Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Рамазон – қутлуғ ой

 
 

Маълумки, бошқа пайтлардагига нисбатан нияту ихлосга қараб савоб амалларга ажрлар кўпроқ бериладиган Рамазон ойида тиловати Қуръон, зикру тасбеҳ, суннат, фарз ва нафл ибодатларни амалга оширганимиз сингари беморларни зиёрат этиш, етим-есирларни йўқлаш, ошна-оғайнилар ҳолидан хабар олиш учун ҳам қулай ҳамда ғанимат фурсатдир.

Ҳар бир оила бу қутлуғ ой кириб келишидан аввал ўз уй-жойларини, ҳовлиларини тоза-озода, саранжом-саришта қилганликлари каби ўзларининг қалбларини ҳам ғашликлардан, ғийбат, бўҳтон, фитна-фасодлардан поклаб олишлари муқаддас динимиз кўрсатмаларига мосдир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Шу боис арзимас сабаблар билан аразлашиб юрган, юзкўришмас бўлиб кетган танишлар билан орани ислоҳ қилиб олишнинг айни вақти десак муболаға бўлмайди.

Рамазон ойида муҳтожлар ва эҳтиёжманд оилаларга, беморлар, ёлғиз аёллар, ёш болалар, етимлар, ёши улуғ ёлғиз нуронийлар ахволидан хабар олиб, уларга озиқ-овқат, кийим-кечаклар тарқатиш янада кўпаяди. Бундай хайрли ишлар миллий бирдамлигимизни, ҳамжиҳатлигимизни, меҳр-оқибат ришталаримизни янада мустаҳкамлайди. Зотан, динимиз таълимоти ҳам шундай дейилган: “Ён қўшниси оч ўтирганини била туриб, қорни тўқ ётган киши мўмин эмас” (Имом Ҳоким ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт, унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзида бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади”, дейилган (Имом Байҳақий ривояти).

Дарҳақиқат ҳар бир мусулмон шу муқаддас, ғанимат фурсатдан фойдаланиб, Аллоҳнинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан қайтса, Роббимиз бундай кишини ўзи кутмаган томондан ризқлантириб қўйишига ваъда берган: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” (Талоқ сураси, 2–3-оятлар).

Азиз мўмин-мусулмонлар, дуолар қабул бўладиган муқаддас ойда яхшиликларни, айниқса, қариндошлар ўртасидаги силаи-раҳмни кучайтирайлик. Хулқларимизни яхшилаб, тақвомиз ошишига сабаб бўладиган ишларни кўпайтирайлик. Фарзандларимиз учун ҳам сўзда, ҳам амалда ибрат бўлайлик. Уларнинг солиҳ ва салоҳиятли бўлишини Роббимиздан сўрайлик.

Рамазон ойида биз рўзадорлар қатъий тартиб-интизомга ўрганамиз. Саҳарлик ва ифторликни ўз вақтида қилганимиз каби Қуръони карим тиловати, зикру тасбеҳлар ва бошқа ижтимоий хайрли ишларни ҳам канда қилмасак, ибодатларимизга зийнат бахш этамиз, иншааллоҳ.

 Н. Темирова – Самарқанд вилояти бош отинойиси


Киритилган вақти: 27/03/2024 10:27;   Кўрилганлиги: 174
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ramazon-qutlug-oy
Чоп этилган вақт: 29/04/2024 14:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг