Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

РАСУЛУЛЛОҲ КАМТАР ВА ТАВОЗУЪЛИ ЭДИЛАР

 
 

Ҳазрати Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ўзлари улуғ насаб соҳиби бўлсалар ҳам, Дунёнинг яралишига сабабчи инсон бўлсаларда, барча пайғамбарларнинг имоми ва комил нубуввату-рисолат соҳиби бўлишларига қарамай камтар, ҳокисор ва ўта тавозуъли эдилар.

Зеро бундай зот бўлишларини Аллоҳ таолонинг ўзи ирода этиб Расулуллоҳни шундай тарбия қилди. Чунки бундай сифатга эга бўлган инсон халқнинг қалбидан чуқур жой олиб уларни муҳабаттига сазовор бўлади ва бу муҳаббат орқали инсонларни тўғри йўлга бошлаш, Аллоҳнинг ибодатларида мустаҳкам бўлишларида сабабчи бўла олади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз ва у зот орқали барча умматни камтар бўлишга ундаб “Исро” сурасининг 37-38 оятларида: “Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассан! Буларнинг барча ёмони Роббинг ҳузурида хуш кўрилмагандир” – деб марҳамат қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло “Луқмон” сурасининг 18-19 оятларида келган Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган васиятини шундай баён этади: Одамлардан такаббурлик билан юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ бирон мутакаббир ва мақтанчоқни севмас. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки энг ёмон ва хунук овоз эшакнинг овозидир”. Роббимиз ўзининг сўнги пайғабарини ана шундай Қуръони Карим билан хулқлантирди.

Анас Ибн Молик Расулуллоҳнинг тавозуъ ва камтарликларини айтиб ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам бир туяга миниб, ҳаж қилдиларки, тўқумлари эски эди. Унинг устида бир чодир бор эди, қиммати тўрт тангага ҳам баҳоланмас эди. Жаноб шу ҳолда ушбу дуони ўқир эдилар: “Аллоҳм! Менинг бу ҳажжимни риё ва сумъадан пок бир ҳаж қилгил!”. Бу ҳадисда келаётган Риё ва сумъа деганда халқ кўрсин ва эшитсин деган маъно тушунилади. Аслида Расулуллоҳнинг ҳеч бир ибодатларида риё ва сумъа бўлмаган, балким бу дуони умматни огоҳ этиш ва таълим бериш мақсадида ўқиганлар. Ҳазрати Анас ибн Моликдан яна шундай ривоят қилинади: “Жаноб Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам беморлар ҳолини сўраш учун уларнинг ётган ерларига борар эдилар. Дилдорликлар қилар эдилар. Эшакка ҳам минар эдилар. Қул зиёфат қилиб чақирса ҳам, қабул қилиб, борар эдилар. Бану Қурайза яҳудийлари билан уруш бўлган кунларда шундоқ бир эшакка минган эдиларки, унинг югани ёки тизгини хурмо дарахтининг пўслоғидан ишланган ип эди. Унинг эгар тўқими ҳам хурмо дарахтининг пўстлоғидан ишланган эди”. Сарвари коинот саҳобаларига “Мени Насронийлар Ийсо алайҳиссаломни мадҳ ва таърифлагандек ҳаддан ошиб муболаға қилманглар, мен ҳам Аллоҳнинг бандасиман” дердилар. Саҳобалар тўпланиб ўтирган жойга келсалар уларни турманглар дердилар. Чунки Жанобимиз ўзларига таъзим (ҳурмат) учун бир кишини туришини ёмон кўрар эдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом уй ишларида аҳли оилаларига ёрдам берар эдилар. Бу ҳақда Ҳазрати Амро розиялллоҳу анҳо айтадилар: Ҳазрати Оиша онамиздан Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва салламни ўз уйларида нима иш қилишлари ҳақида сўралганда онамиз: “Расулуллоҳ инсонларнинг бири эдилар. Либосларини ўзлари текширар эдилар.  Жонворларни сутини ўзлари соғар эдилар ва ўз хизматларини ўзлари қилар эдилар” деганлар.

Бизнинг юртимизда ўқиладиган мавлидларнинг энг машҳури Имом Жаъфар Барзанжийнинг Пайғамбаримиз ҳақларида ёзган қасийдаларининг энг сўнги бандида Пайғамбар алайҳиссаломнинг тавозуълари ҳақида келтириб шундай дейдилар: “Ҳазрат Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам ҳаё ва хуш тавозуъликда ҳаммадан зиёда эдилар, кафшу-музаларининг йиртиқларини ўзлари ямар, либослари йиртилса ҳам ўз қўллари билан тикар, қўйларини баъзан ўзлари соғар, оила ишларида Аҳли оилаларига ёрдам берар эдилар. Камбағал ва мискинларни яхши кўрар ва улар билан бирга ўтирар эдилар.”

Анашундай тавозуъ эгаси бўлмиш Имомул-анбиё Муҳаммад мустафо соллолоҳу алайҳи ва салламга уммат бўлишдек шарафга мушарраф қилган Аллоҳ таолога чексиз хамду-санолар, Фахри Коинот, Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва салламга дуруду-салавотларимиз бўлсин. Аллоҳ ҳар биримимизни ул зотниинг одобу-ахлоқлари, тавозуъ ва сифатларини ўзида мужассам қилган ҳақиқий меросхўр уммат бўлишимизни насиб этсин.

С.Мирзаев Самарқанд шаҳар “Шоҳи Зинда” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 28/10/2021 05:31;   Кўрилганлиги: 533
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/rasululloh-kamtar-va-tavozuli-edilar
Чоп этилган вақт: 29/04/2024 03:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг