Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

БИЗГА ТИНЧЛИК КЕРЕК, БИЗГА ОМОНЛИК КЕРАК!

 
 

БИЗГА ТИНЧЛИК КЕРЕК, БИЗГА ОМОНЛИК КЕРАК!

Суриядаги уруш қурбони бўлган ёш боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун шифокорлор қанча уринмасин, барча ҳаракатлар беҳуда кетди. Эндигина уч ёшга кирган норасида жон таслим қилиш чоғида, кўз ёшлари юзини ювиб: “Ҳаммасини Аллоҳимга айтиб бераман!” дея ҳаётдан кўз юмди. Ушбу ха­бар интернетда тарқалиб, кишилар қалбини ларзага солди ва кўпчиликни мушоҳада қилишга ундади.

Ҳар доим ушбу воқеа ҳақида уйлаганимизда, дунёнинг турли минтақаларида бўлаётган тўс-тўполонларни фикр қилиб, такрор ва такрор юртимиздаги тинчлик учун шукр қиламиз.

ШАЙТОНГА УЛФАТ КЕЛТИРАР КУЛФАТ

Ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда ҳар қандай қарама-қаршилик ва низоларни фақат тинчлик йўли билан ҳал этиш зарур. Бундан кўзланган мақсад ҳам битта, Юртбошимиз айтганларидек, Иккинчи жаҳон уруши сабаб бошимиздан кечирган қонли ва бешавқат жанглар ҳеч қачон такрорланмаслиги лозим.

Бугун диёримиздаги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка оғир машаққатлар эвазига эришилганини сира унутмаслик керак. Ўтмишдаги урушларда берилган қурбонларни ёки Сурия ва Ироқдаги ваҳшийликларни кўз олдимизга келтирсак, диёримиздаги осойишталик аҳамиятини янада чуқурроқ англаймиз.

Юртимиздаги тинчлик ҳам қанчадан қанча саъй-ҳаракатлар ва бедорликлар натижасидир. Шунинг учун хотиржамликка берилишга, сезгирликни йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Уни ҳимоя қилиш фақат муайян соҳа ходимларининг вазифаси, деган одам адашади. Балки оиламизга, фарзандларимизга фаровон юртни мерос қолдириш учун барча бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиши даркор.

Ҳаётнинг бир маромда давом этиши ва эмин-эркин ибодат қилиш учун ҳам осудалик зарур. Аллоҳ таоло тинчликни сақлаш вазифасини имон келтирган зотлар зиммасига юклаб, шайтонга улфат бўлиб, унга эргашмасликка буюради: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”(Бақара, 208).

Тафсир китобларида, “Ёппасига итоатга киришингиз” ибораси инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишларини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликнинг қарор топиши учун ҳисса қўшиш зарурлиги уқтирилади. Қуръони каримдаги “салом” ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан бўлиб, айнан бир мақсадга йўналтирилган, яъни динимиз доимо тинчликка буюради.

Инсон неъматларининг қадрини билиши, ундан ўзгалар ҳам баҳраманд ё бебаҳра эканини ўйлаб кўриши керак. Оламга назар солиб, жаҳоннинг турли ҳудудларидаги қарама-қаршилик ва зиддиятлар, қонли можароларни кўрарканмиз, осуда ҳаётнинг аҳамиятини теран англаймиз. Ҳозир Сурия ва Ироқ ҳудудида ўз отаси ҳалок бўлганини кўрган фарзанд ёки боласини йўқотган мусибатзада она тинчликни қанчалар орзу қилишини тасаввур этиш лозим. Шунда инсон хотиржамлик неъмати учун Аллоҳга янада кўп шукр қилади ва уни асраш кераклигини тушинади.

Бироқ анашу неъматнинг қадрига етмайдиган, юртимизда ҳукм сураётган тинчликни кўролмайдиган қора кучларнинг борлиги ҳеч кимга сир эмас. Диннинг инсон ҳаётида қанчалик катта аҳамиятга эга экани, унинг кишини бошқаришдаги салоҳияти кучли экани исбот талаб қилмас ҳақиқат. Буни яхши англаган ғаразли кучлар ўзларининг қабиҳ мақсадларини амалга оширишда динни ниқоб қилиб, қўпорувчилик қилишга уринмоқдалар.

Бугун дунёда фитналар кўпайиб, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар Исломга путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фитна-фасод ва ботил эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Жаҳонда рўй бераётган қонли воқеалар, уруш ва можаролар бизларни бепарво бўлмасликка, юртимиздан ташқарида, деб анашу фитналарга хотиржам қарамасликка ундайди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам фитналар ёмонлигидан паноҳ тилашга буюрганлар ва уламолар шундай дуо қилишган: “Ё Аллоҳ! Диндан қайтишдан ё фитнага мубтало бўлишдан Сендан паноҳ тилаёмиз” (Имом Бухорий).

Аллоҳ таоло дин душманларининг фитналаридан огоҳ қилиб, бундай дейди: “Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўзларни сотиб олурлар. Ана ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир”.

Демак, ҳар бир мусулмон жоҳил кимсаларнинг тафриқа солиш, бузғунчи фикрларни тарқатиш каби қинғирликлардан эҳтиёт бўлиши зарур.

Шунингдек, мўмин киши бировларнинг алдовига учмаслиги ва хушёр бўлиши кераклиги кўп бор таъкидланган. Набий (алайҳиссалом): “ Мўмин зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади”, деганлар.

Динимизда фатонат сўзи зийрак ва огоҳ бўлишни англатади. Манашу фатонат сифати, омонат, садоқат сифатлари ҳар бир мўмин-мусулмонда бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам буюк мутафаккир олим Жалолддин Румий огоҳлиги йўқ кимсани руҳсиз жасадга тенглаб: “Ғофилу мурда, иккови бир-да”, дейдилар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алаҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Мўмин (банда) бир чуқурга икки марта йиқилмайди” (Имом Бухорий). Бу ҳадис ҳақида уламолар: “бу ҳадис дарак гап бўлса-да, аммо маъноси буйруқни ифодалайди. Яъни, унда мўмин эҳтиёткор, ақилли ва зийрак бўлсин, ғафлатда қолмасин, кетма-кет алданиб қолмасин”, деганлар.

Бошқа уламолар: “Бу ерда комил мўмин ҳақида гап кетмоқда. У келиши мумкин бўлган зарардан эҳтиёт бўлади. Аммо ғофил мўмин эса бир неча бор алданиб қолиши мумкин”, дейишган.

Демак, мўмин одам илм, ақл, тажриба ва фаросатда бошқалардан устун бўлиши керак. У ишларнинг қайсиниси фойдали, қайсиниси зарарли эканини олдиндан кўрабилиши лозим. У лақма бўлмаслиги, ғанимларнинг алдовлари ва ширин ваъдаларига учмаслиги шарт.

Шунинг учун уламолар, имом-хатиблар доимо тинчликни бош шиор қилиб олган Ислом динини пок сақлаш, уни турли хуружлар, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш чораларини кўришлари энг муҳим вазифалардан бўлиши зарур.

“Айрим жойларда қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар авж олаётгани, фашизм деган бало яна бош кўтараётгани, миллатчилик, шовинизм каби хавфли офатлар майдонига чиқаётгани, бир сўз билан айтганда, вазият тобора кескинлашиб, хавф-хатарлар ортиб бораётгани барчасизни ташвишга солмасдан қўймайди”. Ислом Каримов

Бепарволик – оғир мусибат

Халқимиз имом-хатибларни дин пешвоси дея улуғлайди, уларнинг айтганларига қулоқ тутади. Шунинг учун имом-хатиблар Аллоҳ таолонинг “(Эй Муҳаммад,) Роббингиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..” (Наҳл, 125) деган буйруғига амал қилган ҳолда ислом маърифатини тарқатиб, кишиларни доимо ҳушёрликка чақиришлари керак. Шу нуқтаи назарда имом-хатибларга қуйидаги тавсиларни берамиз.

Биринчидан, 2015 йил 9 май куни пойтахтимиздаги хотира майдонида Юртбошимиз таъкидлаганларидек, Иккинчи жаҳон уруши даврида халқимиз бошдан кечирган қонли ва бешафқат уруш бошқа ҳеч қачон қайтарилмаслиги учун бундай фожеа ва қирғинларнинг олдини олиш лозим. Бу йўлда имом-хатиблар тинимсиз кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб боришлари зарур. Зеро, тинчлик бор жойда ривожланиш бўлади, ибодатда ҳаловат бўлади.

Иккинчидан, бугунги глобаллашув жараёнида узоқ ва яқин-атрофимизда вазият хатарли тус олаётгани барчамиздан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб қилмоқда. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг “Мўмин зийрак, эҳтиёткор ва оқил бўлади”, деган ҳадисларига мувофиқ имом хатиблар мўмин киши доимо сергак ва огоҳ бўлиб яшашини ҳаммага уқтиришлари зарур.

Учинчидан, дин душманларининг кўринмас қўлида қўғирчоқ бўлаётган ақидапарст кучларнинг пуч даъватларига нисбатан халқимиз онгида мустаҳкам иммунитет ҳосил қилиш, барчани ботил ғояларга қарши курашишга ўргатиш имом-хатибларнинг энг асосий вазифасидир. Айниқса, бу ишларда диққат қаратиш лозим бўлаган бўғин ёшлар эканини зинҳор унутмаслик керак.

Тўртинчидан, дин инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга экани ҳақиқат. Буни яхши англаган дин душманлари ўз қабиҳ мақсадларини амалга оширишда динни ниқоб қилмоқдалар. Бундай пайтда имом-хатиб ақл-заковат ва фаҳм-фаросатни ишга солиб, Яратганнинг: “Уларга: “Ерда фасод-бузғунчилик қилмангиз!”, дейилса, улар: “Албата, биз чин ислоҳчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин буни сезмайдилар” (Бақара, 11-12) деган огоҳлантиришини мўмин-мусулмонларга етказиши лозим.

Бешинчидан, халқимиз, айниқса, ёшларни тинчликнинг қадрига етишга чақириш, уларни дунёда кечаётган даҳшатли воқеларнинг асл сабабларини тушунтиришда имом-хатиблардан алоҳида фаоллик талаб этилади. Маҳалла гузарлари, ўқув юртлари ҳатто шифоханалар ва меҳрибонлик уйларида ҳам Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг: “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз”, деган ҳадислари маъносига мос равишда имом-хатиблар дин ишида пешво эканини унутмаган ҳолда меҳнат қилишлари керак.

Ўрни келганда айтиш жоизки, мўмин-мусулмонлар ҳам Аллоҳ таолонинг “Бас, (Эй Муҳаммад,) менинг шундай бандаларимга хушхабар беринг, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18), деган амрига итоат этишлари, тўғри йўлдан асло чалғимасликлари кераклигини таъкидлаймиз.

Зеро, комил имонли киши насиҳат қилувчи улуғлар ва пешволарга яқин бўлади. Бу ҳақда Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “Барака улуғларингиз билан биргадир”, деганлар.

Дунё халқларининг энг эзгу хоҳиш-иродаси битта. У ҳам бўлса, ҳеч қачон, ҳеч қаерда уруш бўлмасин, оналар оҳ-зор чекмасин, гўдаклар нола қилмасин. Бунинг учун эса тинчликни фақат орзу қилиш эмас, балки осуда ҳаёт учун тинимсиз курашиш талаб этилади.

Айдарбек Тулепов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Ҳидоят журналидан олинди


Киритилган вақти: 23/12/2015 00:00;   Кўрилганлиги: 3157
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/bizga-tinchlik-kerek-bizga-omonlik-kerak
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 16:40
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг