Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Солиҳ амаллар лаззати ва унинг ҳаётимиздаги таъсири

 
 

Бизларни исломга ҳидоят қилган, қалбларимизни иймонга очган ва Ўзининг тоатига ёрдам ва илҳом ила муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсин.

Раҳмоннинг тоатидан лаззат топганларнинг энг яхшиси, У Зотнинг ҳабиби Муҳаммад Мустафога салоту саломларимиз бўлсин.Аммо баъд:

Сизларни ва ўзимни Аллоҳдан тақво қилишга васият қиламан. Зеро, бу Аллоҳ таолонинг мўъмин бандаларига васиятидир. “Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!” (Бақара 197-оят)

Демак, тақводор, мухлис ва иймонли қалб эгалари тақво маъносини яхши билишади ва уни зоҳиру ботинда махкам тутишади.

Бас, тақво билан банда дунё ва охиратда саодатга эришади.

Азиз биродарлар! Дарҳақиқат, Роббимиз бизни Ўзининг буюк ҳикмати ила Ўзига ибодат учун яратди. Кимки, ибодатни ҳақиқий маънода таниса ва унинг ҳаловатини тотса, унга олий ҳиммат билан ҳаракат қилади.

Уламолар таъриф берганларидек: Зоҳиру ботиндаги Аллоҳ севадиган ҳар қандай сўзу амал ибодатдир. Банда қиладиган ҳар қандай тоат уни икки дунё роҳат-фароғатига элтувчи йўлдир. Ким Робб таолонинг розилиги ва Ризвонини ва Унинг живорини истаса, ушбу лаззатни ҳосил қилишга интилсин! Зеро, бу лаззат фақат Аллоҳга бўлган муҳаббат, Унга боғланиш, Унга таваккул қилиш, Унинг тоатидан лаззатланиш ва У рози бўладиган амалларни қилиш билангина топилади.

Азиз дўстларим! Албатта, солиҳ амалларнинг дунё ва охиратда кўплаб самаралари бўлиб, уларни Аллоҳ таоло бандаларидан Ўзи танлаганларига қурбат топиб, кўпроқ муножот қилиб лаззатланишлари учун илтифот қилади.

Тоат лаззатига эришиш учун бир қанча сабабга эҳтиёж бор. Агар банда шу сабабларни лозим тутса, мақсади ҳосил бўлади. Дунё саодати ва охират неъматини қўлга киритади.

Аллоҳ таоло айтади: “Эркагу аёл, ким мўъмин ҳолида яхши амал қилса, биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларнинг қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлаймиз.” (Ан-Наҳл 97-оят)

Бундан кўриниб турибдики, гўзал амалнинг самараси улкан ва фойдаси буюкдир.

Мўъмин банда учун охират дунёсидаги гўзал ҳаётига кўчмасидан олдин дунё ҳаётида гўзал яшашининг ўзи шараф тўғрисида етарлидир. Бунга эса, Аллоҳ учун қилинган солиҳ амаллар ва Расулуллоҳ алайҳис саломга эргашиш йўли билан борилади. Банда Робби рози бўладиган ибодатларни адо этишга қанчалар ҳарис бўлса, лаззатга етишиш йўли шунчалар осон ва енгил бўлаверади.

Ҳофиз ибн Ражаб айтади: -Иймоннинг ҳаловат ва таъми бўлиб, уни қалб билан тотилади. Гўё таом ва шаробнинг таъми оғиз билан тотилганидек. Чунки, таом ва шароб жисмнинг озуқаси бўлганидек, иймон қалбнинг озуқасидир. Жисм бу таъм ва маззаларни соғлом бўлганда ҳис қилади. Бемор бўлса, озуқаларнинг маззасини сезмайди. Шунингдек, қалб ҳам гуноҳ ва маъсият дардларидан саломат бўлганда иймон ҳаловатини топади. Шаҳватлар ботқоғига ботганда эса, иймоний ҳаловатдан бенасиб бўлади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Зино қилувчи зино қилаятган пайтида мўъмин бўлмайди”.

Чунки, иймони мукаммал бўлганида ҳаловатини сезар ва гуноҳ унинг кўзига чиройли кўринмаган бўлар эди.

Ваҳб ибн Варддан: -Аллоҳга осий бўлган киши иймон таъмини топадими?- деб сўрашганда, у -Йўқ, ҳаттоки, гуноҳни ният қилган киши ҳам топа олмайди!- деб жавоб берди.

Зуннун Мисрий айтади: -Жасад беморлигида таомнинг лаззатини топмаганидек, қалб гуноҳ билан иймон ҳаловатини топмайди.

Солиҳ амаллардан келиб чиқадиган лаззат Аллоҳ азза ва жалладан тортиқдир. Аллоҳ таоло айтади: “ Ва билингларки, албатта, ичларингизда Расулуллоҳ бордир. Агар У ишлардан кўпида сизга итоат қилса, албатта, қийинчиликка дучор бўлардингиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзига итоат этишга, Расулига эргашишга ва солиҳ амалларни бажаришга муваффақ айласин. Ва бунинг ортидан Ўз розилигига етишмоқни насиб этсин! Амийн.

Шоди домла Хақбердиев – Ургут тумани бош имо-хатиби


Киритилган вақти: 11/10/2021 11:07;   Кўрилганлиги: 923
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/solih-amallar-lazzati-va-uning-hayotimizdagi-tasiri
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 04:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг