Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Тинчлик – энг олий неъмат!

 
 

Тинчлик – бу инсониятга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг олий неъмат ҳисобланади. Тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб авайлаш бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг суннати ҳамдир. Зеро, Ҳадиси шарифда:“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, дейилган.

Тинчлигини йўқотган юрт худди юлдузини йўқотган осмон каби бўлади. Юлдузи йўқ осмон эса зимистондир. Қолаверса, у юртнинг қанчалар унумдор ерлари, гўзал манзарали гўшаларию анҳорлари бўлмасин, у худди бировга манфаати тегмайдиган ва фойда ололмайдиган саҳрога ўхшаб қолади. Бундай юртда на роҳат ва на хотиржамлик бўлади.

Аксинча тинчлиги бор юрт эса агарда у саҳро бўлиб, ундан гиёҳ унуб чиқиши қийин бўлса ҳам, у ернинг аҳолисига ўзининг ана шу тинч ватани хотиржам ҳаёт кечириши учун энг қулай маскан ҳисобланади. Демак, ҳар бир жон, у ким бўлишидан қатъий назар, қандай касб, қандай мартаба, қанча обрўга эга бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтож ҳисобланади. Аллоҳга беадад ҳамду саноларимиз бўлсинки, бугун бу мустақил юртимиз тинч, фаровон, осмони мусаффо. Шундай экан, инсонлар нафақат бу тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари лозим.

Унинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги бур ҳисобланади. Бу шукрона эса ёши улуғ отахон ва онахонларимизнинг хайрли дуолари, ёшларимизнинг ҳалол меҳнатлари ва фидокорликлари билан амалга ошади. Бу мустақил юртимизда ҳукм сураётган осуда ҳаётни асраш, унинг барқарорлигига муносиб ҳисса қўшиш – шу азиз Ватанда яшаётган барчанинг, у қайси миллат ва динга мансублигидан, қандай касб билан шуғулланишидан қатъи назар, барчанинг энг асосий вазифасидир.

Аллоҳ таоло юртимизнинг тинчлиги ва хотиржамлигини бардавом қилсин. Барчамизни шу тинч ва осуда юртнинг ривожи учун ўз ҳиссасини қўшадиган инсонлардан қилсин.

И.Абсаламов
Самарқанд шаҳар “Домла Камолиддин” жоме масжиди имом-хатиби 


Киритилган вақти: 26/10/2023 10:57;   Кўрилганлиги: 224
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/tinchlik-eng-oliy-nemat
Чоп этилган вақт: 21/05/2024 09:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг