М у р о ж а а т (Ёлғон ваъдаларга учмоққа тайёр айрим ёшларга)
Йўл-айро, турибсан овора, сарсон,
Қай бирин танлашга, балки, сен ҳайрон?!
Фикр қилгин, шошилма, борида имкон,
Кўзинг оч, биродар, ортингга бир боқ!
Ёлғон ваъдаларга учмагин зинҳор,
Бегона юртларда бўлажаксан хор.
Шундайин бир Ватан, айтгин, қайда бор?!
Кўзинг оч, биродар, ортингга бир боқ!
Мудҳиш жар устида турибсан, инон,
Бефойда, дейдилар, сўнгги пўшаймон,
Оға-ининг сенга бўлмасин душман,
Кўзинг оч, биродар, ортинга бир боқ!
Бу ерда отанг бор, ҳамда волиданг,
Муз қотган тош каби қотмасин дийданг.
Тубсиз чоҳга тушиб демагил “аттанг”,
Кўзинг оч, биродар, ортингга бир боқ!
Дунёга назар сол, қайлардир вайрон,
Гоҳ ҳуда-беҳуда тўкилмоқда қон.
Наҳот шундоқ бўлсин бизнинг хонадон...
Кўзинг оч, биродар,ортинга бир боқ!
Унутма, сен-элнинг битта фарзанди,
Кўзи ёш онанинг асали, қанди.
Сен туғилган уйнинг борми монанди?!
Кўзинг оч, биродар,ортингга бир боқ!
Заҳматкаш замин бу, тўралар бўлган,
Бир даъватга минглаб “ура”лар бўлган,
Жигар-кабоб, тана-қуралар бўлган,
Кўзинг оч, биродар,ортинга бир боқ!
Ислом, деб Исломни Яратган берди,
Ўзбекнинг ўзлигин қайтадан берди.
Баъзан қийин кунни атайдан берди,
Кўзинг оч, биродар,ортингга бир боқ!
Минг шукрким, фаровон кунларга етдик,
Боболар орзусин руёбин этдик.
Нурли бир истиқлол йўлидан кетдик.
Кўзинг оч, биродар, ортинга бир боқ!
Ҳаёт ўткинчидир, бўлмаймиз устун,
Биздан Ватан қолсин мустақил, гулгун.
Миннатдор одамлар десин ўшал кун:
Кўзинг оч, биродар,ортинга бир боқ!
Лутфуллоҳ Убайдуллаев - Каттақўрғон туман “Кичикмундиён” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 19/11/2019 11:24; Кўрилганлиги: 1513
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 14:18