Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ТИЛИМИЗГА ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК

 
 

Аксариятдавраларда бўлиб қолсак, шу даврада бўлмаган кимнингдир   хаётига доир мавзуда гап очилади. Бировнинг кийган кийими борми, минган  автомашинасими ёки қилганданғиллама тўйими қизғин муҳокама қилинади. Билиб, билмай кимлардандир эшитган гапларимиз аосида ўзганинг ҳаётини муҳокама қиламиз. Яна ўзимизга таскин бериш мақсадида “Ғийбати эмас, сифати”, - деб, гапирган гапларимизни оқламоқчи бўламиз.

Икки кишининг боши бирикса албатта, гап мавзуси “эшитдингизми?.....”  деган сўзлар билан ўзгалар ҳаёти тўғрисида гап кетади. Гуёки, суҳбатлашишга  бошқа мавзу йўқдек.Аслида биз гапирган гапларимиз ғийбат эканлигини биламиз, лекин  буни  тан олгимиз келмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғийбатга шундай таъриф  берганлар: “Биродаринг эшитса, хафа бўладиган хислатларни айтишинг ғийбатдир”. Саҳобалар: “Агар биз айтган хислат унда бўлса-чи?”, деб  сўрашганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: “Бор  хислатларни айтсанг, ғийбат, йўқ  хислатларни айтсанг,  бўҳтондир”, деганлар.

Кишининг жисмидаги нуқсон билан айблаш ёки насл насабини, ҳаракатини, сўзларини, дину-диёнатини, дунёсини, кийимларини, яшаш жойлари, уловини камситиш ғийбат бўлади.

Қўл ҳаракати, кўз қисиш, ишора қилиш каби ҳоллар билан хам кишини  масҳара қилишмумкин эмас. Қуръони каримнинг “Ҳумаза” сураси 1-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:“Ҳар бир обрўтўкувчи ва айбловчига “вайл” бўлсин”.

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар,мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки, уларнинг камчиликларини қидирса, Аллоҳ таоло ўзинингкамчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади”, дедилар.

Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам айтдилар: “Меърож кечаси баъзи инсонларнинг  олдидан ўтдим, улар темир тирноқлари билан юзларини ва кўкракларини юлиб  турганларини кўрдим. Жаброил алайҳиссалломдан уларнинг кимлигини  сўраганимда, Жаброил: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган, уларнинг иффат-номусларини тўкадиган одамлардир(яъни ғийбатчилардир)”,деди”.

Ғийбат қилган ё ғийбатга қулоқ солган киши гуноҳданфориғ бўлиши учун Аллоҳ таолога чин дилдан тавба-истиғфор айтиб пушаймон бўлиши, қайта ғийбат қилмасликка аҳд қилиши зарур. Ғийбат қилган одамидан эса кечирим сўраб, унинг розилигини олиши, агар у оламдан ўтган бўлса, камбағал, етим-есирларга хайр-эҳсон улашиб, савобини унинг руҳониятига ҳадя қилиши керак.

Ҳулоса ўрнида шоирнинг:

“Мен  хеч  кимни  демайман ёмон,

Ўз кунларига бўлсинлар омон.

Фақат  дейман адашиб кетманг,

Жаннат  қолиб, жаҳаннам томон”, деган сўзларини келтирмоқчиман.

Б.Қўчқарова- Жомбой туман бош имом-хатибининг

Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.


Киритилган вақти: 21/11/2022 17:07;   Кўрилганлиги: 32
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/tilimizga-ehtiyot-bolaylik
Чоп этилган вақт: 28/11/2022 00:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг