РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ.
Рамазон ойига соғ саломат етказган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар, бешумур шукроналар бўлсин, бу муборак ойда саловотларнинг барчаси Пайғамбаримиз Муҳуммад Мустафо с.а.в га бўлсин ва асҳоби киромларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати бўлсин.
Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп.
Рўзанинг энг зўр ҳикматларидан бири у туфайли рўзадор соғлиғини тиклаб олади. Рўза нафақат соғлиғни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурдир.
Азиз биродарлар, бизнинг юртимизга муборак ой ташриф буюрди. Дуолар ижобат бўладиган ой, гуноҳлар кечириладиган ой, мақому дарожотлар кўтариладиган ой, чексиз савоблар ёзиладиган ой, файзу бараканинг чеки йўқ бўлган ой, мўминни хурсанд мунофиқни хафа қиладиган ой, Парвардигори оламнинг меҳри жўш урадиган ой, осмон эшиклари очилиб илоҳий раҳматлар ёғиладиган ой, кечаю-кундуз фаришталар ва Жаброил а.с. ер юзига тушиб сайр қиладиган ой, ҳақиқий тақводор мўмин бандалар учун ғанимат бўлган ойдир. Бу моҳи шарифи Рамазондир.
قال الله تعالي: يا ايّها الّذين امنوا كتب عليكم الصيام كما كتب علي الّذين من قبلكم لعلّكم تتّقنون البقرة 183
“Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди”. (Бақара сураси, 183-оят)
وهو شهر أوله رحمة وأوسطه مغفرة وآخره عتق من النار قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилдилар: “Бу ойнинг аввали раҳматдир, ўртаси мағфират ва охири эса дўзахдан нажотдир”.
Муҳтарам азизлар, бундай имтиёзлар, бундай имкониятлар Рамазондан бошқа қайси ойда бор. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу ойнинг раҳматига эришиб, мағфиратига сазовор бўлиб, жаҳаннамдан қутулишни Ўзи насибадор айласин!
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : نوم الصائم عبادة و صمته تسبيح و عمله مضاعف و دعاؤه مستجاب و ذنبه مغفور
Пайғамбаримиз с.а.в “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади ва гуноҳи кечирилгандир”- деб марҳамат қилдилар.
Азиз биродарлар, бу ой шундай муборак ойки, ҳар бир тақводор зот учун бу ойда туришликнинг ўзи ибодат, бу ойда бўлишликнинг ўзи ибодат. Қаранг, рўза тутадими ибодат, рўза ҳолатда ухлайдими ибодат, ҳаттоинки гапирмасдан дам турса ҳам ибодат, ифторликда овқат еса ҳам ибодат. Ахир бунчалик даражада савоблар, бунчалик мақомда файзлар ва ҳар бир оддий амал ибодатга айланади. Рамазон ойида саҳар вақтдан олдин туриб саҳарлик қиламиз бу ибодатга айланади, кейин саҳардан то шомгача рўза ҳолда юрамиз, ишлаймиз, ухлаймиз ибодат, сўнгра шомда яна овқатланамиз ибодат, кечаси таровеҳ намозларида қоим бўламиз ибодат, дуолар қиламиз ибодат, яна эртанги кун учун, рўзага куч тўплашлик учун дам оламиз у ҳам ибодатга айланади. Расулуллоҳ с.а.в Муборак рамазони шариф ойининг рўзасини ихлос билан тутмоқлик ҳам банданинг жаннатга киришига омил бўладиган ибодатдир. Аллоҳ таъоло бу улуғ ойда қиладиган ҳар бир яхши амалларимизни ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин.
Абдуманнон Муродов - Булунғур тумани "Оломон" жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 12/05/2020 15:01; Кўрилганлиги: 1624
Чоп этилган вақт: 15/02/2025 08:11