Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигига ҳам боғлиқми?
Ҳаттоки ота-она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги матлуб.
Ота-она зулм қилиб турибди, лекин агар фарзанд ўша зулм қилган ота-онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота-онасини норози қилса, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандадан норози бўлар экан.
Аммо ота-онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. Яъни, Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишларда ота-онага итоат қилинади. Аммо ота-онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.
Машҳур ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори ота-онага зулм қилсалар ҳам яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасида «Бу айни камолдир. Аммо жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажраш ҳақида амр бўлса уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам», деган.
Имом Тоҳавий: «Фарзанд мубоҳ нарсаларда буйсунади. Наҳий қилинган нарсаларда эмас», деган.
Тоҳир Фатаний: «Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, охират ишларида эмас», деган.
Хулоса шу, фарзанд қуйидагини эсидан чиқармаслиги керак:
- Ота-онага яхшилик қилиш зарур эканлиги.
- Ота-онага яхшилик қилган киши охиратда мукофот олиши.
- Ота-онага яхшилик қилган кишига жаннат эшикларидан икки эшик очилиши.
- Ота-онадан бирига яхшилик қилган кишига жаннатдан бир эшик очилиши.
- Ота-онанинг ғазабини чиқарган одамдан Аллоҳ таолонинг ғазаби чиқиши.
- Ота-она розилигини топган одам Аллоҳ таолонинг розилигини топиши.
- Ота-она зулм қилган бўлса ҳам, фарзанд уларга бари бир яхшилик қилавериши лозимлиги.
Бобохон БОБОХОНОВ, Самарқанд шаҳар “Хўжа нисбатдор” жомеъ масжиди имом-хатиби.
Киритилган вақти: 26/12/2019 11:19; Кўрилганлиги: 1239
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 08:07