Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ақийда

Буюк аллома Абу Мансур Мотуридий насиҳатлари

 
 

Шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий тахминан 870 йили ҳозирги Самарқанд вилоятининг Мотурид қишлоғида туғилиб, 975 йили вафот этган. У Самарқанднинг Чокардиза қабристонига дафн этилган. Мотуридий хусусий муаллимларда, сўнгра эса Самарқанд мадрасаларида таҳсил кўрган. Олим умр бўйи Самарқанд мадрасаларида мударрислик қилган. Мотуридий “Китоб – ат тавҳид”, “Китоб ал-усул”, “Таъвилот ал Қуръон” (Қуръон тафсири) cингари ўнлаб илмий-назарий асарлар, “Насиҳатнома” асарлар муаллифидир. Буюк олимнинг ислом таълимоти софлигини асрашда хизмати катта. Навоий “Насойим-ул-муҳаббат”да Мотуридийнинг руҳий-илоҳий қудрати ҳақида алоҳида ҳикоят келтирган. Унинг “Насиҳатнома”си Х аср Насиҳатномасининг энг яхши намуналаридан бўлиб, китобхонни илм ўрганишга, касб эгаллашга, яхши хулқ эгаси, инсонпарвар, ширинсухан, саховатпеша бўлишга ундайди.

Қуйида ушбу асардан таржимани эътиборингизга ҳавола этамиз.

БИРИНЧИ БОБ 

- Худога такя қилмоқ керак. Нимани хоҳласанг У беради.

- Уни асра, У ҳам сени асрайди.

- У берганни ҳеч ким тортиб ололмайди.

- Унга ким итоат этса, ҳамма унга фармонбардор бўлади.

- Кимдаким Ундан қўрқса, бошқалар сендан қўрқишади.

- Тавҳидни умринг сармояси деб бил.

- Дунёпараст бўлма, Худонинг душманини севган бўласан.

- Чин эътиқод безавол ганждир.

- Мартабани сабрдан изла.

- Қуролингни илмдан яса.

- Саховатпеша бўл.

- Фақирликни фахр бил.

- Охират йўл озуқасини тақводон кўзла.

- Охират йўлини тақводан қур.

- Ибодатдан шодлик иста.

- Ростгўйликда камол изла.

- Ўлимни асло унутма.

- Шодликни ибодатдан кўзла.

- Ҳақ ҳукмига рози бўл.

- Фаришталар, Расули акрам ва Аллоҳ китобини ҳурмат қил.

- Ҳақ сўзини имон бил.

- Яхшилар билан дўстлаш.

- Ўзингдан қочиб Ҳаққа етгин.

- Ҳалолни-ҳалол, ҳаромни-ҳаром билишга ўрган.

- Душманга озор берма, аммо қўлингдан келса маҳв эт.

- Хорлик истасанг хиёнатчи бўл.

- Беъманилардан ҳазар қил.

- Нодонни тирик санама.

- Сабрли бўл, муродингга етасан.

- Ҳар бир ишда ҳамкор изла.

- Ўзликни англашни буюк хислат бил.

- Донишингни хор қилма.

- Кам гапир, оз егину кам ухла.

- Хилофкорликдан қоч, Аллоҳдан ноумид бўлма.

ИККИНЧИ БОБ

- Тақвони қўрқмас аскар бил.

- Доно кўринган нодондан ҳазар қил.

- Илмда ҳаммадан камтар бўл.

- Ўрган ва ўзгаларга ўргатгин.

- Эшитмаган нарсанг ҳақида гапирма.

- Бировга ҳаддан ташқари танбеҳ ҳам берма, беҳудага мақтама ҳам.

- Қулоғинг билан эшитганингни маҳкам тут.

- Рост гапиру ўзгаларнинг айбини ковлама.

- Сўрамасалар жавоб берма, айтмаган жойга борма.

- Харид қилинмайдиган нарсани сотма.

- Олинмайдиган нарсани сотма.

- Калтак емайин десанг, бегуноҳга қўл кўтарма.

- Яхшиликни жондан изла.

- Ўзгалар қалбини овламоқчи бўлсанг, яхшилик қилишга одатлан.

- Балони такобирлик натижаси бил.

- Қалбингни ҳасад ўти билан куйдирма.

- Балодан ибрат ол.

- Ҳамиша сир асровчи бўл.

- Жафопеша бўлма.

- Меъёри билан егин, низоми билан гапиргин.

- Хушхулқ ва беозор бўл.

- Тавфиқни Худонинг фазилати бил.

- Кишиларга қаттиқ гапирувчи бўлма.

- Бойликни иқбол бил, уни харж этмасликни эса бадбахтлик бил.

УЧИНЧИ БОБ

- Ҳар кимнинг нонини ея берма, аммо  ҳаммага нон едир.

- Молу давлат орқасидан югурувчи бўлма.

- Ҳақ хикматини илмингдан афзал бил.

- Илмингни эҳтиёт қил.

- Аллоҳ ҳикматини ўз билимингдан юксак бил.

- Ўзингни таъриф этишдан сақлан.

- Ҳамиша Аллоҳ шукронасида бўл.

- Жонни омонат бил.

- Аллоҳни ҳамиша бергувчи, деб бил.

- Умрингни иноят бил.

- Тадбирни тақдир билан боғла.

- Соғликни ғанимат бил.

- Охири зиён келтирадиган фойданинг атрофида ўралашма.

- Ажални ҳеч қачон фаромуш қилма.

- Илм ўрганишдан асло тинчима.

- Калондаҳанлик қилма.

- Насияни мол деб билма.

- Мартабаю иззатни илмдан изла.

- Шаҳват асири бўлма.

- Афв этмоқни ҳеч кимдан дариғ тутма.

- Рост йўлда енгилтаклик қилма.

- Сулҳнинг иложи бўлмаса, жанг¬дан қочма.

- Душманни ҳақир билма.

- Дўстинг минг бўлса ҳам кам.

- Ҳар қандай душмандан эҳтиёт бўл.

- Сендан қўрққандан сен ҳам қўрқ.

- Душманингнинг душмани билан дўст тутин.

- Дўстларингнинг дўстлари орасида бўл.

- Дўстингнинг душманидан ғофил бўлма.

- Раҳмсизга шафқат қилма.

- Нокасдан қарз олма.

- Аждодларинг қадрини эъзозла.

- Жоҳил зоҳидга инонма.

- Омонатга хиёнат қилгувчи бўлма.

- Синамаган одам билан сафарга чиқма.

- Ҳирсу хусуматни нажосат бил.

- Ўз мисқолингни ўзгалар ботмонидан афзал бил.

- Одамларнинг олдида нима десанг, орқасидан ҳам ўшани гапир.

- Бировнинг молига муҳтож экансан, билгилки, унинг қулисан.

ТЎРТИНЧИ БОБ

 - Беҳудаликни офатларнинг боши бил.

- Бировнинг миннатини кўтару, миннат қилгувчи бўлма.

- Тилингни ҳамиша дашномдан тийгил.

- Ҳожат чиқаришни буюк иш деб бил.

- Яхшилик қилганингни айтиб юргувчи бўлма.

- Ёмонликни офатларнинг боши, деб бил.

- Ёмонларга ёрдамлашма.

- Дўстларингни ёмонлагувчи бўлма.

- Ёмонларни ўзингга йўлатма.

- Душманинг билан иноқлашган дўстдан қўрқ.

- Ўзгалар ғамидан хурсанд бўлма.

- Сенга иши тушган одамни ранжитма.

- Туҳмат бор жойдан қоч.

- Ота хатоси учун танбеҳ берма.

- Султонга густоҳлик қилма.

- Дарвеш қардошингни шод тут.

- Ғамгусор бўладигангагина дардингни айт.

- Шаробу таомни кам е, кўпини ўзгага бер—эсин.

- Халқ билан шундай яшаки, улар ҳамиша сен билан бўлишсин.

- Шуҳратмандликда ўзингдан кетма.

- Бировларнинг ғамидан шодланувчи бўлма.

(давоми бор....)

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Қуръоншунослик йўналиши

1-босқич магистранти

Тожиддинов Абдусамад Абдулбосит ўғли

Манба: muslim.uz


Киритилган вақти: 21/02/2020 16:10;   Кўрилганлиги: 2098
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/aqidah/buyuk-alloma-abu-mansur-moturidiy-nasihatlari
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 13:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг