Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Раҳбарга итоат қилиш

 
 

Инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, золимдан мазлумнинг ҳақини олиб берадиган, улар ўртасида адолат қилиб, сиёсатини ўтказадиган бир раҳбар бўлмаса, жамоатда тартибсизлик, низолар келиб чиқиши табиий. Чунки инсонларнинг фикри бир жойдан чиқмаслиги ҳақиқат. Инсонларнинг фикрларини тинглаб, ягона тизим асосида бошқарувчи раҳбар бўлмаса, фитна-фасод кўпайиб, улар фирқаларга бўлиниб кетишади. Натижада ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинади, кучлилар заифларни хўрлайди, бутун бир жамият инқирозга юз тутади.

Пайгғамбаримиз (соллаллоху алайҳи ва саллам) умматларини Аллоҳ азобидан қўрқишга-тақвога чақирганларидан сўнг уларни ўзларидан бўлган иш эгаларига итоат қилишга буюрдилар. Раҳбарнинг буйруғи шариатга зид бўлмаса, унга итоат қилиш вожибдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (Нисо, 59).

Аллоҳ таоло аввало Ўзига, сўнгра Пайгамбар (соллаллоҳу алайхи ва саллам)га, ундан сўнг ишбошиларга итоатли бўлишга буюряпти. Оятдаги “улул-амр” калимаси “ишбоши”, “буйруқ; эгаси” деган маъноларни англатади.

Имом Молик, Ибн Аббос, Захдок, Мужоҳид ва Атоларнинг айтишича, “улул-амр”дан мурод Қуръон ва илм аҳллари, яъни фақиҳлар ва дин уламолари бўлса, иккинчи фикрга кўра амир, бошлиқ ва волийлардир.

Мусулмонлар ичидан сайланган (ёки тайинланган) бошлиқ ва раҳбарларга итоат қилиб, уларнинг амрини бажариш вожибдир. Бунга ҳадислардан бир қатор далиллар келтирилади. Жумладан, Имом Нававий (рахматуллоҳи алайҳ) ушбу оятдаги “улул-амр”дан мурод “Аллоҳ таоло уларга итоатни вожиб қилган раҳбарлар ва бошлиқлардир”, деганлар. Ҳофиз ибн Касир (рахматуллоҳи алайҳ) эса ушбу оят умумийдир, яъни барча бошлиқларга итоат қилиш вожиблиги тўғрисидадир, деганлар.

Агар улар гуноҳ ишга буюришмаса, раҳбарларга бўйсуниш Аллоҳга итоат қилишдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) дан ривоят килинади: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:

“Мусулмон киши (бошлиғи буюрганида) яхши кўрган ё ёмон кўрган нарсада буладими, гуноҳ иш бўлмаса, бўйсуниши лозим. Агар бошлиқ шариат ман қилган ишга буюрса, унга бўйсунилмайди”.

Уламолар: “Инсон ёқтирадими, йўқми, қийин ҳолатдами ёки енгиллик ҳолатида, нафсига оғир келадими-йўқми, раҳбарга итоат қилиши вожибдир”, дейишган.

Бошқа бир ҳадисда: “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга осийлик қилса (бўйсунмаса), Аллоҳга осийлик этибди. Ким амиримга итоат қилса, ҳақиқатан менга итоат этибди. Ким амиримга осийлик қилса, ҳақиқатан менга осийлик этибди”, деганлар.

Итоатли бўлишнинг бир қанча ҳикматлари бор: жамият тинчлиги ва унда тартиб-қоидалар ўрнатилиши, фитна ва бузғунчиликларнинг олди олиниши ва хоказо... (Давоми бор)

 “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан Зайниддин Эшонқулов тайёрлади.


Киритилган вақти: 12/10/2022 09:30;   Кўрилганлиги: 820
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/rahbarga-itoat-qilish
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 02:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг