Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ЗАРАРЛИ ИЛЛАТЛАРДАН САҚЛАНАЙЛИК!

 
 

Сайёра опа ўзи шошиб турган бўлишига қарамасдан, қўзғалаётган автобусга ошиқмади. Ваҳоланки, автобусда бўш ўриндиқлар бор, бемалол ўтириб кетиши мумкин эди. Уни транспортга чиқишдан тўсган нарса – ҳайдовчининг қўлида тутатиб турган тамакиси борлиги эди.

Сайёра опа бу автобусга бундан аввал ҳам бир неча марта чиққан: автобус ҳайдовчисининг ҳеч кимнинг риоясини қилмай, бурқситиб тамаки тутатиб кетишидан хабари бор эди. Йўловчилар орасида аёллар бўладими, кекса ёшдагилар, ёш болаларми унга фарқи йўқ. Юрак ютиб, эътироз билдирганларга эса жаҳл ҳам қилиб қўярди.

Аслидаку, жамоат транспортларида чекиш тақиқланганлиги тўғрисида ҳамма билади, лекин бу талабни йўловчилар эмас, балки айрим ҳайдовчилар бузаётганлиги ҳайратлантиради кишини. Чекиш ақалли ҳайдовчининг ўзига фойдали бўлганида ҳам буни тушуниш мумкин эди. Аммо бу иллат барча учун кони зарар эканлигини ҳамма яхши тушунади.

Аллоҳ таоло инсонга ҳаётни омонат қилиб бергани, уни то сўнгги нафасигача эҳтиёт қилиш масъулиятини кўпинча кишилар англаб етмайдилар, ёки эътиборсизлик қиладилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат бор-ки, инсонларнинг кўпи уларнинг қадрига етмайди: саломатлик ва бўш вақт”.” (Имом Бухорий ривояти).

Баъзи иллатлар борки, унда фақат эгасининг ўзига зарар етса, баъзиларидан ён-атрофдагилар ҳам зара кўради. Кашандалик ана шундай зарари бошқаларга ҳам таъсир қилувчи иллатлар сирасига киради. Кашанда нафақат ўзини, балки оила аъзоларини, ёш болаларини ҳам тамаки тутуни билан заҳарлайди. Наҳотки уни жигаргўшаларининг саломатлиги ўйлантирмаса?! Ахир, уларни ўзидан ҳам ортиқ қўрмасмиди?! Агар шундай одам ҳайдовчи бўлса борми, унда тамаки тутунидан “баҳрамнд” бўлаётганлар сонини тасаввур қилаверинг.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 29-оятида огоҳлантиради: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир”.

Балки чекиш бир-икки мартада ҳалокатга олиб бормас, лекин аста-секин саломатликни емирилиб боришига шак-шабҳа йўқ. Йиллар ўтиб, кашанда оловда тамакини эмас, балки ўзининг азиз жонини, ҳаётини ҳам ёққанини англаб етади. Бироқ унда жуда кеч бўлади...

Барчаларимизга зарарли иллатлардан сақланиш насиб қилсин.

Н.Темирова Самарқанд вилояти бош имом хатибиниг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 12/09/2022 07:56;   Кўрилганлиги: 30
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/zararli-illatlardan-saqlanaylik
Чоп этилган вақт: 26/09/2022 08:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг