Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қалби пок инсон қиёмат куни нажот топади

 
 

Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал, барча замонлар ва маконларга мос келадиган Ислом дини кишининг зоҳиран ҳам, ботинан ҳам пок бўлишга чақиради. Зеро, қанчадан қанча ибодатлар борки, зоҳирий покликсиз қабул бўлмайди. Яна бир покланиш мавжудки, у маънавий, қалбий покланишдир. Мусулмон кишида шу иккала покланиш мавжуд бўлса, у дунё ва охират саодатига эришади. Кўпинча зоҳирий покликка эътибор қаратилади. Тўғри, бу поклик ҳам муҳим. Аммо ботиний, қалбий покликни ҳам унутмаслик лозим. Шунингдек, амаллар қабул бўлишида банданинг қиёматда тарозусини оғир қиладиган нарса салим - тоза қалб соҳиби бўлишидир. Қалбда кир бўлиши, унинг турли маънавий зарарли иллатлар билан касалланган бўлиши кишини ҳар икки дунёда ҳалокат сари етаклайди. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида қуйидагича марҳамат қилган:

"У кунда на мол-давлат, на бола-чақа фойда беради. Магар Аллоҳ ҳузурига салим-тоза қалб билан келган кишиларгагина (фойда беради)" ("Шуаро" сураси, 88-89-оятлар).

Мазкур оятга назар солсак, бандага фойда берадиган нарса тоза, маънавий кирлардан пок бўлган қалб сохиби бўлиши экан. Қиёмат куни одамлар ҳисоб учун қабрдан чиқадилар. Ана ўшанда кишига туну кун елиб-югуриб тўплаган бойлиги ҳам, ёнида турган фарзандлари, манаман деган ота-боболари ҳам фойда бермайди. Ер юзи тўла олтинни садақа қилиб юборса хам, нафи бўлмайди. Оҳиратда қимнинг пули кўплигига, аждодлари қандай одам бўлганига қаралмайди. Бойлик хам, насл-насаб ҳам иш бермайди. Фақат қалбдаги имон, солиҳ амаллар фойда беради.Қалби пок инсон қиёмат куни нажот топади, Аллоҳ розилигига эришади.

Абдусаломов Абдусамад
Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаси


Киритилган вақти: 15/06/2022 09:45;   Кўрилганлиги: 757
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/qalbi-pok-inson-qiyomat-kuni-najot-topadi
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 00:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг