ЁШЛАРИМИЗНИ ТУРЛИ ИЛЛАТЛАРДАН САҚЛАШ – ДАВР ТАЛАБИ.
Халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни бугунги кун ёшларининг униб, ўсиб, улғайиб ҳаётга қандай кириб боришларига чамбарчас боғлиқдир. Айниқса, аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этадиган бизнинг юртимизда бунинг аҳамияти катта. Албатта, юрт тараққиётига хизмат қиладиган ёшлар ўз-ўзидан етишиб чиқмайди. Балки, уларнинг тарбияси, таълими билан шуғулланиш, уларни илм олишга қизиқтирадиган шароитлар яратиш зарур бўлади. Шунингдек, ёшларни эзгуликдан чалғитувчи ёмон иллатлардан ҳам ҳимоя қилмоғимиз лозимдир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, камбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг!” (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилганлар).
Ёшларимиз ҳаётининг баҳори бўлган ёшлик даврини турли бекорчи ўйин-кулгу ва гуноҳ ишлар билан эмас, балки билим-маърифат ва касб эгаллаш, ибодат ва савобли ишлар билан ўтказиш керак.
Барчамизга маълумки, ичкилик, гиёҳванд моддалар ва қимор ёшларимизнинг келажагини барбод қиладиган нарсалардандир. Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).
Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда қимор ўйинлари сезиларли кўпайди. Қимор ўйнаб хонавайрон бўлган, боши берк кўчага кириб қолганлар талайгина. Бу кишилар бошқаларга ибрат бўлишлари керакки, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилишнинг охири войдир!
Интернетда ёш авлодни фаҳш домига осонгина тортадиган турли сайт ва каналлар мавжуд. Ёшлигидан бундай виртуал зинога мубтало бўлган ёшларнинг онгидан бу разолатнинг чиқиб кетиши жуда қийин бўлади. Зино сабаб жамиятнинг асоси бўлмиш оилага путур етади, насл-насаб бузилади.
Кейинги пайтларда ёшлар орасида муштлашув, пичоқбозлик, бир-бирини шафқатсизларча калтаклаш ва жонига қасд қилиш каби кўнгилсиз ҳолатлар ҳам учраб турибди. Динимиз нафақат инсон, балки ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқат билан ёндашишга буюради. Қуръони каримда: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Ёшларимизни тўғри йўлдан чалғитишга сабаб бўлган омиллардан яна бири – ижтимоий тармоқларда беркиниб олган кимсалардан илм олишларидир. Дин илми ҳар кимдан олинмайди. Динни насл-насаби маълум, устози, мазҳаби, эътиқоди тайин кишилардан олинади. Гапираётган гапи бошқа, мақсади бошқа одамлар умматга катта зарар келтиради. Мусулмонларин фирқиларга бўлиб ташлайди. Динни ишончли, эътиборли, барча эътироф қилган устозлардан ўрганиш тўғри йўлдир.
Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, сўнгги пайтларда баъзи юртдошларимиз фарзандларини ўқитиш учун чет элларга олиб бориб, уларни ўзга юртларда қаровсиз ҳолда ташлаб келмоқдалар. Натижада, ёшлар илм олишнинг ўрнига бефойда ишлар билан машғул бўлмоқдалар, кимлиги номаълум кишилар билан қимматли вақтларини беҳуда сарфламоқдалар. Шуни эсда тутиш лозимки, фарзанд баркамол бўлиши ва эл-юртга хизмат қилиши учун унинг устози, аввало, тўғри йўлда ва эътиқодда адашмаган ҳамда соҳа мутахассислари томонидан эътироф этилган шахслар бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Н.Темирова Самарқанд вилоят бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Киритилган вақти: 10/10/2022 13:25; Кўрилганлиги: 649
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 06:13