Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш - барчамизнинг бурчимиздир

 
 

Ислом динида мусулмонлар учун берилган кўрсатмалар инсон ҳаётининг барча жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий ҳамда ижтимоий ҳаётидаги ўрнини ҳам белгилаб беради.

Инсонга ҳаракатланиши қулай бўлиши уч турли хил уловларнинг бўйсундириб қўйилиши ҳамда сўнги вақтларда янги-янги транспорт воситаларининг кашф этилиши – Аллоҳ таоло томонидан бандасига инъом этилган улуғ неъматлардан ҳисобланади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Ўз каломида қуйидагича марҳамат қилган: Шунингдек, улар (мазкур ҳайвонлар) сизлар жонларингизни қийнаб етадиган юртларга юкларингизни кўтариб борур. Албатта, Раббингиз меҳрибон ва раҳмлидир. У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (Наҳл сураси 7,8-оятлар).

Мусулмонлар транспорт воситасини бошқаришда риоя этиши лозим бўлган кўплаб одоблар мавжуд. Энг муҳим вазифа – инсон уловда юрганида ўзининг, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчиларнинг ҳаётига хавф солмаслиги лозимдир. Қоидани бузиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади.

Қайсики мусулмон ҳайдовчининг бепарволиги ва йўл ҳаракати тартиб-қоидаларига риоя этмаслиги оқибатида бахтсиз ҳодиса рўй берса, ҳайдовчи амалдаги қонунлар асосида жавоб бериши, шариат нуқтаи-назаридан эса гуноҳкор бўлиши ҳамда Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам жавоб беришини ёддан чиқармаслиги лозим. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “Сизга қандай яхшилик етса, у Аллоҳдандир. Сизга қандай нохушлик етса, у ўзингиздандир....” – дея марҳамат қилган.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, кўпгина йўл-транспорт ҳодисаларига бошқарувда ҳайдовчининг маст ҳолда эканлиги сабаб бўлади. Зеро, маст ҳолда рулга ўтириш аввало амалдаги қонунларни қўпол равишда бузиш, исломда эса оғир гуноҳ ҳисобланади. Чунки ҳайдовчи нафақат ўзининг балки йўловчиларнинг ҳам хавфсизлигига масъул ҳисобланади. Шу сабабли ҳам ҳайдовчининг йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилиши Ислом шариатида вожиб ҳисобланади.

Биз ҳаммамиз биламизки, йўл барчаники. Шундай экан йўл - бутун жамоа фойдаланадиган тармоқ экан бунда ҳайдовчилар ҳам пиёдалар ҳам ҳаракат давомида бир-бирларига ўзаро одоб ва маданият билан муносабатда бўлишлари, қўпол сўз ва хатти-ҳаракатлардан сақланишлари лозимдир. Хулоса ўрнида айтишимиз жоизки, барчамиз йўл ҳаракати хавсизлиги қоидаларига риоя қилиш - шариатимиз талаби дея яшамоқлигимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни йўл ҳаракатидаги барча қонун-қоидаларга амал қиладиган ва ўзаро ҳурматда бўладиган мусулмонлар қаторида бўлишлигимизни насиб айласин !!!

 

Насрулло Исламов  Оқдарё тумани “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом-ноиби


Киритилган вақти: 02/06/2021 19:26;   Кўрилганлиги: 549
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/yol-harakati-qoidalariga-amal-qilish-barchamizning-burchimizdir
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 20:57
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг