Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ёшларимиздаги маънавиятнинг сустлиги, китобхонликдан четда бўлиш ОИЛАЛАРИМИЗДА фарзандга эътиборнинг йўқлигидан

 
 

Биламизки, ХХI аср – ахборот ва технологиялар асри ҳисобланади. Бугунги кунда интернетга бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Ҳар нарсанинг бир манфаати бўлиш билан бирга зарари ҳам бўлиши табиий. Жумладан, интернет ҳам айрим манфур кимсалар учун “қурол” вазифасини бажармоқда. Мана шу қурол орқали маънавиятимиз ҳамда миллий қадриятларимизга ўз таъсирини ўтказмоқда.

Бу эса, ўз-ўзидан маънавий таҳдидни юзага келтиришга сабаб бўлмоқда. Ушбу иллат инсон эркинлиги, уни ўзига ғоявий қарам қилиш, руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган бўлиб, у жозибали шиорлар ва ғоялар остида яширинган бўлади, албатта. Диний ва миллий ришта-ю қадриятлар томирига болта уради, ёшларнинг қалбини ва онгини эгаллашга, уларнинг дунёқарашига зарарли тушунчаларни сингдиришга ҳаракат қилади, охир-оқибат мамлакат хавфсизлиги ва миллий манфаатларга таҳдид солиб, жамиятни инқироз кўчасига олиб келади.

Шу ўринда “маънавий таҳдид деганда, аввало тили, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларини назарда тутиш лозим, деб ўйлайман”.

Ҳозирги кунда интернет овчилари қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун ёш, ҳали маънавияти тўла қонли шаклланмаган ва ғўр ўғил-қизларни ўз қармоқларига ҳеч қийинчиликсиз илинтирмоқда.

Бунинг сабаби нима?! Нима учун ёшларимиз бундай ёт ғояларга ишонувчан? Нима сабабдан ҳозирги кунда интернет ёшларнинг овунчоқ масканига айланди?! Буларнинг асосий сабабларидан бири, уларнинг маънавияти сустлиги ва дангасалигидандир.

Маънавиятнинг сустлиги эса, китобхонликдан четда бўлиш, тарбиясизлик, келажакка бефарқлик, ялқовлик, лоқайдлик ва шу каби салбий тушунчалар орқали юзага келади. Яна бир мисолга эътибор қаратадиган бўлсак, оилаларимизда фарзандга эътиборнинг йўқлиги ҳисобланади.

Ўсмир ёшдаги болалар эътибор талаб, қизиқувчан, тез-тез фикрини ўзгартирувчи, қайсар бўлиб қолади. Бу даврда ёшларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, уларни ўз йўлини топиб кетади дейишнинг оқибати яхши эмаслиги барчага маълум.

Ота-онанинг бефарқ ва лоқайдлиги туфайли фарзанд меҳрни бошқалардан излай бошлайди. Бунинг натижасида интернет овчиларининг қўлига тушиб қолади. Қаерда бепарволик ва лоқайдликлик ҳукм сурса, шубҳасиз, ўша жой парокандаликка юз тутади. Лоқайд одамдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур.

 Жаҳонгирхон Аброров ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати ходими


Киритилган вақти: 21/01/2023 11:58;   Кўрилганлиги: 46
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/yoshlarimizdagi-manaviyatning-sustligi-kitobxonlikdan-chetda-bolish-oilalarimizda-farzandga-etiborning-yoqligidan
Чоп этилган вақт: 30/01/2023 15:34
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг