Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ТАВАССУЛ ҚИЛИШ ЖОИЗМИ?

 
 

Ўзларини соф салафлар йўлида эканини даъво қилиб келаётган сохта салафийлар тавассул бора сида аҳли сунна вал-жамоа ақидасига зид равишда тавассулни ширк, тавассул этувчиларни эса мушрик деб айюҳаннос солишмоқда. Аслида тавассул бу - Аллоҳ таолонинг сифатлари, солиҳ амаллар, тирик ва вафот этган улуғ инсонларни восита қилиб Аллоҳдан ҳожат сўрашдир. Васила сифатида гоҳида қилинадиган солиҳ амаллар, Аллоҳ таолонинг розилиги учун бажарилган тоат-ибодатлар Парвардигорнинг даргоҳига яқинлаштирувчи кучли восита бўлса, баъзан эса Аллоҳ наздида юксак мартабага эга бўлган обрў-эътиборли солиҳ бандалар Яратган ҳузурида восита ва васила бўладилар.

Қуръони каримда: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз ҳамда Унинг йўли (тоати)да жидду жаҳд қилингиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз!» дейилади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинти Асад розияллоҳу анҳо вафот этганида унинг қабрига тушиб: «Ҳаёт берадиган ва ўлдирадиган Аллоҳдир. Доимо барҳаёт, ўлмайдиган Зот, онам Фотима бинти Асадни мағфират қил, ҳужжатини айтишини насиб эт, кирар жойини кенг қил. Пайғамбаринг ҳаққи ва ўзимдан олдинги пайғамбарлар ҳаққи билан», деб дуо қилдилар» (Имом Табароний ривояти).

Бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ўтган пайғамбарлар ҳурмати билан очиқ-ойдин тавассул қилингани кўринади. Тирикларни васила қилиш мумкин, лекин вафот этганларни васила қилиш мумкин эмас деганларга ҳам бу қатъий ва аниқ жавобдир.

Аллома Имом Шавконий «Туҳфатуз зокирийн» китобида тавассулнинг жоиз эканини батафсил баён этган ва ҳамда тавассул то саҳобалар давридан ижмоъан қабул қилинган амал эканини бир қанча далиллар билан келтириб ўтган.

Афсуслар бўлсинки, тавассулни инкор этадиганлар на бу каби оят-ҳадисларга ва на мужтаҳид уламоларнинг сўзларига қулоқ тутадилар. Уларнинг даъволарига кўра ҳеч бир кишини тавассул қилиш жоиз эмас ва бунга мутлақо йўл қўйилмайди. Улар ҳар бир қилмоқчи бўлган амаллари ёки гапирмоқчи бўлган сўзларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, саҳобаи киромларнинг ёхуд буюк мужтаҳидларнинг эмас, балки ўзларининг ғоявий раҳнамолари бўлмиш Ибн Таймия (1263-1328) нинг фикрларига таянадилар ва буни шак-шубҳасиз тўғри деб эътиқод қиладилар.

Ҳақиқатни тан олиб айтадиган бўлсак, сохта салафийлар ўз раҳнамоларининг тавассул борасида айтган гапларидан мутлақо бехабар кўринади, шекилли. Акс ҳолда бу каби бўлмағур даъволар билан оламга жар солиб, ўзларига эргашувчиларнинг бошини қотирмаган бўларди.

Буюк тарихчи, муфассир ва муҳаддис Ибн Касир (1301-1373) раҳимаҳуллоҳ ўзининг «ал-Бидоя ван-ниҳоя» номли китобида Ибн Таймиянинг: «Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан ёрдам сўралмайди. Набийдан ҳам ибодат маъносида ёрдам сўралмайди. Лекин у билан тавассул қилиш мумкин ва ундан Аллоҳга шафоатчи бўлишлигини (ташаффуъ) сўраса бўлади», деган сўзларини келтириб ўтганлар.

Мана ҳақиқат ойдинлашди: Ибн Таймия ҳам аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига хос ва мос фикрни айтган экан. Ушбу жамоа эътиқодига кўра, албатта, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан мадад сўралмайди. Ҳатто пайғамбарлардан ҳам. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни дуода васила қилиш, у зотнинг қиёмат кунида шафоатчи бўлишларини сўрашга ҳеч қандай монеълик йўқ. Аксинча, бу марғуб ва маҳбуб амаллардандир.

 Ҳасанов Аҳмад - Самарқанд шаҳар Дамариқ жоме масжиди имом-ноиби манбалар асосида тайёрланди


Киритилган вақти: 06/02/2023 08:50;   Кўрилганлиги: 649
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/tavassul-qilish-joizmi
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг