Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Умр – инсон учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан берилган неъматларнинг энг буюкларидан биридир.

 
 

Ҳар биримиз билишимиз лозим бўлган нарсалардан бири шуки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизни яратиб, баркамол инсон шаклига келтириб қўйгач, ўз ҳолимизга ташлаб қўймаган. Меҳрибон Роббимиз сизу бизни яратиш билан бирга, доимий равишда риоямизни қилиб, ҳамма тарафдан бизни ушлаб туради, тўғри йўлга йўллаб туради ва Ўзининг буюк неъматлари билан қамраб туради. Биз ҳар биримиз Аллоҳнинг ана шундай буюк неъматларига сазовор бўлган бандалармиз.Оддийгина мисол: бир марта нафас олмай ёки нафас чиқара олмай қолсак, ҳаётимиз тугайди. Демак, Аллоҳ ҳар сонияда бизни тутиб, аъзои баданимизни ҳаракатга келтириб туради. Мана, мен гапириб турибман. Шу лаҳзада юрагимнинг уриши тўхтаса, ҳаётимга якун ясалади. Ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Мўмин инсон мана шу муҳим ҳақиқатни доимий равишда ҳис қилиб яшаши керак.

Аллоҳ бизни ҳадсиз-ҳисобсиз, чексиз-чегарасиз неъматлари билан қамраб турибди. Нафас олишимиз ҳам, кўзимизнинг кўриши ҳам, тилимиз қимирлаб, оғзимиздан овоз чиқиши ҳам Аллоҳнинг неъматидир. Шу неъматни ишга солиб гапиряпмиз, лекин бу овоз қаердан, қандай қилиб чиқади, ўзимиз билмаймиз. Бу – Аллоҳ таолонинг қудрати, биз бандаларига марҳамати, иноятидир. Шунинг учун биз бу неъматларни фақатгина Аллоҳ таоло беришини тушуниб етишимиз, ўша неъматни зое қилмаслигимиз, ўша неъматнинг шукрини адо этмоғимиз матлубдир.

Неъматнинг шукрини адо этиш икки қисм бўлади: биринчиси – маънавий, иккинчиси – амалий шукр.

Маънавий шукр – неъмат берган Зотга берган неъмати учун ҳамду сано, мақтов айтишдир. «Аллоҳ менга жон, тан, қўл, кўз ва бошқа санаб, саноғига етиб бўлмайдиган неъматларни берди, шуларнинг шукрини адо қилишим лозим», деган тушунчада бўлиш ва бунга амал қилиш маънавий шукрдир.

Амалий шукр – берилган неъматни ушбу неъматни берган Зот қандай ирода қилган бўлса, шундай тасарруф қилишдир.Ўзимизнинг бандалигимизни, ожизу нотавон, заиф, ҳожатманд, хор-зорлигимизни англаб етиб, бугунги кунимизга инсоф билан назар солайлик-чи, Аллоҳ таолонинг сон-саноқсиз неъматларини ҳалол йўлда сарфлаяпмизми? Уларнинг қадрига етиб, шукрини ўрнига қўйяпмизми? Бу эса бизнинг бандалик мақомимизга тўғри келмайди.

Ўша буюк неъматлардан бири – умр неъматидир. Аксариятимиз бу неъматнинг асл моҳиятини тушунмаймиз. «Умр» арабча сўз бўлиб, унинг луғавий маъноси «обод бўлиш»дир. Хўш, инсоннинг умри қандай қилиб обод бўлади?Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонга жон ато этган, унга ҳаёт берган. Онадан туғилган чақалоқ йиғладими, демак, унинг жони бор. Аллоҳ таоло шу берган жон неъматига вақт неъматини ҳам қўшса, иккови қўшилиб умр бўлади. Жонни берса-ю, вақт бермаса, бола онадан туғилиши билан ўлиб қолади. Инсон туғилиб, бу дунёда яшаса, ҳаёти обод бўлади. Онасини эмиб, ҳаёти обод бўляпти, онасининг қучоғида туриб, ҳаёти обод бўляпти. Умри ўтган сайин ободлик ҳам давом этяпти. Умр – инсон учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан берилган неъматларнинг энг буюкларидан биридир. Умр бўлмаса, инсон тирик бўлмаса, унга бошқа неъматларнинг кераги бўлмай қолади. Вафот этган инсон қандай неъматга эга бўлиши мумкин? Демак, бошқа неъматларга эга бўлиш учун аввало умр неъмати керак экан. Шундай экан, бу улуғ неъматнинг шукронаси ҳам шунга яраша бўлиши керак. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат куни Одам боласининг қадами Робби азза ва жалланинг ҳузуридан то У Зот ундан  беш нарса ҳақида сўрамагунича узилмас: умридан, уни нимага сарфлагани ҳақида; ёшлигидан, уни нимада ўтказгани ҳақида; молидан, уни қаердан касб қилди-ю, нимага инфоқ қилгани ҳақида ва илмига қандай амал қилгани ҳақида».Термизий ва Табароний ривоят қилишган.

Демак, қиёматда бандадан албатта умри ҳақида сўралади. Умри ҳақида сўралганда, уни нимага сарфлагани ҳақида сўралади. Бинобарин, сиз билан биз қиёмат куни бу азиз умримизнинг ҳар лаҳзаси ҳақида сўралишимиз ҳақдир. Бу савол-жавобдан қочиб қутулиб бўлмайди. Умрнинг ҳар лаҳзаси ҳақида сўралар эканмизми, демак, яшаб ўтган ҳар  лаҳзамизнинг жавобини беришимиз лозим. Жавобимиз тўғри чиқиши учун эса бу неъматнинг қадрини билишимиз ва шукрини адо этишимиз керак.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизга динимиз таълимотларини теран, гўзал тарзда ўрганиб боришимизни насиб қилган бўлсин. Маърифатимизнинг чуқур ва зиёда бўлишини насиб этсин. Умр деб аталмиш буюк неъматнинг шукрини адо этишда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин. Бу азиз умримизни, бу буюк неъматни зое қилишдан ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин. Қиёмат куни «Умрингни нимага сарфладинг?» деб сўралганда, тилимиз бурро бўлиб, яхшиликка, иймон-эътиқодга, ибодатга, хайр-баракага сарфлаганимизни айтиш имконини Аллоҳ таоло ҳаммамизга ато этсин.

 Жаҳонгирхон Аброров ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги  матбуот хизмати ходими


Киритилган вақти: 30/01/2023 14:32;   Кўрилганлиги: 818
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/umr-inson-uchun-alloh-subhanahu-va-taolo-tomonidan-berilgan-nematlarning-eng-buyuklaridan-biridir
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг