УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ!
Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
“…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11 оят).
Халқимиз “Устоз отадек улуғ” деган пурмаъно нақлни кундалик ҳаётида кўп бора ишлатади. Устоз ва ота ибораларини бир-бирига боғлиқлигини турлича таърифлаш мумкин. Шулардан бири сифатида “ота фарзандни кўкдан ерга олиб тушган бўлса, устоз ушбу фарзандни ўзининг таълим-тарбияси билан ердан кўкка олиб чиқади” десак муболаға бўлмайди.
Ҳақиқатан ҳам, “Устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: “Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди” - деган экан.
Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
Барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам устоз-мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Ёш авлодда хизмат кўникмаларини шакллантиришда бой иш ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган ходимлар ҳамда фахрийларнинг панд-насиҳатлари алоҳида таҳсинга сазавордир.
Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
“Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва хаттоки балиқгача одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар”.
Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида ҳар қандай мамлакатга намуна бўла оладиган юртдир!
Таъкидлаш жоизки, бугун Самарқанд вилояти бош имом хатиби бошчилигида вилоятимизда кўп йиллардан буён беминнат фаолият юритиб келаётган фахрий устоз домлаларимиз ва ёши улуғ имом-хатибларимиз зиёрат қилиниб, улар юртимиз ва бутун дунёдан ҳар хил бало офатларни кетишини сўраб дуои хайр қилдилар.
Х.Темиров - ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ходими
Киритилган вақти: 13/05/2020 15:54; Кўрилганлиги: 1452
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 13:52