Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ШЕР КАБИ БЎЛАЙЛИК

 
 

Бир бадавлат савдогар ёши бир жойга борганида ортида қолаётган мол-давлатидан ташвишга туша бошлабди. Чунки унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам эрка ва тантиқ экан. Бунча катта давлатни ўғлининг бошқаришига кўзи етмасдан бир дўсти билан маслаҳат қилибди. Дўсти унга бор давлатини ўғлига ишониб топширишини, ўғли иншааллоҳ уддалашини айтибди.
Савдогар бутун молини бир карвонга ортиб ўғлига дебди:
- Ўғлим! Бугундан бошлаб менинг бутун мол-давлатим сеники. Уни сен бошқарасан. Фалон шаҳарга карвонни олиб бор. Олди-сотди қил, фойдалан!

Ўғил карвонга бош бўлиб йўлга чиқибди. Бир саҳрога боришганда дам олишмоқчи бўлишибди. Ўғил ўша ерда бир шернинг қуён ортидан югураётганини кўриб қолибди. У шерни кузатибди. Шер қуённи овлаб уни бир ғорнинг олдига олиб бориб ташлабди. Ғордан кўзлари кўр бир тулки чиқиб келиб у қуённи олиб кириб кетибди. Шунда ўғил ўйлабди: "Аллоҳ таоло кўзлари кўр бир ҳайвоннинг ризқини бераётган экан, мендай соғ-саломат инсонни унутармиди?!".
Ўғил шундай деб сафардан қайтишга қарор қилибди. У карвон билан уйига, отасининг ҳузурига келганида отаси ажабланиб сўрабди:
- Ҳа ўғлим, нима бўлди?!
Ўғил юқоридаги шер ва тулки воқеасини айтиб дебди:
- Бир кўзлари кўр бўлиб қолган тулкини унутмаган Аллоҳ мени унутармиди ота?!
Ота дебди:
- Ўғлим! Мен сени бировларнинг қўлига қараб қолган тулки каби эмас, тулкига қуённи олиб келиб берган шер каби бўлишингни истаган эдим. Юқоридаги қўл ҳамиша пастдаги қўлдан устундир!

Инсонлар учун уларга бирор нарса бера оладиган нарса қадрлидир. Дарахт мева бериб турса уни кесишмайди. Агар мева беришдан тўхтаса уни дарров кесиб ташлашади. Қуёш нур ва иссиқлик бергани учун уни яхши кўришади...
Шундай экан, олувчи эмас, ато қилувчи бўлайлик!

Ургут тумани "Ургут марказий" масжиди ходими А.Полвонов


Киритилган вақти: 11/12/2021 08:37;   Кўрилганлиги: 476
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/sher-kabi-bolaylik
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 16:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг