Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ватанга муҳаббатли бўлайлик чунки инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир!

 
 

Маълумки, инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан – унинг киндик қони тўкилган, беғубор гўдаклик чоғлари ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурадиган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғаядиган заминдир. Шунинг учун ҳар бир инсон Ватанни севиши ва унга муҳаббат қўйиши, яъни ватанпарвар бўлиши лозимдир. Ватанпарварлик ота-боболардан қолган заминни севиш, халқнинг урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она ватанини душманлардан, ёт-ғоялардан ҳимоя қилиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни англатади.

Муқаддас Ислом динида Ватанга муҳаббат – бу туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир. Мусулмон киши Ватанини севади, унинг истиқболи учун ҳаракат қилади, ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради. Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда уни қўмсайди ва соғинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррама мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб жонларига қасд қилиш даражасига етганларидан кейин, Аллоҳнинг буйруғи билан у ердан чиқиб кета туриб, Маккага юзланиб шундай дедилар: (Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим” (Имом Термизий ривояти).

Муқаддас динимиз таълимотига кўра ҳар бир инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бордирки, булар Ватани ҳақига дуо қилиш, Ватан ободлиги учун муносиб ҳисса қўшиш, Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмасликдир. Шунингдек, Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ҳадиси шарифда: “Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёдан қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим” (Имом Бухорий, 3188-ҳадис). Демак, она Ватан ҳеч қачон сотилмайди ва унга ҳиёнат қилинмайди.

Абу Амр ибн Ало раҳматуллоҳи алайҳ: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, яқинларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, деганлар.

Шундай экан, ҳар биримиз ўз Ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинч-осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиб, унинг ободлиги ва ривожланиши йўлида ҳалол хизмат қилиб, ҳар бир кунимизга шукр қилиб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган шахсларнинг ҳақларига дуолар қилиб, фарзанларимизни аждодларга муносиб ворислар қилиб тарбиялашда ғайрат қилишимиз, ибодатларимизни ўз вақтида адо этиш билан машғул бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.

 Н.Темирова - Самарқанд вилояти бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 24/11/2022 10:33;   Кўрилганлиги: 236
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/vatanga-muhabbatli-bolaylik-chunki-insonga-berilgan-eng-bebaho-nematlardan-biri-oz-vatanida-yashashdir
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 11:28
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг