Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

БОШ ҚОМУСИМИЗ БАЙРАМИ

 
 

Ҳар қандай давлат ёхуд жамиятнинг ҳуқуқий пойдевори бўлмоғи лозим. Зеро, бундай пойдевор бўлмас экан жамият, миллат таназзулга юз тутади.

Аллоҳ таоло инсонларни яратиб, уларга Рушди-хидоят йўлини кўрсатиш учун пайғамбарлар юборди. Пайғамбарлар орқали бандаларни туғри йўлга бошлаш учун китоблар нозил қилди. Одамлар пайғамбарларнинг йўлига эргашиб, Аллоҳ таолога итоат этиб яшасалар, ҳеч қачон адашмайдилар. Акс ҳолда, инсон ўз ҳолича тўғри йўлини топа олмай охир-оқибат залолатга мубтало бўлар эди. Шунинг учун ҳар бир банда дунёда осайишта ҳаёт кечирмоғи ва охиратда бахту саодатга етишмоғи учун аввало, яратган парвардигорини таниб, унга итоат этиши лозим. Шунингдек, бандаларига нозил қилган хукмларга амал қилиш ҳар бир инсон учун шарт. Бу ҳақда Қуръони каримда жуда ҳам кўп оятлар келган бўлиб, жумладан, Нисо сурасининг 59 оятида:

«Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!», дейилган.

Аллоҳга итоат қилиш, Қуръони каримга амал килиш билан бўлади. Пайғамбарга итоат қилиш у зотни ҳаётлик чоғларида ўзларига итоат қилиш билан бўлган бўлса, у зот вафотларидан сўнг суннатларига эргашиш билан бўлади. Итоатнинг яна бир кўриниши раҳбарларга итоат қилиш бўлиб, у кенг қамровли маъно касб этган ҳолда жамиятнинг барча табақаларини, хаётнинг барча жабҳаларини ўз ичига олади. Раҳбар бўлмаган жамиятда тинчлик, омонлик ва тартиб интизом ҳамда хайру-барака бўлмайди. Ҳар бир хизмат қилувчи киши ўз иш жойидаги раҳбарига итоат этмоғи лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) қуйидагича марҳамат қиладилар: «Аллоҳдан қўрқинглар! Беш вақт намозни ўқинглар! Рўзаларингизни тутинглар! Молларингизни закотини розилик билан беринглар! Сизларни бошқариб турган бошлиқларингизга итоат қилингларда, Парвардигорингизнинг жаннатига киринглар!»-дедилар.

Демак, юқоридаги оят ва ҳадисларда зикр қилинганидек, ҳар бир киши аввало Аллоҳ таоло ва пайғамбар (сав) тавсияларига қулоқ солиш ва устиларида бошлиқ бўлиб турган кишиларга итоат қилиш лозимдир.

Маълумки, 8 декабрь Конститутция куни бўлиб, шу кун байрам сифатида нишонланади. Бу йил Конститутциямиз кабул килинган куннинг 23 йиллигини нишонламоқдамиз. Конститутциямиз дин ва виждон эркинлигини махсус моддалар билан кафолатлаган. Жумладан, 31-моддада «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади, ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қуйилмайди»-деб қайд этилган. Бу эса, мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг ўз дин ва эътиқодига мувофиқ барча диний маросимлари, ибодатлари ва тадбирларини бемалол адо этиш имкониятини беради. Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида халқимиз руҳига мос келадиган имон эътиқод, адлу-инсоф , диёнат, меҳр оқибат ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатлар мужассамидир. Айнан шуниси билан барча мумин-мусулмонларга фуқаро сифатида унга тўлиқ риоя қилиш ва уни ҳурмат қилиш лозим бўлади.

Шундай экан, бу муқаддас заминда яшайдиган ҳар бир инсон Конститутциямизни ҳурмат қилиши, унда белгилаб қуйилган фуқаролик бурчларини яхши англаб олиши лозим. Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан мусулмонларга ибодатларини эркин адо этишлари учун барча шарт шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, муборак ҳаж сафарига борувчи ҳожилар учун катта қулайликлар яратилган. Икки ҳайит кунларини дам олиш кунлари этиб белгиланиши ихлосманд халқимиз учун катта бахт ҳисобланади. Бу каби неъматларга шукр қилмоқ ҳар биримизни зиммамизга вожиб. Аллох таоло : «Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир».

Азизлар, барча юртдошларимизга Бош Комусимизнинг 23 йиллик байрами муборак бўлсин. Аллоҳ таоло юртимизни бундан ҳам обод қилиб, халқимизнинг моддий ва маънавий бойлигини бундан-да зиёда бўлиб бормоқлигини муяссар айласин! Омин.

Хайрулло Саттаров

Жомбой туман бош имом хатиби


Киритилган вақти: 05/12/2015 00:00;   Кўрилганлиги: 3835
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/bosh-qomusimiz-bayrami
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 15:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг