Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

САБР ҲАҚИДА

 
 

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир», деган (45-оят).

Биз, ёрдам сўранг, деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр ҳам, кўпчилик хаёл қилганидай салбий маънода, яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир.  Энг бош сабр ҳавою нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир.

Аслида мўмин банда синов ва имтиҳонни орзу қилмайди, балки Аллоҳдан доимо офият ва раҳматни сўрайди. Шундан сўнг ҳам синов-имтиҳонга учраса, сабр қилади. Бунинг ҳикмати борлигини идрок қилади, ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига иймон келтиради. Ўзига Аллоҳнинг раҳмати ва офияти етишини кутади.

Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида: «Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир», деган (17 - оят).

Мўмин-мусулмон одам гоҳида қаршиликка учрайди. Одамлардан унга турли озорлар етади. Шундай ҳол рўй берса: «...ўзингга етган мусибатга сабр қил». Сабр қилмасанг, иш битмайди. Мўмин бандга амр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.

Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида: «Сен (Менинг тарафимдан): «Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур», деб айт», деган (10 - оят).
Баъзи уламоларимиз, сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда, ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади, деб таъвил қилганлар.

Сабр набий ва солиҳларнинг сиймосидир. Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», деган (85 – 86 - оятлар).

Бу ерда Исмоил алайҳиссаломнинг сабр-тоқатларига алоҳида урғу берилмоқда. Исмоил алайҳиссалом ҳақиқатда юқори даражада сабр намуналарини кўрсатганлар. У киши ўсимлик ўсмайдиган саҳроларда сабр қилиб ўсганлар. Байтуллоҳни қуришда оталари Иброҳим алайҳиссаломга сабр ва матонат билан ёрдам берганлар. Ўзларини қурбонлик учун сўйиш амри келганида ҳам сабр қилганлар. Идрис алайҳиссалом ҳам қавмларининг кирдикорларига сабр қилганлар. Ушбу оятда ҳам у кишининг сабр сифатлари ёд этилмоқда. Зул-кифл алайҳиссалом ҳам сабр қилгувчилар қаторига қўшилмоқдалар. Сабрлари туфайли Аллоҳ таоло уларни ўз раҳматига киритди. Яхшиликлар ато этди. Улар аҳли солиҳлардан бўлдилар. Шунинг учун ҳам Қуръонда зикр қилинмоқдалар. Аллоҳ таоло «Аҳқоф» сурасида: «Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма! Улар ваъда қилинган нарсани кўрганларида худди (бу дунёда) кундуздан бир лаҳзагина турганга ўхшарлар. Бу етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмларгина ҳалок қилинур, холос!», деган (35 - оят).

«Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар - Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо алайҳиссаломлардир. Бу буюк Пайғамбарларнинг ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр матонатда зарбулмасал бўлганлар. Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб қийин ҳолга тушганлрида «Улул азм» номини олган буюк Пайғамбарлардан ўрнак олишга чақирилаяптилар. «Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма!» У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «Улул азм» Пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар.

Сабрнинг фойдаларидан

  1. Сабр оғир вазиятларда нафсни тутишга ёрдам беради.
    2. Сабр моддий ва маънавий талабларни амалга оширишда шошилиш ва қўполликни олдини олишга ёрам беради.
    3. Сабр ғазабни қўзғайдиган нарсалар содир бўлгандан ўзни тутиб олишга ёрам беради.
    4. Сабр хавф туғилганда ўзини ўнглаб олишга ёрдам беради.
    5. Сабр тамагирлик қўзийдиган вазиятларда ўзини ўнглаб олишга ёрдам беради.
    6. Сабр моддий ва маънавий яхшиликларга эришиш йўлида йўлиқадиган жисмоний ва руҳий машаққат ва аламларга чидашда ёрдам беради.
    7. Сабр иймон баркамоллиги ва Ислом гўзаллиги далилидир.
  2. Сабр қалбда ҳидоят ҳосил қилишга ёрам беради.
  3. Сабрнинг самараси Аллоҳ таолонинг ва одамларнинг муҳаббатидир.
    10. Сабр ер юзида тамкин топиш сабабчисидир.
    11. Сабр жаннатга эришиш ва дўзахдан қутилишдир.
    12. Сабр Аллоҳ таоло билан бирга бўлишдир.
    13. Сабр қиёмат кунидаги катта қўрқинчдан омонликдир.
    14. Сабр мардлик ва яхши оқибатнинг аломатидир.
    15. Сабр Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракотидир.

 Аллоҳ таоло бизларни ва қиёматгача келадиган зурриётларимизни сабрли бандаларидан қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустофо соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат ва саломлар бўлсин.

 

Саидусмонхон Зикиряев


Киритилган вақти: 10/08/2022 07:52;   Кўрилганлиги: 503
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/sabr-haqida
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 15:07
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг