Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Сохта салафийлар Куръон тиловатини Ўтганлар руҳига бағишлаш жоиз эмас деб биладилар.

 
 

Ислом динидаги инсон вафот этгандан сўнг уни хотирлаш, ортидан хайрли дуолар қилиш, қилинган яхшиликларнинг савобини бағишлаш каби гўзал кўрсатмалар унинг инсонийлиги, яхшилик ва эзгулик дини эканидан нишонадир. Қуръони каримда мусулмонлар ўз ўтмишдошларини хотирлаб, хақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат, дея таърифланган.

“Таҳовий ақидаси” китобида қуйидагилар айтилади: “Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир”. Яъни, банданинг тириклик чоғида охирати учун қилган ишлари ўлгандан кейин ўзига манфаат етишига сабаб бўлади. Бун­га мисол “Киши ўлса унинг амали тўхтайди, фақат уч нарсадан бошқа…” маъносидаги ҳадис.

Бурҳониддин Марғиноний ўзининг«Ҳидоя» асарида қилинган хайрли ишлар савобини ўтганларга бағишлаш жоиз эканига далил сифатида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг икки ола қўчкорни қурбонлик қилиб, бирини ўзларидан, иккинчисини бутун уммат номидан қилганлари хақидаги ҳадисни келтиради (Ибн Можа. Оиша ва Абу Хурайра (розияллоҳу анҳумо)лардан ривоят қилинган). Расулуллоҳ (соллаллоху алайхи васаллам)нинг қурбонликлардан бирини уммат номидан қилганлари савобни бошқалар хақига бағишлаш жоиз эканини кўрсатади.

Қуйидаги ҳадислар ҳам айнан Қуръон тиловат қилиб ўтган­ларга бағишлаш жоиз, балки мустаҳаб эканини кўрсатади.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Ким қабристондан ўта туриб, “Ихлос” сурасини ўн бир марта ўқиб, са­вобини вафот этганларга бағишласа, вафот этганлар сонича унга савоб берилади”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайхи васаллам): “Ким қабристонга кириб, “Фотиҳа”, “Ихлос” ва “Такасур” сураларини ўқиса, сўнг: “Каломингдан тиловат қилган сураларимнинг савобини қабрда ётган мўмин ва мўминаларга бағишладим” деса, улар Аллох таоло ҳузурида унга шафоатчи бўладилар”, — дедилар (Табароний ривояти).

Умуман олганда, ҳанафий мазҳабининг деярли барча мўътабар манбаларида садақа, намоз, рўза, тиловат ва бошқа яхши амалларни бошкқнинг номидан қилиш мумкинлиги, савоби етиши ҳақида алохида тўхтаб ўтилган. (давоми бор)

Зайниддин Эшонқулов ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 26/11/2021 15:22;   Кўрилганлиги: 408
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/soxta-salafiylar-kuron-tilovatini-otganlar-ruhiga-bagishlash-joiz-emas-deb-biladilar
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 18:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг