Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Тинчликнинг қадри

 
 

Тинчлик-хотиржамлик - энг улуғ неъмат. Одатда, неъматнинг қадрини уни йўқотганлар кўпроқ англашади.

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида Афғонистон фуқароларига таълим бериш мақсадида марказ ташкил этилган. Ҳозирда кўплаб афғон ёшлари у ерда тақсил олишмоқда. Талабалар: “Бизда ҳам Ўзбекистондагидек тинчлик, осойишталик ҳукм суришини орзу қиламиз”, дея кўзларига ёш олишади. Чунки улар кўчага чиқишса, албатта, оила аъзолари билан: “Қайта куришмасак, дийдор қиёматга қолди”, дея хайрлашишар экан. Яъни, хавф-хатар шу даражадаки, уйидан чиққан одамнинг қайтмаслиги ёки қайтганида уйдагилари бўлмаслиги эҳтимоли катта.

Дарҳақиқат, тинчлик шундай неъматки, агар у бўлмаса, на ўқиш, на ишлаш ва на дам олиш мумкин! Бу ҳақиқатни дунёнинг турли мамлакатларида кузатиш мумкин. Шундай экан, тинчлик неъмати учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиб, уни қадрлаб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, ал­батта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”».

Демак, ҳар бир неъмат­нинг, жумладан, тинчлик­нинг бардавом ва зиёда бўлишини таъминлашда шукрнинг аҳамияти беқиёс экан. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирор хурсандчилик етганида шукр қилиб, саждага бош қўяр эдилар.

Ҳар бир неъматнинг шукри уни эзгу мақсадларда тасарруф этиш, эл-юртга манфаат етказиш билан бўлади. Илмнинг шукри ҳамд айтиш ва у билан Аллоҳ таолога чиройли ибодат қилиш ҳамда илмни бошқаларга етказишдан иборат. Тинчликнинг шукри Аллоҳ таолога ҳамд айтиш ва унинг давомли бўлишини сўраб дуолар қилиш, тинчликка рахна соладиган ишлардан узоқ бўлиш, унинг ҳимоясини мустаҳкамлаш ҳамда солиҳ амалларни купайтириш би­лан юзага чиқади.

Шунингдек, қардош дўстларимизга тинчлик сўраб дуолар қилиш ҳам жуда гўзал ишдир. Зеро, мўмин ки­ши ўзи яхши кўрган нарсани доимо бошқаларга ҳам раво кўради. Доно халқимиз: ‘Қўшнинг тинч - сен тинч”, деб бежиз айтмаган.

Раҳматуллоҳ ҚУРБОНОВ, Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “Билол” жоме масжиди имом-хатиби


 


Киритилган вақти: 22/07/2020 10:02;   Кўрилганлиги: 904
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/tinchlikning-qadri
Чоп этилган вақт: 18/05/2024 14:49
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг