АЙРИЛИБ ҚОЛДИК
Тақдир азал шу экан асли,
Улуғ байрам, олтин куз фасли,
Амир Темур, Бухорий насли,
Юртбошидан айрилиб қолдик.
Етти ёшдан етмиш ёшгача,
Ҳатто тупроқ, тоғу тошгача,
Эҳ, аттанг, деб йиғлар бошқача,
Юртбошидан айрилиб қолдик.
Белга ишонч белбоғин туйган,
Ватаним деб, элим деб куйган,
Боламизни бизданда суйган,
Юртбошидан айрилиб қолдик.
Дам олмади бир соат, бир он,
Яшнасин деб ҳур Ўзбекистон,
Тинчлик учун фидо қилган жон,
Юртбошидан айрилиб қолдик.
Асло қўрқмай ўнгу-сўллардан,
Ҳимоялаб жоҳил қўллардан,
Олиб ўтган тўғри йўллардан,
Юртбошидан айрилиб қолдик.
Ҳатто Каъба ичида ҳам у,
Ўз халқига дуо қилдику,
Воҳасрато, не кўргилик бу,
Юртбошидан айрилиб қолдик.
Бахту иқбол энди кулганда,
Йигирма беш йиллик бўлганда,
Ҳижрий саксон ёшга тўлганда,
Юртбошидан айрилиб қолдик.
Хайр энди, хайр-алвидо,
Сиз азиздан биз бўлдик жудо,
Раҳматила ғарқ этсин Худо,
Юртбошидан айрилиб қолдик.
Боқоний дер дуо қилайлик,
Юртбошига жаннат тилайлик,
Ўгитларин олтин билайлик,
Юртбошидан айрилиб қолдик.
Киритилган вақти: 05/09/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3335
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 22:37