Аллоҳим бандам дегин
Азал азалдан халқимиз орасида бир сўз бор. Бу сўз асрлар оша ота-боболаримиздан халқимизга мерос бўлиб келмоқда. Бу сўз шундай сўзки, инсонни нафақат халқ орасида, балки яратган Роббимиз ҳузурида ҳам юксак мақом, мартабага эга бўлишидан далолатдир. Бу “Аллоҳим бандам десин” ёки “Яратган Рообим бандам дегин” деган сўздир. Ҳақиқатдан ҳам бу сўзни жуда кўп эшитгнамиз. Кекса отахону-онахонларимиз билан бирга ўтирсак, улар сўзларида ёки дуоларида албатта “Худойим ўзинг бандам дегин” деган гапни албатта қўшадилар. Юртимизнинг қайси бир гўшасида бўлмасин бирор бир таъзия бўлган хонадонга кириб таъзия билдирсангиз улар хонадон эгалари албатта “Ўзи бандам десин” деб жавоб берадилар.
Бу сўзни асл моҳиятини ўрганар экансиз, унинг қандай бир ажойиб мартаба эканига хувоҳ бўласиз. Чунки Аллоҳ таоло ҳар кимни ҳам банда мақомига лойиқ кўрмас экан. Агарда шу мақомга бирор инсонни лойиқ кўрса, демак у Аллоҳ наздида улуғдир, у инсон буюк Роббисининг инъомига сазовор зотдир десак адашмаган бўламиз. Чунки Аллоҳ таоло ҳатто Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламни ҳам Қуръон каримнинг баъзи оятларида Набий, Расул ёки Муҳаммад демасдан арабча “Абду” яъни “Банда” сўзи билан баён қилган. Жумладан, Исро сурасининг 1-оятида шундай марҳамат қилади: “Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта у эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир”. Оятдаги “Ўз бандаси”дан мурод Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламдирлар. Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳга ҳақиқий банда бўлиш юксак бир мақомдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳнинг биндаси эканликлари билан фахрланганлар. Ушбу оятда у зотнинг номлари айтилмай, “Ўз бандаси” ибораси ишлатилиши ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам учун фахр ҳамда энг оғир пайтларида тасалли бўлган.
Шунингдек “Каҳф” сурасининг илк оятида ҳам Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ўз бандасига китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин”. Ояти каримадаги Ўз бандасидан мурод Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида Аллоҳ таоло Пайғамбарларини ва ўзи суйган инсонларни ўз исмларибилан эмас, балки банда сўзи билан зикр қилган.
Демак биз ҳам яратган Роббимизга чин дилдан, ихлосу-эътиқод билан ибодат қилишда давом этсак Меҳрибон ва карами кенг бўлган зот бизни ҳам ўзи зикр қилган солиҳ бандалари қаторига қўшади албатта.
Абдуғани Ҳасанов Самарқанд шаҳар “Шоҳи-Зинда” жоме масжиди имом-ноиби
Киритилган вақти: 16/04/2020 08:29; Кўрилганлиги: 1121
Чоп этилган вақт: 19/01/2025 22:13