Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ДИНИМИЗДА ЭЪТИҚОД ЭРКИНЛИГИ

 
 

Дарҳақиқат мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг барча соҳаларда босқичма босқич ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда, диний ва миллий қадриятларни тиклаш борасида ҳам ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Бунга, тарихий обидалар ва зиёратгоҳларни ободонлаштирилиши, масжид ва мадрасалар фаолиятини йўлга қуйилиши, ўзбек халқи ҳамда Ўзбекистонда яшовчи кўпмиллатли халқларнинг миллий ва диний маросими ва байрамларининг ўтказилаётгани яққол далилдир. Ва бугунги кунда мамлакатимизда 16 та диний конфессияларнинг фаолияти ҳамда уларнинг эътиқод эркинликлари қонун билан ҳимоялангани ҳам бунга мисолдир.

Жумладан, бу борада 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 31 моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб ҳар бир шахснинг дин билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланган.

Шунингдек, 1998 йил 1 майда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 23 моддадан иборат янги таҳрири қабул қилиниб, уни ишлаб чиқишда мамлакатимизнинг ўзига хос шароити, унда яшовчи кўпмиллатли халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда менталитети ҳисобга олинган. Бинобарин, мазкур қонуннинг 5-моддаси эътиқод софлиги ва диний бағрикенгликка асосланган.

Жумладан, Аллоҳ таъоло Қуръони Каримнинг Бақара сураси 256-оятида: ”Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро), Ҳақ йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди”, деб марҳамат қилгандир. Ушбу оятдан мурод Аллоҳ таъолонинг тавҳиди (ягона илоҳ эканлиги)қуръони карим оятлари орқали очиқ ойдин баён қилинди. Энди инсонларни мажбурлаб динга киритишнинг ҳожати йўқдир. Ҳақ йўлдан мурод ислом динидир. Демак ушбу оятдан маълум бўладики ислом дини таълимотида бирон бир кишини мажбурлаб бир динда ушлаб туриш ёки бошқа бир динга мажбурий тарғиб қилиш йўқдир.

Аллоҳ таъоло Қуръони Каримнинг Ҳуд сураси 118-оятида: “Агар Роббингиз хоҳлаганида эди, барча одамларни бир уммат (бир хил динга тобе) қилган бўлар эди. (Улар) мудом турлича (ҳар хил эътиқодда) бўлиб бораверадилар”, деб марҳамат қилган. Демак ушбу оятдан маълум бўладики, дунё ҳаётида инсонларнинг турли миллат ва элат, ҳамда турли дин вакиллари бўлиб ҳаёт кечиришлари, Аллоҳ таъолонинг илоҳий иродаси эканлиги ва яна шу билан биргаликда, дунё ҳаётида инсоният дини, миллатидан қатъий назар бир-бирлари билан танишиб, гўзал алоқалар ўрнатиб, ўзларига макон қилиб берилган заминни обод қилиши ҳам Аллоҳнинг илоҳий иродасидир.

Шунга кўра бугунги кунда кўпмиллатли бўлган Ўзбекистоннинг диний ҳаёти 3 та тушунча билан ажралиб туради:

1.Диний пюрализм –ҳар бир фуқаро ўзининг диний эътиқодига эга эканлиги.

2.Диний бағрикенглик – ҳар хил эътиқодда бўлган фуқароларнинг ўзаро ҳурмати ва тинчликсеварлиги.

3. Динлараро мулоқот -мамлакатимизда мавжуд бўлган конфессиялар орасидаги муносабат.

Мамлакатимиз фуқароларининг ушбу тушунчани теран англашлари, барча динларни ва уларга эътиқод қилувчиларни ҳурмат қилишларига далолат қилади.

Бугунги кунда юртимиз мусулмонлари диёримиздаги бошқа динларнинг вакиллари билан биргаликда ягона мақсад- Ватанимизнинг янада гуллаб яшнаши йўлида ҳаракат қилаётганлиги ҳам динимиздаги эътиқод эркинлигига далилдир.

Эътиқод (арабча иътақада) ишонч, имонли бўлиш деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса эътиқод инсон фаолияти учун маънавий асос, йўл йўриқ ва ақл, ҳис воситасида англанган билим, ғоя ва шу асосда шаклланадиган мақсадлар мажмуини ифодалайди. Шундай экан жамиятда шахснинг комил инсон бўлиб шаклланишида эътиқод муҳим омилдир.

Эътиқодда собитқадам бўлиш ҳақида, динимиз асоси бўлган Қуръони карим ва ҳадиси шарифда бир қанча кўрсатмалар берилган.

Жумладан, Аллоҳ таъоло Шўро сураси 31 оятида: “У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга (Эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсани Иброҳимга Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсамизни шариат қилиб: “Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар” дедик”, дейди.

Ушбу оятдан маълум бўладики Аллоҳ таъоло Муҳаммад алайҳис салом ва ундан олдин ўтган барча пайғамбарларга Ўзининг ҳақ шариатини дин қилиб юборган. Шунинг баробарида Аллоҳ таъоло уларга Ўзига ибодат қилишга, буюрганини бажариб, қайтарганидан қайтишга амр қилган. Ва яна барча пайғамбарлар ва уларнинг қавмларига “Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар” деган илоҳий амр ҳам мавжуддир. Демак оят ҳукмига кўра мусулмон киши аввалги ўтган пайғамбарлардан ёки динлардан биронтасини инкор қилмаслиги ва уларга нисбатан ҳурматсизлик, динига нисбатан паст назар билан қарамаслиги лозим.

Шунга кўра динимизда бошқа дин вакилларига эҳтиром кўрсатилади. Жумладан пайғамбаримиз ҳузурига Нажрон элчилари келганида улар насоро бўлсаларда, уларга кўрсатган эҳтиромлари ёки пайғамбар алайҳис саломнинг зиммийлар ҳақида: “Уларга бизга бўлган имтиёзлар бор ва уларга бизга қўйилган мажбуриятлар бор”, деганларида уларнинг исломдаги ҳақ ҳуқуқларини баён қилганлар. Зиммий деб ислом диёрида яшайдиган аҳли китобларга айтилади. Аҳли китоблар яҳудий ва насронийлардир.

Аҳли китоб бўлмаганлар ҳақида эса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис салом: “Уларга аҳли китобга қилинган суннатни қилинглар. Фақат аёлларига уйланмаган ва сўйишларини емаган ҳолда”, деганлар.

Демак юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики, ислом дини таълимотида эътиқодидан қатъий назар инсоннинг қадри жуда ҳам улуғдир.

Шундай экан аввало ҳар биримиз юқоридаги оят ва ҳадислардан тўғри хулоса чиқариб риоя қилишимиз, ҳамда наслимиз давомчилари келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёш авлодни соғлом эътиқодли қилиб, яъни уларни маънан етук, жисмонан соғлом қилиб тарбиялашда ибрат бўлишимиз лозим. Ана шундагина давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек; “XXI асрда қайси давлат қудратли, қайси давлат кучли бўлади? Бу саволга аҳолиси интеллектуал нуқтаи назардан баркамол, ёшлари билимли, ор номусли ватанпарвар бўлиб униб ўсаётган давлат, деб жавоб қайтариш”- деб айтганларига муносиб жавоб қайтарган бўламиз.


Киритилган вақти: 09/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2534
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/dinimizda-etiqod-erkinligi
Чоп этилган вақт: 26/07/2021 19:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг