз”, “Мовароуннаҳр” Тошкент 2008, 74-75-бетлар.


Киритилган вақти: 08/05/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2234
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/diniy-va-dunyoviy-bilimlar-uygunligi
Чоп этилган вақт: 19/05/2024 02:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг