Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Маданият

Дину Давлат Ҳомийси

 
 

                                                            “… Бу улуғ амир дину давлат ҳомийси, шариат ҳамда миллатнинг пушти паноҳидир”
                                                              Давлатшоҳ Самарқандий.

 Буюк ўзбек шоири мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий 1441 йил 2 феврал куни Ҳиротда таваллуд топган. Алишер Навоий 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий, араб тилларини ҳам мукаммал эгаллаган. Алишер Навоий шеъриятга ғоят қизиқиб, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди.

Назм, адабиёт, шеърият ва давлат бошқарувида катта маҳорат соҳиби бўлган Мир Алишер назмда достонлардаги каби дунёвий ва диний, сўфийликнинг долзарб масалаларини ифода қилган. Навоийнинг бир қанча диний мавзуда битилган асарлари бўлиб, уларга  “Арбаин” (“Қирқ ҳадис”), “Муножат” (“Аллоҳга илтижо) шулар жумласидан. Ҳазрат Навоийнинг деярли барча асарларида, хусусан, “Хамса” достонларининг муқаддималарида Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарга наът, муножот ва Расулуллоҳ с.а.в мадҳининг мавжудлигиёқ бу фикрни тасдиқлайди. Унинг  асарларида Алишер Навоий шариат ва тасаввуф илмининг чуқур билимдони, назариётчиси экани намоён бўлади. Масалан, “Арбаъин”да келтирилган ҳадисларга шеърий шарҳларда комил инсон ахлоқига оид қарашларни ўзида акс эттирганини кўришимиз мумкин. Бу ҳадисларда инсонлар яхшилик қилишга чорланади, ёмон иллатлардан қайтарилади, умуман олганда, улар инсоннинг ҳаёт ва жамиятдаги вазифасини англатади. Масалан, “Инсонларнинг энг яхшиси – инсонларга фойдаси тегадиганидир” деган ҳадисни Алишер Навоий туркий тилда шундай ифода этади:

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?

Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.

Яхшироқ бил ани улус ароким,

Етса кўпрак улусқа нафъ андин.

Шунингдек Алишер Навоийнинг ”Вақфия” асари унинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти, вақф қилдирган ерлари, қурдирган бинолари ҳақида маълумот берувчи, “Назму-л-жавоҳир” асари эса Ҳазрати Алининг икки юз эллик беш рақам остида тартибланган араб тилидаги ўгитларининг туркий тилда рубоий шаклида берилган талқинидан иборатдир.

Алишер Навоийнинг “Сирожу-л-муслимин” (“Мусулмонлар нури”) асари соф диний йўналишда бўлиб, ислом дини аҳкомларини ёритишга бағишланган. Асар ҳамд ва наът, китоб ёзилишининг сабаби, исломга оид фиқҳий ва ақидавий масалалар шарҳи ва хотимани ўз ичига олади. Мутафаккирнинг “Китоб назмининг сабаби” асарида аввал ақида шарҳини, сўнг фарз, вожиб, суннатни баён этишини, бундан аҳли исломга фойда бўлишини айтган:

...Ҳам эткаймен бурун шарҳи ақойид,

Ки, ислом аҳлиға бергай фавойид.

Яна ҳам фарз, ҳам вожиб, сунан ҳам,

Неки ориз бўлур яхши, ёмон ҳам...

Ҳазрати Алишер Навоийнинг авлиёлар таржимаи ҳолига бағишланган “Насойиму-л-муҳаббат мин шамойилу-л-футувват” “Мардлик хушбўйликларини таратувчи муҳаббат шабадалари”) асари шоирнинг етук мутасаввиф олим сифатидаги фаолиятини кўрсатувчи муҳим манбадир.

Алишер Навоийнинг мазкур диний йўналишдаги асарлари орқали унинг динга бўлган муносабати, эътиқоди билан бирга ислом илмларининг етук билимдони эканлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қиламиз. Бу улуғ шоирнинг ўз даври ижтимоий ҳаётида тутган ўрни нечоғлик муҳим бўлганлигини белгилаб берувчи ўзига хос омил эканлиги билан аҳамиятли саналади.

ЎМИ Сам арқанд вилоят вакили З.Эшонқулов


Киритилган вақти: 08/02/2020 13:30;   Кўрилганлиги: 1400
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/culture/dinu-davlat-homiysi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 12:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг