Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ёшларни ёт оқимлардан асраш ва ислом динининг моҳияти

 
 

Ёшлик ажоиб давр, у ҳар бир инсонга бир марта бериладиган тенги йўқ неъматлардан бири бўлиб, унинг қадрига етмоқ керак. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган инсон ўз зиммасидаги энг олий вазифани уддалаган ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 64 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ёшларнинг ҳар томонлама камол топишига қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрьда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати” тўғрисидаги Қонуни қабул қилинишининг ўзиёқ мамлакатимизда ёшлар масаласига алоҳида эътибор берилганлигидан далолат беради.

Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири бўлиб, унда ниятнинг холислиги энг муҳим нарсадир. Албатта, ёшларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда  маълум даражада диний илмга ҳам эга  бўлиши уларнинг  маънавий онгини шакллантириб, разил сифатлардан узоқлаштиради. Жумладан, ҳар томонлама етук билимли ёшларгина ўзларининг соф имон-эътиқоди билан ўз билимини самарасини тўғри, фойдали нарсаларга йўналтириб, ўзига ва атрофидагиларга, шу жумладан жамиятга фойда келтиради. Ахлоқий бўшлиқнинг олдини олиб, жамиятнинг порлоқ келажаги учун замин таёрлайди. Миллий ва диний қадриятларимизнинг ёшларимиз тарбиясидаги ўрни беқиёсдир. Улардаги ватанпарварлик, инсонийлик, меҳр оқибат каби тушунчалар фарзандларимизни иймонли инсофли , юртимизга астойдил хизмат қилувчи юксак маънавиятли шахслар қилиб тарбиялайди. Тарбиявий ишларни амалга оширишда ва ёшларимиз онгига миллий истиқлол ғояларини сингдиришда республика маънавият ва маърифат кенгашининг олиб бораётган амалий ишларини ҳам аълоҳида таъкидлаш лозим бўлади.

Ислом — миллий маънавиятимизнинг ажралмас бўлагидир. Аммо, бу ҳолатдан фойдаланган ҳолда Ислом дини номидан ёшларимиз онгини ислом дини номи остида турли хил экстремистик ва террористик ғояларни сингдиришга урунишлар ҳозирги вақтда авж олиб кетди. Бунёдкор ва бузғунчи ғоялар ўртасидаги бундай ғоявий палигон кенг миқёсда дунё бўйлаб тарқалганлиги ҳар бир оқил инсонни хавотирга солмоқда. Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризмдан ёшларимизни асраш ҳар бир зиёли кишининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланди.

Ёшларимизни турли хил ёт оқимлардан ҳимоя қилишда диний омиллар – Қуръон оятлари ва ҳадислардан кенг фойдаланиш ҳамда диннинг асл моҳиятини англатиш лозим. Бу амалиётларни дин соҳасидаги мутахассислар билан ҳамкорликда олиб борилиши энг самарали усуллардан бири ҳисобланади. Диний экстремизм ва терроризм муқаддас Ислом динига алоқадор бўлмасдан,  муайян диний конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассибона унсурларнинг фаолияти мафкурасининг натижаси эканлигини ҳар бир ёш авлодга тушунтириш бугунги куннинг долзарб мавзуларидандир. Ҳолбуки, динда мутаассибона эътиқодда бўлиш ва соф исломий эътиқоддан бехабарлик диний экстремизм ва терроризмнинг асл манбаи ҳисобланади. Аслида, Ислом динида ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва бағрикенгликка буюрилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ (иш)дир.”[1]

Мазкур оятда Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи, Расули ҳамда ўз ораларидан чиққан мусулмон бошлиқларга итоат этишни буюриб, бирор муаммоли масалага дуч келинганда унинг ечимини “Аллоҳ ва пайғамбарига” ҳавола этишни, демакки, Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилишни буюрмоқда. Бундай мушкул ҳолатларда масаланинг ечимини топиш учун энг аввало Қуръонга мурожаат қилишимиз лозим экан. Дарҳақиқат, Қуръонда бундай масалаларнинг чиройли ечими бор. Ихтилоф вақтидаги масаланинг энг тўғри  ечими, қандай йўл билан бўлса ҳам, фирқаларга ажралишнинг олдини олишдир. Қуръони каримда буюрилганидек, мусулмон киши учун кўр-кўрона тақлид ярашмайди. У ҳар қандай масалада Аллоҳнинг Каломи ва пайғамбарининг ҳадисларига эргашиши, агар лозим ақидавий ва шаръий масалаларни билишга ўзининг илми етарли бўлмаса, ишончли, тақводор, олим кишилардан сўраб билиши ҳамда уни амалга татбиқ этишда фитна келтириб чиқаришдан эҳтиёт бўлиши керак.

Жумладан, рисолат соҳиби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан муқаддас динимизга хилоф бўлган бундай гуруҳлар ҳақида бир қатор ҳадислар ворид бўлган.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Менинг умматимдан бир тоифа инсонлар пайдо бўлиб, динда жуда тез илмни эгаллайдилар ва Қуръон ўқийдилар. Улар: Бошлиқларимизга бориб: “уларнинг молу давлатларини босиб оламиз ва ўзларини динимиздан четлатамиз (кофир деб эълон қиламиз)”,–дейдилар. Бундай қилиш тўғри йўл эмас. Қатода (алоэ)дан тикондан бошқа нарса ҳосил олинмаганидек, у тоифа кишиларга яқин бўлишдан фақат хатоларни жамлаш мумкин бўлади,”–дедилар.[2]

Биз Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилган бундай кимсаларни ҳозирги вақтда “ал-Қоида”, “Ҳибу-т-таҳрир”, ваҳҳобийлик, Ўзбекистон Ислом ҳаракати, ИШИД каби экстремистик ташкилотларнинг ҳаракатлари мисолида кўришимиз мумкин.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Ислом динининг асл моҳияти жамиятга ва бутун борлиққа эзгулик ҳисобланади. У табиат, жамият, инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири инсониятни бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган, айни замонда инсонларга тўғри, ҳидоят йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга ишонишни ифода этадиган таълимотдир.

Эзгуликнинг ёрқин намоёндаси ва дунёдаги ҳар бир мўмин-мусулмоннинг буюк устози бўлган жаноб Пайғамбаримиз ҳар бир мусулмон кундалик фаолиятида қўллайдиган, умри давомида ҳаётида татбиқ этиши даркор бўлган мавзуларни марҳамат қилганлар: “Аллоҳ Таолога фарз  ибодатлардан  кейин энг маьқул иш – мусулмон кишини хурсанд қилишдир”[3].

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Мусулмон – мусулмонлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир. Мўмин – инсонлар ўз қонлари ва молларида ундан эмин бўлган кишидир.”[4]

Маълумки, тил ва қўл энг кўп ишлатиладиган аъзолар бўлиб, яхши ишлар ҳам, ёмон ишлар ҳам асосан шулар билан бажарилади. Ён-атрофдагиларга аксар ҳолларда тил билан сўкиб ёки қўл билан туртиб, уриб, озор берилади, зарар етказилади. Шунинг учун, Пайғамбар  (с.а.в.) шу икки аъзони лафзан зикр қилдилар. Демак, бировларга, у ким бўлишидан қатъий  назар,  диндошми, ғайридинми – озор беришдан  ўзимизни  сақлашимиз лозим. Айниқса, тилимиз ва қўлимизга хушёр бўлишимиз керак. Динимиз таълимотида нафақат инсонларга нисбатан эзгу  бўлиш, балки уни ўраб турган табиат ва ундаги барча жонзотларга  нисбатан ҳам меҳру шафқатли  бўлишга буюрилган.

Муҳтарам Президентимиз ўз асарларида Ислом дини эзгулик дини эканлигини, бу диннинг асл моҳияти нималардан иборат эканлигини қуйидагича таърифлайдилар: “Эзгу одатимизга айланиб кетган меҳр-оқибат тушунчасини оладиган бўлсак, унинг жуда теран тарихий, миллий, диний илдизлари борлигини кўриш мумкин. Бу аввало инсоннинг инсон билан, қўшнининг қўшни билан, қариндошнинг қариндош, оиланинг оила билан, энг муҳими, шахснинг жамият билан уйғун бўлиб яшашини, етим-есир, бева-бечора ва ногиронларга, мусофирларга саховат кўрсатиш, сидқидилдан, беғараз ёрдам беришни англатади ва бундай хусусият халқимизнинг маънавий оламига сингиб кетганини ҳеч ким инкор эта олмайди”.[5]

Халқ арбоби, буюк мутафаккир Абдурауф Фитрат бу ҳақда шундай дейди: “Ҳеч шубҳа йўқки, одамлар ҳар хил дин ва мазҳабдан, ҳар хил қабила ва миллатдан бўлсалар ҳам, бир отанинг ва ягона жинснинг фарзанди, бошқача қилиб айтганда, бир-бирларининг ака-укаларидир. Шундай экан, улар ўзаро умумий биродарликни юзага келтиришлари керак”[6].

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан аён бўлаётирки, ҳар қандай ном остидаги зулм вa зўрaвoнлик, турли кўринишдаги жиноятлар, гарчи у ислом номидан содир бўлаётган бўлса ҳам, Ислoм aқидaси ва таълимотига мутлақо қaршидир. Мусулмoн киши бoшқa oдaмлaрни, хоссатан ўсиб келаётган ёшларни ёмон ишларни қилишдан қaйтaришга, нафақат қайтариш, балки огоҳ этишга мaсъул. У катта бўладими, кичик бўладими – гуноҳларнинг ҳар қандай кўринишидан тийилиши ҳамда бошқаларни ҳам ундан қайтариши лозим.

Ёшларимизни турли хил бузғунчи ва вайронкор оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиб, бунёдкор ғояларни улар онгида шакллантириш учун нималарга эътибор қаратмоқ керак?

Бу борада муҳтарам Президентимиз огоҳликка чақириб: “Ўз уйингни ўзинг асра” деган шиорлари остида ҳар бир ота-она ўз фарзандини, ўқитувчи ўз талабасини бепарволик қилмасдан бундай оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишга интилиши ҳамда бу йўлда ўз устида ишламоғи, изланмоғи даркор. Ёшларимиз таълим-тарбиясини миллий ва диний қадриятлар асосида шакллантириб, Ватанга муҳаббат, ота-она, элу юртга муҳаббат билан ҳамоҳанг қилиб, миллий ва диний қадриятларни, она заминни ва ҳатто унда ўсган ҳар бир дарахтни, кўчатни асраб-авайламоқга ҳамда келажак авлод учун озод-обод Ватанни асраб етказиш ўсиб келаётган ҳар бир ўсмир йигит-қизнинг вазифаси эканлигини ўргатиб боришимиз зарур. Ёшларимиз онги ва руҳиятига салбий ва кескин таъсир қилувчи ҳар қандай воситаларга қарши уларда аввало иммунететни ҳосил қилишимиз энг долзарб ишлардан бири ҳисобланади.

Тарбиявий ишларни амалга оширишда ва ёшларимиз онгига миллий истиқлол ғояларини сингдиришда республика маънавият ва маърифат кенгашининг олиб бораётган амалий ишларини ҳам аълоҳида таъкидлаш лозим бўлади.

Шубҳа йўқки, миллий ва диний қадриятларимизнинг тарбиявий жиҳати жуда кенг ва серқирра жараён бўлиб, ёшларимиз тарбиясидаги ўрни беқиёсдир. Улардаги ватанпарварлик, инсонийлик, меҳр оқибат каби тушунчалар фарзандларимизни иймонли инсофли, юртимизга астойдил хизмат қилувчи юксак маънавиятли шахслар қилиб тарбиялайди.

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирни. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2009. Нисо сураси, 59-оят. –Б. 87.

[2] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ат-Табризий. Мишкату-л-масобиҳ. Казань. Лито-Типография “Братья Каримовы”, 1908. –Б 61. Ибн Можа ривояти.

[3] Мансуров А. Минг бир ҳадис. Ж. 2. –Б. 166. 857-рақамли ҳадис. –Т.: Ўзбек маскани, 1991.

[4] Мишкату-л-масобиҳ. –Б19.

[5] И.А.Каримов, «Юксак маънавият – енгилмас куч», 8-9-бет, «Маънавият», Т, 2008 й

[6] Терроризм – жаҳолат ўчоғи, Методик-библиографик қўлланма Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Тошкент-2003 Б-4

Нодир Қобилов, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 02/10/2019 13:08;   Кўрилганлиги: 1612
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/yoshlarni-yot-oqimlardan-asrash-va-islom-dinining-mohiyati
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 14:39
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг