БУЗҒУНЧИ ИСЛОҲОТЧИЛАР
Асосий қонунимизда виждон эркинлиги кафолатланади. Муборак ҳаж ва умра сафарини ихтиёр этганлар учун кенг имкониятлар яратилди. Масжид ва мадрасалар сони эҳтиёжга яраша кўпайтирилди. Афсуски, бу неъматлардан фойдалана туриб, ношукрлик қиладиган, ғанимларимиз ноғорасига ўйнайдиган, ўз юртига қарата тош отадиган нобакор шахслар ҳам йўқ эмас. Айниқса, дунёнинг турли давлатларида бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам турли экстремистик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолат ботқоғига ботиб қолган кимсаларнинг борлиги кишини ранжитади. Ваҳоланки, Ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда хитоб қилиб шундай дейди: “... Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!(дедик)” (Бақара, 60). Шундай бўлгач, ўзлари “чин” мусулмонликни даво қилаётган террорчилар ёшларни ўз ота-онаси, ватани, халқига қарши қурол кўтаришга чақираётгани қайси тамойилга тўғри келади?!
Террорчилар Ислом динини ниқоб қилиб олиб “биз ислоҳотчилармиз”,- дея ўзларининг вайронкор ғояларига эргашмаганларни “адашганлар” дея бутун бир мамлакатни хонавайрон қилмоқдалар. Нотинч юртларда аҳоли, хусусан қариялар, аёллар ўлими тўхтамаяпти. Натижада етимлар кўпайиб, бир пайтлар буюк тамаддун бешиклари бўлган ўлкалар харобага айланмоқда. Инсонлар яхши ниятлар ила ўз қўллари билан қурган уйларини ташлаб ўзга юртларда хор бўлиб юришга мажбур бўлмоқдалар. Воҳаланки, Аллоҳ бузғунчиларни севмаслигини бундай ҳаракатлар муборак динимиз таълимотига мутлақо зид эканини Қуръони карим оятлари ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг фикирларидан ҳам англаш мумкин. Аллоҳ таоло: “Уларга Ер юзида фасод бузғунчилик қилмангиз!”- дейилса, улар “Албатта, биз ислоҳотчилармиз”,- дейдилар. “Огоҳ бўлинки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар” ( Бақара, 11-12),- дея таъкидлаган.
Ана шундай вазиятда ёшларни интернетдан тўғри, ишончли ва зарарсиз маълумотларни олишга ўргатиш керак. Яхши ёмонни фарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади. Бу борада Қуръони каримда: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун у хабарни аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот, 6)- дейилади. Ушбу оятнинг тафсирида уломолар бу вазиятда ўша маълумотнинг хақиқат экани маълум бўлгунича кутиш лозимлиги, уни шошиб қабул қилиш мумкин эмаслигини айтадилар.
Киритилган вақти: 04/10/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2833
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 02:08