Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Хуш келибсиз кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга, азиз меҳмонлар!

 
 

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандда 16-20 октябрь кунлари UNWTO – БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси ташкил этилади. Бош ассамблеянинг Ўзбекистонда ташкиллаштирилган бу галги сессиясида дунёнинг барча қитъаларидан меҳмонлар иштирок этмоқда.

Шунингдек, мазкур халқаро йиғин доирасида халқаро инвестиция форуми, халқаро таълим форуми, «Энг яхши туризм қишлоқлари»ни тақдирлаш маросими ва қатор ялпи сессиялар, маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилиш маросимида иштирок этди.

Глобал сайёҳлик ташкилотининг 140 дан зиёд мамлакат вакиллари иштирокида 20 октябрь кунига қадар давом этадиган бош тадбирида давлатимиз раҳбари соҳани янада ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон етакчиси туризм соҳаси жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган ва истиқболли тармоқларидан бири эканини қайд этди. Ўзбекистонда ҳам мамлакатни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар доирасида туризм тармоғини ривожлантиришга устувор эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари делегатларни Самарқандни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни қабул қилишни эълон қилди ва шу куни тегишли битим имзоланиб, сессия доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида Самарқандга “Бутунжаҳон маданий туризм пойтахти” мақомини бериш тўғрисида декларация ҳамда Халқаро туризм академиясини ташкил этиш тўғрисида битим қабул қилинди.

Ушбу нуфузли тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши дунё ҳамжамиятининг мамлакатимизга бўлган эътиборини янада кучайтиради. Негаки Бош ассамблея тадбирларига Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо барча давлатларнинг оммавий ахборот  воситалари, инвесторлар ташриф буюрган бўлиб, барча учун ҳар томонлама манфаатли бўлиши билан аҳамиятлидир.

Зеро, бу каби халқаро саммитлар халқларни янада жипслаштириши, тинчлини таъминланиши, қўшничилик алоқаларини мустахкамлашга хизмат қилади.

Зайниддин домла Эшонқулов Самарқанд вилояти бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 17/10/2023 13:57;   Кўрилганлиги: 231
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/xush-kelibsiz-kohna-va-hamisha-navqiron-samarqandga-aziz-mehmonlar
Чоп этилган вақт: 21/05/2024 11:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг