Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

АХБОРОТ АСРИ ТАҲЛИКАЛАРИ

 
 

Барчамизга маълумки, кўпчилик инсонлар бебаҳо умрни, вақтни қадрлаб, илму фандан яхшилик билан унумли фойдаланиб, қадр топдилар ва топаяпдилар. Халқимизда гуруч курмаксиз бўлмайди деганидек айрим инсонлар бу умрни, вақтни бефойда нарсалар билан, финта фасод ишлар билан зое қилиб, икки дунёда ҳам ўзларини хору зор қилмоқдалар. Муқаддас динимиз ҳар хил гуруҳ бўлиб, одамлар ўртасида фитна фасод қилишликни мутлақ қоралайди.

Ҳозирги кунда мафкуравий-ғоявий жиҳатдан диний асосга таянадиган турли инқилобий ҳаракатлар дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларида митинг, иш ташлаш, намойиш, йиғин, исёнлар ва аҳолининг турли табақаларидан иборат жамият билан ҳокимият ўртасида ҳарбий қуролли тўқнашувлар тусида амалга оширилмоқда. Шахс ва жамият, диний маслак ўрни тўғрисида тўғри тасаввурга эга бўлмаган ёш йигит-қизлар кўпинча ана шундай инқилобий тўс-тўполонлар ғилдирагини айлантиришга кўмаклашмоқда.

Бузғунчи ғояларнинг тез тарқалишига сабаб бўлаётган ижтимоий тармоқлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир этаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солмоқда. Бугунги кунда ёш авлоднинг аксарияти ижтимоий тармоқлардан фойдаланишади. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар интернетга кирувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиш ва маълумот алмашишлари учун жуда қулай воситадир.

Ўтган йиллар давомида ижтимоий тармоқлар ривожланиб, такомиллашиб борди. Илк босқичда улар ёрдамида фақат ёзишмалар амалга оширилган бўлса, сўнгги йилларга келиб, иштирокчилар мусиқа ва видео файлларни қўшиш ва кўчириш имконига ҳам эга бўлишди. Интернет саҳифаларидаги айрим ҳаё, одоб-ахлоқ, андиша каби миллий урф-одатларимизга хилоф мазмундаги нарсалар оила тинчлиги, мустаҳкамлиги ва фаровонлигига ҳамда фарзандларимиз тарбиясига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Биз учун оила муқаддас ҳисобланиб, ундаги тартиб-қоидалар долзарб аҳамиятга эга. Умуман, оилада ўрнатилган ўзига хос қоидалар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Масалан, Марказий Осиё ҳудудига ислом дини ёйилгач, оилага доир қонун-қоидалар ушбу дин таълимотлари асосида шаклланди. Яъни, оилада эрнинг мавқеи баландлиги, шу билан бир қаторда, хотин ҳам тенг ҳақ-ҳуқуқларга эга экани, фарзандлар билан ота-оналари ўртасида одоб, ҳурмат чегараси борлиги, ўзаро яхши муомалада бўлиш кабилар.

Ижтимоий тармоқдаги турли кимсалар азалдан шаклланиб келаётган ана шундай қоидаларни фарзандлар онгида ўзгартиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу билан уларни ўз ота-оналарига қарши қилиб қўйишмоқда. Натижада ана шундай руҳда катта бўлган ўғил-қизлар вақти келиб, оила қурганларида ҳаёт синовларига чидолмасдан, енгил ҳаётни афзал кўриб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.

Бизларга ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб ота-боболаримиз Имоми Аъзам мазҳаби кўрсатмаларига риоя қилиб келганлар. Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдирганлар. Халқимиз ҳам шу мазҳаб йўл-йўриқларига амал қилишга ўрганиб қолганлар. Уларга бошқа мазҳаб ҳукмларидан гапирилса ёки бошқа мазҳабдаги мусулмонларнинг бошқача намоз ўқиётганликларини кўрсалар, таажжубга тушишлари табиий.

Аммо ақидапараст оқим тарафдорлари диёримиз мусулмонларининг ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли манбалардан ўқиган ёки эшитган бошқа мазҳабларга оид ёки динимиз таълимотларига зид фикрларни оммага тарқатиб, мўмин-мусулмонлар орасида иккиланишларни келтириб чиқаришмоқда. Ҳатто, бу борада бошқалар билан баҳс-мунозараларга ҳам киришадилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсаларга эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (Исро, 36).

Мустақиллик йилларида динимизга берилган имкониятларни, афсуски, суиистеъмол қилган баъзи ёт тоифа ва фирқалар кишилар ўртасида турли ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлдилар. Буни биринчи бўлиб, ўзини «соф ислом таълимоти ҳимоячиси» сифатида таърифлаган оқимлар бошлаб берди.

Бу оқимлар ўзининг илк фаолиятини ҳанафий мазҳаби кўрсатмаларига қарши курашишдан бошлади. Улар ҳаёт моҳиятини ҳали англаб етмаган, ғўр ёшларни ўз таъсирига торта бошладилар. Чунки умри давомида маълум мазҳабда ибодат қилиб келган, кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган кексаларни йўлдан оздириш улар учун маҳол эди. Бу оқим динга эътиқод қилишда ҳеч қандай мазҳабга ёки имомга эргашишни шарт қилмайди. Қуръон ва ҳадисдан ҳар ким ўзи мустақил фатво олиб эътиқод ва ибодат қилиши лозим, деган даъвони илгари сурди. Шунингдек, асосий ҳужумни масжид имомларини танқид ва айблаб, соддадил ва ғўр мусулмонларни ўз ортларидан осон эргаштирди.

Лекин улар ўзлари қилаётган даъволарига зид равишда, «раҳнамо»ларининг фикри ва фатвосига қараб иш тутардилар. Биринчи ихтилоф намоз ибодатини адо қилиш борасида юзага келди.

Мусулмонлар «Аҳли Сунна вал-Жамоа» сифатида бирор-бир мазҳабга эргашишлари лозим. Аммо ихтилоф юқорида зикр қилинган «аҳли илм»лар ўйлаганидек, фақат намоз масаласида бўлиб қолмади, балки у мафкуравий зиддиятга айланиб кетди. Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабига зид тарзда, ўзгаларни кофирга чиқариш, Аллоҳга ширк келтиришда асоссиз айблаш каби бузуқ ақидаларни тарқата бошладилар.

Хўш, оқим аъзоларининг бундан мақсадлари нима эди? Нима учун кофирликда айблаш улар учун керак бўлиб қолди? Шу ўринда дунёдаги қўпорувчи оқимлар учун хос бўлган ва бир-бирига боғлиқ икки иллат тўғрисида тўхталиш ўринли:

1. Кофирликда айблаш.

2. Кофирларга қарши кураш – уруш эълон қилиш.

Бундай иллатлар барча бузғунчи оқимларда учрайди. Зеро, бузғунчилар ўз тарафдорларини ғоявий жиҳатдан бошқалардан ажратиб олиш мақсадида ўзига эргашмаганларни кофир деб айблайдилар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида одамларни «кофир» деб ҳақоратлашдан қайтариб шундай деганлар:

“Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир! деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар, (яъни, агар кофирликда айбловга ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади, башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади).

Шунингдек, бузғунчилар инсонлар орасида фитна қўзғаш, парокандаликни юзага келтириш ҳамда шу орқали ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш учун турли хил услуб ва воситалардан фойдаланмоқда. Шулардан бири, маълум бир давлатни «куфр диёри» деб атаб, у ердан «ҳижрат» қилиш лозим, шунингдек, бундай «куфр диёрлари»га қарши уруш олиб бориш керак, деган ғоядир. Ваҳоланки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам «Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ »деганлар.

Бундан мақсад ўз юртида тинч ва осуда яшаб турган дили пок одамларнинг кўнглига ғулғула солиб, «сизлар нотўғри йўлдасизлар» деб, уларни ўз юртидан кетиб, жангариларга қўшилишлари учун ўйлаб топилган ёлғон йўл саналади. Чунки Ислом давлатига ўз армиясини аскарлар билан тўлдириш учун ёшлар керак, улар инсоний заҳираларини тўлдиришлари даркор. Бинобарин, мазкур бузғунчи ташкилот аъзолари ҳижратни ўз қора мақсадларига мос равишда талқин қилиб, масжидларда жамоат билан беш маҳал намоз адо этилиб турган, мусулмонлар ислом арконларига эмин-эркин амал қилиб келаётган мамлакатларни ҳам «дорул ҳарб» (уруш диёри) ёки «дорул куфр» (куфр диёри)га чиқармоқдалар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида бардавом айласин.


Киритилган вақти: 21/01/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2605
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/axborot-asri-tahlikalari
Чоп этилган вақт: 26/07/2021 19:12
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг