Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Раддия Фотиҳа сурасидан кейин “ омин ” ни махфий айтиш

 
 

Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида намозда фотиҳа сурасидан кейинги “омин” суннат ҳисобланади.
Ҳанафий ва моликий мазҳабида намозхон “омин” ни овоз чиқармай, ўзи эшитадиган даражада айтади.
Буни ҳукми барча фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Ҳанафий ва моликий мазҳабида “омин” ни маҳфий айтиш суннатлиги айтилган бўлса, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларида жаҳрий (овоз чиқариб) айтиш суннатлиги таъкидланган.

“Омин” ни маҳфий айтиш суннатлигига саҳобаи киромларнинг сўзлари ва амаллари ҳам далил бўлади.
Абу Воил розияллоху анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Али ва Ибн Масъуд анхумолар“ (намоз ичидаги) Бисмиллахар роҳманир роҳийм” ни ҳам, “аъуузу” ни ҳам, “омин” ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар” ( Имом Табароний ривояти).
Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам билан доимо бирга юрган Ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо каби ниҳоятда илмли саҳобийларнинг “омин” ни ичларида айтишлари ҳам кучли далил ҳисобланади.
Бошқа бир ривоятда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам “омин” ни ичларида айтиб намоз ўқиганлари таъкидланади. Ҳанафий уламолар ҳудди шу маънода, бошқа саҳобаи киромларнинг ривоятларини ҳам келтирганлар.
Уламоларимиз “омин” ни маҳфий айтиш мандуб эканлагига ояти каримадан далил келтарадилар. Унга кўра “омин” лафзи дуодир. Унинг маъноси “ижобат қил”, яъни “дуони қабул қил” демакдир. Қандай дуо қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Роббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай ” (Аъроф сураси 55-оят)
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи ва саллам бу ҳақда шундай дейдилар: “Дуонинг яҳшиси маҳфийсидир” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ” да ривоят қилган).
Демак “омин” ни ичимизда айтсак, мазкур оят ва ҳадисга амал қилган бўламиз.
“Омин” лафзи Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. “Аъуузу биллахи минашшайтонир рожийм” эса Қуръонда келган, Аллох таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундай бўлса-да “Аъуузу биллахи минашшайтонир рожийм” ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун энди “омин” овоз чиқариб айтишимиз керак?!
Намоз жуда ҳам улуғ ибодат ҳисобланади. Расулуллох соллаллоху алайхи ва саллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. Ул зот соллаллоху алайхи ва салламнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик билан кузатиб борилган. Агар “омин” ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, У зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. Ҳолбуки, У зот соллаллоху алайхи ва салламнинг ўзлари имомлик қилаётганларида, баъзан таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб, “омин” деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ. Айнан имомга иқтидо қилган кишиларнинг “омин ”овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят йўқ.

Аброров Жаҳонгирхон манбалар асосида тайёрлади


Киритилган вақти: 24/12/2021 08:49;   Кўрилганлиги: 990
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/raddiya-fotiha-surasidan-keyin-omin-ni-maxfiy-aytish
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг