Диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик тинчлик гарови
Бугунги кунда Ўзбекистонда турли дин вакилларининг ўз динларига эътиқод қилишлари учун шароитлар яратилган. Ушбу жараёнларда халқимизнинг азалий диний ва маданий қадриятларнинг асоси бўлган ислом ҳам янада юксалди. Аллоҳга шукроналар бўлсинким, миллий ва исломий қадриятлар-масжид ва мадрасалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди, мамлакатимиз фуқаролари эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Ислом дини илми ва маданияти равнақига улкан ҳисса қўшган муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, калом илмининг йирик намоёндаси Абу Мансур Мотрудий, фақиҳлар Бурхониддин Марғиноний ва Абул Барокат Насафий, тасаввуф илмининг буюк мутафаккирлари Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбандий каби буюк аждодларимизнинг таваллуд тўйлари кенг нишонланди, табаррук қадамжолари обод қилинди, асарлари минглаб нусхаларда нашр этилди. Аллоҳ таоло: “Шукр қилсангиз, албатта (неъматларимни янада) зиёда қилурман”[1], - деди. Биз барчамиз жипслашишимиз, шукр қилиб, биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Юрт равнақи, халқ фаровонлиги учун ҳамма баробар ҳаракат қилиши керак.
Ҳақиқий мусулмон кишининг сифати – ўзгаларга зарар эмас, фақат фойда келтиришдир. Абу Мусо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиздан: “Ё Расулуллоҳ, қандай мусулмонлик қилиш афзал?” - деб сўралганида у киши: “Кимики мусулмонлар тилидан ва қўлидан омон бўлсалар”[2] – деб жавоб қайтарган эканлар.
Динлараро бағрикенглик ғояси – хилма-хил диний эътиқоддаги ёки муайян динга эътиқод қилмайдиган кишиларнинг бир замин, бир ватанда олийжаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади.
Дин - олам, одам ва бошқа мавжудотларнинг яралиши ва келиб чиқишини, ҳаётнинг маъно ва мазмуни ва инсоннинг яшашдан кўзлаган мақсади каби масалаларга илоҳий нуқтаи назардан ёндашувчи дунёқараш шаклидир. У бугунги кунда ҳам шу вазифани адо этиб келмоқда. Дин диний дунёқарашни, диний маросимларни, шунингдек, диний туйғуни ўз ичига олади. Ўрта асрларда дин маданиятнинг барча турларини (илм-фан, фалсафа, хуқуқ, ахлоқ каби) ўзида мужассамлаштирган ва уларга ўз таъсирини ўтказган. Қадим-қадимдан аксарият маънавий қадриятларни ифода этиб келган. Миллий қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани ҳам диннинг шарофатидандир. Биринчи Президент Ислом Каримов сўзлари билан ифодаланганда, “Дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу кадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди”[3].
Диний бағрикенглик мусулмонлар истелоҳида “мурувват” дейилади. бу тушунча кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндашиш, эътиқод, маданият, анъаналарига нисбатан ҳармат ва эътиром билан муносабатда бўлиш демакдир.
Ислом азалдан инсониятга асл мурувватни диндошларига, ҳатто ғайри муслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Ислом ўзидан аввалги динлар (яҳудийлик, насронийлик)ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувват кўрсатгани тарихдан маълум. Хақ-хуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб, эътиқод ва анъаналарига ҳурмат эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зиммийга ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлдилар.
Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри эди. Унинг расулуни ўз умматига берган кўрсатмаси эди. Аллоҳ таоло марҳамат этади: “Эй мўминлар бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин”[4]; “Ва барчаларингиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа бўлиб), бўлинмангиз!”[5]; “…Ораларингизда аҳду паймон бўлган қавмга келиб қўшилган ёки сизлар билан уришиш ҳам ўзларининг қавми билан уришиш ҳам жонига тегиб, олдингизга келган кимсаларга (тегмангиз)!”[6]. Мурувват, диний бағрикенглик исломнинг тамал тоши эди. Эътиқод ва динлар тарихидаги бир янгилик эди. Ислом илк давриданоқ собиқ динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Ислом биринчи кунлариданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: Барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади. Ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ: эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас; илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак; динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги яхшиликдан, сийлаи раҳмдан тўсмаслиги лозим.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассаллам бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларни ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноби Расулуллоҳ аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар ҳадя бериб, улардан қабул қилар эдилар. Мадинага Ҳабашистон Насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб, зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Ҳаттоки Нажрон насронийлари келганида уларга масжиднинг бир томонида ибодат қилишга ижозат бердилар.
Дастлаб роҳиб бўлган англиялик тарихчи Карен Армстронг “Муқаддас уруш” китобида бундай ёзади: “Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам фақангина Макка мушриклари билан эмас, бир пайтнинг ўзида маҳаллий ёҳудий қабилалари ва улар билан тил бириктириб, ҳужумни режалаштирган Шом насронийлари билан ҳам урушга мажбур бўлган эди. Аммо бу ҳол унинг қалбида душманларига нафрат туғдирмади. Унинг аҳли китобни (яҳудий ва насронийларни) лаънатлашга олиб келмади. Мусулмонлар ҳаётларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишди, лекин ўз душманларининг динига қарши муқаддас урушга кирганлари йўқ. Борди-ю урушишга мажбур бўлиб қолишса, инсонпарварликни унитишмасди. Улар диний хизматчиларни, роҳибларни безовта қилишмасди, урушда қатнашмаётганларга, ожиз кишилар, аёллар, ёш болалар, кексаларга тегишмас, уларга зарар етказишмас эди. Улар тинч аҳолини ўлдиришмаган, бино ва уй жойларидан ҳеч бирини вайрон қилишмаган”.
Имом ал-Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами (IX аср) замондошлари томонидан анъанавий сунний тўпламларнинг энг мукаммали деб тан олинган ва ҳозирги вақтда ҳам бутун дунё мусулмонларининг асосий китобларидан бўлиб қолмоқда. Бу китобда диний мутаассиблик, ақидапарастлик учун асос бўладиган ғоялар рад этилгани ҳам юртимиз тарихида бағрикенглик тамойиллари устувор бўлишига хизмат қилган.
Бундай бағрикенглик, бир томондан, Имом Бухорий, Имом Термизий каби дин алломалари, яъни илоҳий тафаккур соҳиблари, иккинчи томондан, Форобий, Хоразмий, Беруний каби дунёвий билимларни чуқур эгаллаган, илм-фан қадриятлари устуворлиги ғоясини илгари сурган мутафаккирлар ёнма-ён яшаши, ижод қилишлари учун кенг имконият яратган.
Хулоса қилиб айтганда, халқ дини ва ирқидан қатъий назар ўзаро бир-бири билан келишиб яшаса, тинчлик бўлади. Тинчлик бор жойда ривожланиш бўлади, ибодатда ҳаловат бўлади.
[1] Иброҳим сураси, 7-оят мазмуни.
[2] Абу Исо Термизий. Сунани Термизий. Ж.4. Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий. Байрут. –Б. 661.
[3] Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Том. 7. .-Т., Ўзбекистон,1999. –Б.334.
[4] Моида сураси, 2-оят мазмуни.
[5] Оли Имрон сураси, 103-оят мазмуни.
[6] Нисо сураси, 90-оят мазмуни.
Киритилган вақти: 23/02/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3065
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 18:14