Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Xиёнат қилманг!

 
 

Дунё ҳаёти ва ундаги  инсонлар учун берилган барча нарсалар Аллоҳ таоло томонидан омонат қилиб берилган. Инсон бу борада ўта зукколик ва фаросат билан   унга берилган насаларга хиёнат қилмасдан ҳаёт кечиришлиги талаб этилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолларингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга  (яъни, динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз!»(Aнфол сураси,27).

Жаноб Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам бу борада ўзларининг муборак ҳадисларида марҳамат қиладиларки: “Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.

Бу билан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтмоқчилар, имон ҳам мўминкишига берилган бир омонат нарса. Уни шайтонга бой бермаган ҳолда, авайлаб сақлаш керак. Топширилган омонатларни турли офатлардан сақлай олмайдиган киши ўз имонини ҳам, албатта, сақлай олмайди. Аҳду паймонига вафо қилмайдиган, ёлғончи, алдамчи кишиларда дин ҳам қарор топмайди, демочилар. Омонатларни яхши сақлай олмасликдан барча жиноят ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муросасизлик, уруш жанжал ва мушкул муаммолар вужудга келади.

Масалан, бировнинг шаънига айтилган нотўғри сўз. Унинг ҳақлигини билиб туриб, бирор дунёвий ғараз билан, унинг зиддига нотўғри гувоҳлик бериш, унинг шаънига ботил бўҳтонлар тўқишлик-бу айни хиёнат ҳисобланади.

Бир куни бир одам Ҳасан Басрийдан: Шайтон ухлайдими ?,-деб сўради. Ҳасан Басрий бу гапга кулиб, бундай жавоб берди: Қанийди шайтон ухласа, биз ҳам дам олар эдик. Модомики шундай экан, мўмин киши учун ундан қутулиш йўқ.

Сўнги пайтларда Давлат томонидан ўзига ишониб топшириб қўйилган корхона ёки ташилотлардаги хизматларида бўлган баъзи бир инсонлар шайтоннинг хийласига учуб. Шахсий манфаат ва бемеҳнат даромад орттириш мақсадида баъзи ишчи ва хизматчилар ўз мансабларидан ёки қўлларидаги халқ бойлигидан нотўғри фойдаланиб, кўр-кўрона суиистеъмолга ўтиб қолмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси ҳам масъулиятига ва зиммасидаги омонатга хиёнат қилиш демакдир.

Минг йиллардан буён бутун дунёда “Ҳужжатул Ислом” унвони билан улуғланиб келган Имом Абу Ҳомид Ғаззолий ўз асарларида қуйидаги мисраларни келтирган:

Хиёнатга  кўз юмишни қилсанг одат,   

Ўзингдан ҳам кўз юмади бахт-саодат.

Мусибатлар кутар сени тоғдай оғир- 

 Аҳдин бузган ўнгланолмас бутун умур. (Мукошафатул қулуб)

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дедилар: Мумин хиёнатсиз ва ёлғонсиз гўзал феъл-атворга эга бўлади, ишларида хиёнат ва ёлғон бўлмаслиги керак, деган илоҳий низомга итоат этади.

“Эй Аллоҳим бизга марҳаматинг ила муомала қилгин ва барчамизни афв айлагин ва омонатдорлардан қилгин”.

 Ибрагимов Ҳусниддин Ургут туман Ёқуб Охун масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 17/07/2020 12:14;   Кўрилганлиги: 890
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/xiyonat-qilmang
Чоп этилган вақт: 04/05/2024 19:52
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг