Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Сабр – шикоят қилмасликдир!

 
 

Сабр - исломнинг энг муҳим фазилатларидан бири, чунки ҳаётда кутилмаган вазиятларга дуч келганимизда у энг самарали қурол. Аммо ҳамма нарса тезлашиб кетган дунёда, бир неча дақиқа, ҳатто бир неча сония сабр қилиш кўпчиликка жуда қийин бўлиб туюлади.

Инсон ҳаёти курашлардан иборат. Бу жараёнда турли машаққатларга дуч келади. Бу қийинчиликлардан ўтишда, мувффақият қозонишда сабр-матонат муҳим аҳамият касб этади. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Сабрни уламолар турлича таърифлаган бўлсада, улар бир-бирини тўлдиради.

Роғиб Исфаҳоний сабрни: “Нафсни ақл ва шариат талаб қилганидек ва тийилишни тақозо қилган нарсалардан тутиб туриш”, деб таърифлаган.

Журжоний: “Балолар азобидан шикоят қилишни Аллоҳдан бошқага қилмасликдир”, деб таъриф берган.

Абу Ҳотим айтади: "Сабр уч хил бўлади: маъсиятга, ибодатга, мусибат ва балоларга сабр қилиш. Уларнинг энг яхшиси – гуноҳларга сабр қилишдир”.

Нимага нисбатан бўлишига қараб сабр учга бўлинади:

  1. Мусибатларга сабр қилиш.
  2. Гуноҳ-маъсиятлардан тийилишда сабр қилиш.
  3. Тоат-ибодатларга сабр қилиш.

Сабр турли ўринда, ҳар хил маънода ишлатилади. Инсонга келган мусибат ва кўргуликларни хотиржам қабул қилиш, жазавага тушмаслик, ҳаммага айтавериб арзи ҳол қилмаслик – ҳақиқий сабрдир. Ўз ҳолидан, мушкулидан нолиш сабрсизлик белгиси. Қолаверса, бунда бандадан ёрдам кутиш, уни ҳам безовта қилиш ҳолати бор. Шикоят фақат Аллоҳга бўлади, чунки синовнинг ечими учун уни берган Зотга мурожаат қилинади. Зеро, Қуръонда “У (Яъқуб алайҳиссалом): “Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман…” (Юсуф, 86-оят) деб марҳамат қилинган.

Лекин, бу ўринда муаммони ҳал қилишга интилишдан тўхтамаслик керак. Зеро, бу сабабият дунёси. Унда сабаблар, воситалар адо қилинади, натижа Парвардигордан бўлади.

Сабр ўрнига қараб икки турга бўлинади: жисмоний ва маънавий. Буларнинг ҳар бири яна икки турга бўлинади: ихтиёрий ва мажбурий.

а)        ихтиёрий жисмоний: танага машаққат бўладиган ишлар билан ўз хоҳишига кўра шуғулланиш.

б)        мажбурий жисмоний: иссиқ, сувуқ, жароҳат ва оғриқларга сабр қилиш.

  1. c) ихтиёрий маънавий: шариат ва ақлга тўғри келмайдиган ишларни қилишдан тийилиш

д)        мажбурий маънавий: мусибат ва жудоликка сабр қилиш

Абдулқодир Жийлоний раҳимаҳуллоҳ одамларга юзланиб бундай деган экан: "Ўз ҳолингиздан нолиманг. Ҳамиша cабрли бўлинг, асло Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлманг. Зеро, ҳолис Аллоҳ таоло учун қилинган сабр ва бардош албатта мукофотсиз қолмайди. Озгина сабр қилиш, узоқ йиллар унинг роҳатини кўришга сабаб бўлади. Кимки ўзининг қатъийлиги билан машҳур бўлса, билки у қилган сабри билан машҳур бўлган".

Сабрнинг фойдалари:

  1. Сабр оғир вазиятларда ёрдам беради.
  2. Сабр ғазаб вақтида ўзини тутишга ёрдам беради.
  3. Сабр моддий ва маънавий яхшиликларга эришиш йўлидаги жисмоний ва руҳий қийинчиликларга чидашга ёрдам беради.
  4. Сабр иймон баркамоллиги ва ислом гўзаллиги далилидир.
  5. Сабр қалбда ҳидоят ҳосил қилишга ёрдам беради.
  6. Сабрнинг самараси Аллоҳ таолонинг ва одамларнинг муҳаббатидир.
  7. Сабр жаннатга эришиш ва дўзахдан қутулишдир.
  8. Сабр қиёмат кунидаги катта қўрқинчдан омонликдир.
  9. Сабр мардлик ва яхши оқибатнинг аломатидир.
  10. Сабр Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракотидир.

Мусибат ва қийинчиликларга сабр қилишда, уларни матонат билан енгиб ўтишда бир қанча ҳикматлар бор. Буларни унга Аллоҳ таоло берганини ҳис қилади, агар сабр қилса ажр олишини ўйлайди, дуо қилади, бандалигини, ожизлигини ҳис қилади. Ҳақиқий мўмин яхши-ёмон кунида ҳам ютуққа интилади. Негаки, неъматлар ичра юрганида, хурсандчилик кунларида шукр қилади – савоб олади. Мусибат вақтида, оғир кунларда сабрли бўлади – ажр олади.

Баҳодир Мирзаев,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими


Киритилган вақти: 08/09/2021 08:06;   Кўрилганлиги: 761
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/sabr-shikoyat-qilmaslikdir
Чоп этилган вақт: 23/04/2024 22:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг