Замонавий Миссионерлик уюшмалари.
«Миссионерлик ( лот.- юбориш, топшириқ)-бирор динни ўз юртидаги ёки ўзга юртлардаги ғайридинлар ўртасида тарқатиш соҳасидаги черков ташкилотларининг фаолияти. Миссионерлик босқинчилик урушлари даврида мустамлакачи империяларни барпо этиш ва мустаҳкамлашда идеологик экспанция турларидан бири бўлган. Миссионерлар ошкора ёки махфий равишда Америка, Осиё, Африка халқларини забт этишда қатнашганлар»(Энциклопедик луғат)
Охирги пайтларда кўп ёш-у қарилар ўзларининг муқаддас динларини ташлаб ҳар хил дин ва диний оқимларга ўтиб кетмоқдалар. Бундай ҳолларнинг биринчи сабаби Ислом ақидасини яхши билмасликлари бўлса, иккинчиси миссионерлар томонидан бериладиган турли хил кўринишдаги моддий рағбатга алданиб қолишларидир. Самарқанд шаҳрининг Сўғдиёна ва Сартепа уй-жой масканлари, Ипак йўли ва Абу Райҳон Беруний кўчалари, Кимёгарлар ва Фарҳод шаҳарчаларидаги кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар шахси гумонли бўлган кишилар хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг кўнглига ғулғула солиб, хонадонлар қўнғироқларини чалиб, "Биз хушхабарчилармиз, эшикни очинг, Сиз яхши хушхабар эшитасиз, Сизга хоҳлаган тилда тушунтирамиз" дея хитоб қилиб, христиан-протестант динлари ғояларини маҳаллий аҳоли тафаккурига сингдиришга ҳаракат қилаганлар. Бу ҳол яхшилаб ўрганилмаса миллат борқарорлигига таҳдид солиши турган гап!!! Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, миссионерлар ўзга дин вакиллари орасидаги фаолияти ҳар дойим минтақа барқарорлигини бузган, аҳоли орасида нотичликларга, қон тўкилишларга сабаб бўлган. Бунга мисол қилиб Индониезиядан Шарқий Тимор оролининг мусулмон давлатидан ажралиб чиқишини кўрсатса бўлади. Воқеани кузатган мутахасисиларнинг фикрича бундай ҳолнинг юз беришига миссионерларнинг бевосита алоқаси бор. Африка қитаъсида ҳам миссионерлар сабаб кўп қонлар тўкилган. Ҳозирги кунда Судан давлатида ҳам айнан туб аҳолининг миссионерлар фаолияти самараси бўлган христианлар ва мусулмонлар ўртасида қонли уриш давом этмоқда. Бу давлатни ҳам худди Индонезия ҳудудидан Шарқий Тиморни ажратиб олиш сенариясини қўлашга уринмоқдалар.
Сиртдан “қўй оғзидан чўп олмайдиган” бўлиб кўринган бу миссионерлар, аслида кўпни кўрган, ишбилармон, илоннинг ёғини ялаган уддабуронлардир. Улар баъзи соддаларга ўхшаб, иш режаси ва низомини кўтариб рўйхатдан ўтказишни сўраб давлат идораларига бормайдилар. Аввало вазиятни, кишиларни, амалдорларни, уларга чиқиш йўлларини яхшилаб ўрганадилар. Кейин эса аста-секин инсоний ёрдам, тиббий хизмат, хайру эҳсонга ўхшаш нарсалардан гап очадилар. Қўлидан иш келадиганларга “совғалар” уюштирадилар. Ўз юртларига олиб бориб ўйнатиб келадилар. Қарабсизки, ўша миссионернинг ташкилоти расмий рўйхатдан ўтиб турибди-да. Аста-секин у ер, бу ердан одамларни тўплаш бошланади, оддий суҳбат, чой ичиш, видио филъм кўриш, кичкинагина совға ва совғага қўшиб, суҳбатдошнинг она тилидаги миссионернинг дини ҳақидаги китоб берилади. Китобнинг сўнгида тушунмай қолса, сўраб суриштириш учун телефон рақами ёки манзил албатта кўрсатилган бўлади. Икки-уч марта шунга ўхшаш суҳбат ва совғалардан кейин қарабсизки етти отаси мусулмон бўлиб келган бир шахс хиристиан, киришначи ёки буддачи бўлиб турибди-да. Янги динга, янги аъзо бўлган киши кўпроқ савоб топиши керак, дейди миссионер, ўзининг янги мухлисига. “Бунинг энг осон йўли, оила аъзоларингни, яқин кишиларингни динимизга чақиришинг. Агар ҳар ҳафта биттадан янги одам олиб келсанг, савобнинг тагида қоласан. Кўчада юрганингда ҳам бекор юрма, мана бу китобчалардан ўзинг билан олиб юр. Дўкон, бекатга ўхшаш одамлар кўп бўладиган жойларга битта-битта ташлаб қўй. Одамларнинг остонасидан ичкарига ташлаб қўйсанг яна ҳам яхши бўлади”, дейди. Қарабсизки ўзимиздан чиққан иймонфуришлар, ўзимизни бузишга жон-жаҳди билан уриниб ётибди-да. Ўз атрофида етарли гумашталарни тўплаб олган миссионерлар кичкина эълон чиқаради. Фалон жойда, фалон соатда дўстлик учрашуви бўлади. Буклетда турли кўнгил очди ўйинлар, рақс, фильм. Хоҳловчилар марҳамат қилсин. Аммо, Буклет сўнгида албатта роҳибнинг ваъзи бўлиши, матбуот тарқатилиши аниқ бўлганидан уни ёзмаса ҳам бўлаверади. Аста секин бундай учрашувлар одат тусига киради. Кичикроқ бир жой ижарага олинади. Кейин сотиб олинади. Охири бориб ибодатхона қурилади.
Ўлкамиз мустақил бўлган кунидан бошлаб, чет эллардан турли хил диний оқимларнинг юртимизга ёпирилиб келиши, ва унинг авж олиб кетганлиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, миссионерларнинг ҳамласида катта хавф яшириниб ётибди. Улар мамлакатимизнинг «содда» фуқароларини ўз тузоқларига илинтириб, онгини заҳарламоқдалар. Оқибат бундай инсонлар манқуртга айланиб, миллат, давлат ва диннинг қадрига етмай ватанига, диёнатига бўлган садоқат гулларини оёқ ости қилмоқдалар. Шундай оқимларнинг бири ва ўта хавфлиси миссионерлик ҳаракатидир.
Нажмиддинхон Ҳамзаев - Ургут тумани “Ғўс” жомий масжиди имом-хатиби.
Киритилган вақти: 12/06/2020 12:03; Кўрилганлиги: 1593
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 19:49