Устознинг шогирдига деганлари[1]
Бу дунёда ҳар қайси инсон бирор нарсага эришгудек бўлса, бунда албатта унинг ота-онаси қаторида устоз ва мураббийлари муҳим ўрин тутади. Қуйида яқин асримизда яшаб ўтган олимнинг ўқувчиларга ўгитларини келтирамиз.
Биринчи дарс. Тўғри йўлга йўллаш
﴿وَالْعَصْرِ﴾﴿إِنَّ الْإِنْسَانَ لَفِي خُسْرٍ﴾﴿إِلَّا الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَتَوَاصَوْا بِالْحَقِّ وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ﴾
“Аср билан қасамёд этурманки”
“(ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир!”
“Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар”[2]
Эй ўғлим! Аллоҳ таолонинг Ўзи сени тўғри йўлга йўллаб, эзгу амалларга муваффақ айласин! Сен мен учун фарзандим ўрнидасан. Сени танинг соғлом, фаҳм-идрокли, қалби пок, гўзал хулқли, бузуқликдан йироқ, ҳаёти чиройли, дўстларга суюкли, фақир ва бечораларга ёрдам берувчи меҳрибон, хатоларни кечирувчи, раббингнинг ибодатида сусткашлик қилмайдиган ҳолда кўриш мени қувонтиради.
Эй ўғлим! Бирор кишининг сўзини қабул қилмоқчи бўлсанг, насиҳати қабул бўлишга энг ҳақли инсонинг менман. Зеро мен устозинг, муаллиминг ва руҳинг тарбиячисидирман. Сенга манфаат келтириш ва яхши инсон бўлишинг учун мендан кўра кўпроқ куюнадиган одам йўқ.
Эй ўғлим! Мен сенга ишончли насиҳатчиман. Сўзларимга қулоқ сол. Менинг ҳузуримда ҳам, дўстларингни олдида ҳам, ёлғиз ҳолатингда ҳам бунга амал қил.
Эй ўғлим! Модомики менинг насиҳатимга ёлғизлик пайтингда амал қилмас экансан, дўстларинг олдида уларга риоя қилишинг оз бўлади.
Эй ўғлим! Мени йўл бошловчи қилиб олмасанг, унда кимга эргашасан? Нима учун менинг ҳузуримда ўзингни қийнаб ушлаб турибсан?
Эй ўғлим! Устоз фақат эс-ҳушли, одобли шогирдларини яхши кўради. Устозинг сендан норози бўлиши, етукликка эришишингдан умидсизланиши сени қувонтирадими?
Эй ўғлим! Сенга фақат яхшиликни раво кўраман. Буни сенга етказишим учун итоат қилиш ва мен буюрган гўзал хулқларни касб этиш билан менга ёрдам бергин!
Эй ўғлим! Чиройли хулқ инсон учун зийнатдир. Айниқса дўстлари ва қариндошлари орасида. Гўзал хулқли бўл, шунда одамлар сени ҳурмат қилади ва яхши кўради.
Эй ўғлим! Илмингни гўзал хулқ билан безатмасанг, билимсизлигингдан кўра зарарли бўлади. Чунки нодон билимсизлиги билан узрлидир. Илмли инсон гўзал хулқлар билан безанмаган бўлса, унинг учун одамлар олдида узр йўқ.
Эй ўғлим! Менинг назоратимга суянма. Ўзингни ўзинг тергаб тур. Зеро шундай қилишинг фойдалироқ ва афзалроқдир.
Эй ўғлим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу динни Ўзи учун холис бўлишини талаб қилди. Динингизга сахийлик ва гўзал хулқ муносиб келади. Динингизни у иккиси билан безанг!”,[3] дедилар.
Ҳусайн домла Мирзоаҳмадов
Хўжа Абду Дарун жоме масжиди имом ноиби
[1] Аллома Муҳаммад Шокир ал Азҳар Университетининг собиқ проректори (1866-1939й). “Гўзал хулқлар” китоби.
[2] Аср сураси, 1-2-3-оятлар.
[3] Табароний ривоят қилган.
Киритилган вақти: 07/09/2023 15:59; Кўрилганлиги: 629
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:22