ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК БАРҚАРОРЛИК КАФОЛАТИДИР
Маълумки, юртимиз қадимдан жуғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани сабаб, турли миллат ва элат вакиллари азалдан бир-бирлари билан тинч-тотув, аҳил-иноқ бўлиб яшаб келишган. Ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистон кўп миллатли ва кўп динли республика. Истиқлол йилларида виждон эркинлиги, дин ва диндорларнинг ҳақ ва хуқуқлари масалаларига катта эътибор берилди. Юртимизда фуқаролар тотувлиги ва тинчлигини сақлашда ҳар бир дин ва миллат тенг хуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлиши жуда муҳимдир. Шуни эътиборга олган ҳолда мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилиги фуқаролар эркинликларининг барча кўринишларини кафолатлайди. Чунончи, бош Қонунимизда белгилаб қўйилган тамойиллар динимиз таълимоти асосларига ҳам тўла мос келади. Қуръони каримда “Динда зўрлаш йўқ, зеро тўғри йўл янгилиш йўлдан ажрим бўлди...” (Бақара, 256-оят) дея марҳамат қилинган.
Ислом динида барча халқлар дини, ирқи, миллатидан қатъий назар, ўзаро хамкор яшашга буюрилган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам)” ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводарроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир (Хужурат,13)
Пайғамбаримиз Муҳаммад а.с. кўрсатмаларига кўра, бошқа дин вакилларига озор бериш, пайғамбарларимизнинг ўзларига озор бериш билан тенгдир. У зотнинг ўзлари умматларига бағрикенгликнинг юксак намуналарини кўрсатдилар.
Саҳобий Абу Зарр р.а. бир саҳобани “Эй қаронинг ўғли”, деганларида, “Сенда жоҳилият одати бор экан!” дедилар. Бу билан мусулмон кишида ирқчилик, миллатчилик, маҳаллийчилик кўринишида бирор сўз ёки ҳаракат бўлмаслигин таъкидладилар.
“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб)” чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).
Юқоридаги оят Ислом дини қанчалар инсонпарвар ва бағрикенг дин экани, ўзга дин вакилларига доимо яхши муносабатда бўлишлик лозим эканини кўрсатади.
Шунга кўра Пайғамбар а.с. бошқа дин вакиллари билан тинч-тотув, жамият учун манфаатли ҳамкорликлар асосида яшардилар.
Расулуллоҳ (с.а.с) “Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман” деб Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларга шахсан ўзлари хизмат қилганлар. Нажрон насролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига тушуриб, у ерда ибодат қилишларига рухсат берганлар.
Ҳазрати Умар (р.а.) Шомни фатҳ этгач, насронийлар билан битим тузиш учун келганда, намоз вақти бўлиб қолади, насронийлар ҳазрати Умарга намозни черковда ўқишни таклиф қилишади. Ҳазрати Умар уларга шундай жавоб берадилар: “Агар мен черковда намоз ўқисам, мусулмонлар ҳам менга тақлид қилиб черковда намоз ўқишади. Мен кетгандан сўнг мусулмонлар черковни сизлардан тортиб олишлари ҳам мумкин”. Демак, исломнинг инсоний жиҳатларидан бири-бошқа дин вакилларига зиён етказмаслик.
Ҳадиси шарифда “Аллоҳ таоло бандаларини мол-дунёсига, киядиган кийимига қараб эмас, қалбини поклигию қиладиган яхши амалига қарайди” деган маънода мусулмонларни оқкўнгил бўлишга, бошқаларга яхши кўз билан қараб, дўстона алоқаларини боғлашга даъват қилади.
Энг улуғ байрамимиз-Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги барча юртдошларимизга муборак бўлсин.
Киритилган вақти: 27/07/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3058
Чоп этилган вақт: 07/11/2024 02:18