Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам синовдир

 
 

Сўрашганда, қазо ва қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканлигига иймон келтириш шу асослардан бири эканлигини айтиб ўтган эканлар. Яъни, дунёдаги барча яхшилик ва ёмонлик маълум ўлчовга биноан, Аллоҳ хоҳлаган сабабларга кўра содир бўлар экан. Инсонга бирор мусибат етса, бу аввалдан тақдир қилинган нарсадир. Инсон бунинг учун қайғу чекиб ўзини қийнамаслиги зарур. Чунки тақдирда бор нарса у хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам содир бўлиши муқаррар. Шунингдек, унга бир яхшилик етса ҳам, бу тақдирдаги нарса бўлиб, инсоннинг хоҳишига қарамайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

«Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда, ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир. Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун» («Ҳадид» сураси, 22, 23-оятлар).

Бошқа бир ояти каримда эса «Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз» («Анбиё» сураси, 35-оят), дейилган.

Демак, дунёдаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, аслида, синов экан. Ҳақиқий мўмин киши қийинчиликларни сабот билан қарши олади, уни «Аллоҳ тарафидан юборилган синов», деб билади. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, албатта, ҳар бир қийинчилик ортида ҳикмат ётади. Шундай пайтда ғофил киши хафа бўлади, ўзини ҳар ёнга уради, ғам-ғуссага ботади. Аммо оқил кимса Аллоҳ таоло тарафидан юборилган бу қийинчиликлардан ҳам ўзига яхшиликни топишга уринади, сабр қилади. Шунинг учун Қуръон сабрга катта аҳамият бериб, уни мақтаган, обрўсини кўтарган ва сабрли кишиларни «жуда ҳам ажойиб кишилар» деб атаган. Сабр Қуръони каримнинг 70 жойида зикр қилинган. Бошқа ҳеч қандай фазилат бу миқдорда зикр қилинмаган. Аллоҳ таоло сабрлиларни яхши кўради ва Қуръони каримда айтадики, сабрлилар Аллоҳнинг ортиқча фазлу марҳаматига бу дунё-ю у дунё сазовор бўладилар: «Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур» («Зумар» сураси, 10-оят).

Хабарингиз бор, шу кунларда коронавирус пандемияси сабаб кўплаб инсонлар азият чекмоқда. Унинг оқибатида юртимизда карантин жорий қилинган бўлиб, кишиларимиз ҳаёт тарзи олдингидек давом этмаяпти. Бу қийинчилик ва синовларга мардонавор сабр-тоқат ва интизом кўрсатаётган халқимиз бошига яна ҳар хил синовлар келиб турибди.

Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлаорида кузатилган кучли шамол кўп жойларга, юртдошларимизга талафот етказди. Айниқса, бундан кўпроқ Бухоро вилояти аҳолиси жабр кўрди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев ушбу ҳудудга ташриф буюриб, вазият билан танишди ва аҳоли билан суҳбатлашди. Учрашув жараёнида одамларга тушкунлик ва саросимага тушмасликларини, зарар кўрган барча бинолар ҳукумат ёрдамида тўлиқ янгиланишини маълум қилиб, мана шундай улуғ айём кунлари кетган нарсалар халқимиз бошидан садақа бўлсин, келган баоло шу билан кетган бўлсин, дея тилак билдирди. Ҳар битта маҳалла, кўча, хонадон мен учун азиз. Азиз халқимни қутқариш мен учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Албатта, мусибат етганга далда бўлиш, кўмак бериш энг улуғ ва савобли амаллардандир. Юртбошимиз бу савобли ишда барчага намуна бўлди.

Сизу биз ҳам мана шундай синовли кунларда, улуғ айёмларда саховат ишларига янада мустаҳкам бел боғлайлик. Муҳтож инсонларга кўмак бериб, уларнинг оғирини енгил қилишга ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, имкон бор пайтда хайру саховат ишларини амалга ошириш зарур. Фурсат ўтганда бу савобдан маҳрум бўлиб қолиш ҳам мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Садақа қилинглар! (ҳали бир вақтлар келадики), бир киши садақасини кўтариб юрса, у (садақа) бериладиган бўлган одам «Буни кеча олиб келганингда, сендан олишим мумкин эди. Аммо энди менинг унга ҳожатим йўқ», дейди. Шундай қилиб, уни қабул қиладиганни топа олмайди» (Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан Икки Шайх ривояти).

Садақа, хайр-эҳсон қилиш тақводорлик, зоҳидлик ҳамда тариқат йўлида юрган банданинг ёрқин сиймосидир. Айниқса, ўзи ўта бой бўлмай туриб, топганидан садақа қилиб туриш катта савоб. Зотан, «садақа» сўзи «тасдиқ» маъносини англатиб, банданинг иймони ҳақиқатини тасдиқлашга хизмат қиладиган омил бўлгани учун «садақа» деб номланган.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.


Киритилган вақти: 30/04/2020 18:00;   Кўрилганлиги: 1140
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/yaxshilik-ham-yomonlik-ham-sinovdir
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 21:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг