Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Азоннинг илоҳий кучи

 
 

Шу йил, 5 август куни ҳаётимдаги қувончли кунлардан бири бўлди. Бобо бўлдим. Аллоҳга шукр, Яратган Эгам мени ўғил набира билан сийлади. Чақалоқ туғилганидан 4-5 кун ўтиб, набирамнинг қулоғига азон айтиш учун қизим яшаётган хонадонга бордик. Қизим биринчи фарзандини дунёга келтиргани учун биз катталар қизим ва куёвимга фарзанд тарбияси ҳақида керакли маслаҳатларни бердик. Чунки, дунёга келган бола ҳаётининг  дастлабки йили парвариш борасида ўта масъулиятли давр ҳисобланади. Чунки ана шу даврда боланинг жисмоний ва ақлий ривожланишига асос солинади. Бу эса оналардан фарзанд тарбиясида ниҳоятда эътиборли бўлишни талаб этади.

Чақалоқ турган хонада телевизор, радио, уяли алоқа воситалари, ўткир нур тарқатувчи лампалар бўлмаслиги, чақалоққа фақат тинчлик ва она алласи зарурлиги ҳақида маслаҳат бердик. Айнан чўнтак телефонининг зарари ва ундан тарқаладиган нурлар ўта хавфли экани, зарур бўлган тақдирда ҳам ташқарига чиқиб гаплашиш ҳақида қайта-қайта тайинладик. Шундан сўнг набирамнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтишни бошладим. Баланд бўлмаган овозда “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар”, дея азон айтар эканман, дунё юзини кўрганига ҳал кўп бўлмаган мурғакгина гўдак менга тикилиб қараб турар, Азон овозини жон қулоғи билан тингларди. Бу бежиз эмас, чунки Аллоҳ таоло инсон ҳали туғилмасидан олдин, она қорнидаёқ унда эшитиш, кўриш ва қалб пайдо қилади. Бунинг далили сифатида ушбу ояти каримани ёдга оламиз:

ثُمَّ سَوَّاهُ وَنَفَخَ فِيهِ مِن رُّوحِهِ وَجَعَلَ لَكُمُ السَّمْعَ وَالْأَبْصَارَ وَالْأَفْئِدَةَ قَلِيلاً مَّا تَشْكُرُونَ

Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади. У сизларга қулоқ, кўзлар ва диллар пайдо қилди. Камдан-кам шукр қилурсизлар” (Сажда, 9).

Муфассирлар, ояти каримадаги “қулоқ” калимаси - она қорнидаги болада Аллоҳ таоло тўлиқ эшитиш хусусиятини яратганига далолат, дейдилар. Яъни, гўдак ҳали она қорнидаёқ эшита бошлайди. Демак, дунёга келганда ҳам овозларни тўлиқ эшитади, деб хулоса қилинади. Чақалоқ қулоғига азон билан такбир айтишдан мақсад, бола дунёда биринчи эшитадиган овоз ва сўз Аллоҳнинг муборак исми бўлишидир. Шунингдек, ушбу азон ва иқомат сабабидан бола турли бало ва дардлардан саломат қолади, унга шайтон таҳдид қилмайди. Чунки шайтон азон овозидан тумтарақай қочади.

Ҳасан ибн Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фарзандли бўлса, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтса, унга уммус сибён зарар бермайди”, дедилар. Ҳадисдаги "уммус сибён" шайтон бўлиб, у болаларга зарар ё касаллик келтиришини муҳаддислар айтишган.

 Азон ва такбирни айтиб бўлгач, чақалоқ қаршисида ўтириб қўлларимизни дуога очдик ва “Сен обод Ватанда, ислом фитратида, тарбияли оилада дунёга келдинг. Илоҳо, умринг узун, ризқинг бутун бўлсин. Ота-онанга, жонажон Ватанимизга, муборак динимизга хизмат қиладиган, ватанпарвар йигит бўлиб етишгин” дея  дуо қилар эканман, қуйидаги мисраларимни дуога хотима қилдим.

Сени кутмоқда буюк келажак,

Бешикда ухлаб улғай болажон.

Обод Ватанинга хизмат қилгувчи,

Сен бўлгин мард ва жасур ўғлон.

Ғулом ДУВЛАЕВ - Каттақўрғон туман “Қировул” жоме масжиди мутаваллиси                    


Киритилган вақти: 05/12/2019 13:45;   Кўрилганлиги: 1461
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/azonning-ilohiy-kuchi
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 00:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг