Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Расулуллоҳни яхши кўринг, шунда бахтли бўласиз

 
 

Бахтли бўлмоқ яхши кўрмоқдир. Ҳамма ўзи бахт деб билган нарсани яхши кўради. Ёки яхши кўрган нарсасига эришишни бахт деб билади. Шунингдек, бахтининг манзилига олиб борувчи йўлни яхши кўради, бу йўлдаги ҳар қандай қийинчилик унга ҳаловат ва ҳар қандай озор лаззат бўлиб туюлади. Бу йўлдаги йўлбошчисини ҳам жонидан ортиқ яхши кўради. Уни ўзига ўрнак (идеал), манзилига етказувчи сарбон  деб билади. Лекин кўпинча манзиллар сароб, йўллар хароб, ўзига намуна-ўрнак қилган йўлбошчилар ўзлари “бахтсиз” кимсалар бўлиб чиқади. Борган манзилидан нима топса топадики, фақат бахтни эмас. Эришган турмуш тарзида ҳам нима бўлса бўладики, фақат хотиржамлик, ҳаловат ва офият бўлмайди. Буни англаганларида кеч, жудаям кеч бўлади. Чунки бу пайтда умр поёнига етган, кучлари тугаган, имконлари қолмаган бўлади.

Бироқ бир зот борки, у зотни яхши кўрганлар, изидан эргашганлар абадий ва ҳақиқий бахт-саодатга эришади. Нега ҳам шундай бўлмасин, ахир бунга барча оламларнинг яратувчиси, Аллоҳ азза ва жалла ЎЗИ ваъда қилган бўлса. Зеро,  мўминларга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У қандай яхши вакил.

Ана ўша инсон яъни яхши кўриш ила киши бахтли бўладиган зот Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдир.

Расулуллоҳни яхши кўринг, бахтли бўласиз. Чунки у зот ҳақиқий бахт йўлига бошловчи нурли чироқдир.

Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни гувоҳлик берувчи, хушхабарчи, огоҳлантирувчи, Аллоҳга даъват қилувчи ва нурли чироқ қилиб юборган.

 

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ إِنَّآ أَرۡسَلۡنَٰكَ شَٰهِدٗا وَمُبَشِّرٗا وَنَذِيرٗا ۝ وَدَاعِيًا إِلَى ٱللَّهِ بِإِذۡنِهِۦ وَسِرَاجٗا مُّنِيرٗا

Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи...  Ва Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик. (Аҳзоб сураси, 45-46 оятлар)

Ҳа, Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом жоҳилият зулматларидаги нурли чироқдир. Турли зулматлар ичида йўлини топа олмай, уриниб-суриниб юрган кишиларни Исломнинг ёруғ йўлига ҳақиқий бахт йўлига бошловчи нурли чироқдир.

Бахтли бўлай десангиз, Расулуллоҳни яхши кўринг. Чунки у зот Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ичида энг ҳурматлисидир.

Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга шунчалик шарафни насиб қилдики, Каломи шарифида у зотнинг қадр қимматлари билан қасам айтди:

لَعَمۡرُكَ إِنَّهُمۡ لَفِي سَكۡرَتِهِمۡ يَعۡمَهُونَ

Сенинг умринг ила қасамки, албатта, улар ўз сархушликларида тентирамоқдалар. (Ҳижр сураси, 72-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таолога Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдан кўра маҳбуброқ, ҳурматлироқ бирор кимсани билмайман, ахир У Зот таборака ва таоло бошқа ҳеч кимнинг ҳаёти билан қасам ичмади, чунки у зот Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ичида энг ҳурматлиси”, деб айтган.

         Ичида Расулуллоҳ алайҳиссалом бўлган гуруҳнинг ичида бўлинг, бахтли бўласиз. Аллоҳ таолонинг ваъдаларига ноил бўласиз.  Бу аҳли суннат гуруҳи, умматнинг меҳваридир. Зеро, ичида  у зот бўлган гуруҳни Аллоҳ азобламайди. Расулуллоҳни йўлини-суннатларини маҳкам ушланг. У зотнинг суннатлари зикр ва истиғфорни кўп айтишга ўргатади. Аллоҳ азза ва жалланинг истиғфорни кўп айтувчиларни азобламаслигига ваъдаси бор:

 

وَمَا كَانَ ٱللَّهُ لِيُعَذِّبَهُمۡ وَأَنتَ فِيهِمۡۚ وَمَا كَانَ ٱللَّهُ مُعَذِّبَهُمۡ وَهُمۡ يَسۡتَغۡفِرُونَ

Модомики, сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчимас. Анфол 33.

         Расулуллоҳни яхши кўринг, бахтли бўласиз. У зотнинг муҳаббатига эса саловотни кўп айтиш ила эришиш мумкин. Қандай ҳам бундай бўлмасин, Аллоҳ таоло ва фаришталари Набий алайҳиссаломга саловот айтса, ҳамда мўминларга ҳам у зотга саловоту саломлар айтишга амр этган бўлса:

إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰٓئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّۚ يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ صَلُّواْ عَلَيۡهِ وَسَلِّمُواْ تَسۡلِيمًا

Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг. (Аҳзоб-56)

 Энг гўзал, энг баркамол, зое бўлмас бахтга эришмоқчимисиз? Расулуллоҳни яхши кўринг! У зотни ўрнак ва намуна қилингки, унданда лойиқроқ, ҳақлирок бошқа кишини топмайсиз. Чунки, Аллоҳ таолонинг ЎЗИ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нақадар гўзал ўрнак намунаси эканликларини баён қилган:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”. 

         Набий алайҳиссалом мўминларга, барча инсониятга гўзал ўрнак ва намуна эканлиги у зотнинг буюк хулқидандир. Роббил оламийн ўз пайғамбарини буюк хулқ узра эканлиги билан мақтаган:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

“Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз”. (Қалам сураси, 4- оят).

Бундан улуғ бахт бўлиши мумкинми? Бундан гўзал намуна бўлиши мумкинми?

Расулуллоҳни яхши кўринг, бахтли бўласиз!

Ёқуб Тўхташов,

Қўшработ туманидаги “Балиқчи ота” масжиди имом-хатиби.


Киритилган вақти: 22/09/2023 16:04;   Кўрилганлиги: 874
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/rasulullohni-yaxshi-koring-shunda-baxtli-bolasiz
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг