Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Пайғамбарликни даъво қилиш – ёлғончилик ва ўта нодонлик!

 
 

Ҳар бир мўмин-мусулмон кишига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг сўнгиси, барчаларининг саййиди ва тожи эканлигига иймон келтиришлари лозимдир. У зотнинг олиб келган рисолатлари мукаммал ва ундан сўнг келадиган бошқа рисолат ҳам, пайғамбарлик ҳам йўқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 

(مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَاۤ أَحَد مِّن رِّجَالِكُمۡ وَلَـٰكِن رَّسُولَ ٱللَّهِ وَخَاتَمَ ٱلنَّبِیِّـۧنَۗ وَكَانَ ٱللَّهُ بِكُلِّ شَیۡءٍ عَلِیم )

[سورة الأحزاب 40]

“Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир” (Аҳзоб сураси 40-оят).

Имом Бухорий ва Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Пайғамбарлардан олти нарса ила афзал қилиндим: Гўзал калималар берилди, қўрқитиш билан ёрдам берилди, ўлжалар менга ҳалол қилинди, ер менга покловчи ва масжид қилинди, инсонларнинг барчасига омматан юборилдим ва пайғамбарлар мен билан тугатилди”.

Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда эса:

“Менинг бир неча исмларим бор: мен Муҳаммадман, мен Аҳмадман, мен Аллоҳ у билан куфрни йўқ қилувчи Моҳийман, мен инсонлар олдимга тўпланадиган Ҳоширман ва ундан сўнг бирор киши келмайдиган Оқибман” дедилар. Бир ривоятда эса: “... Ундан сўнг бирор пайғамбар йўқ Оқибман”, деб келган.

Имом Бухорий ва имом Муслим роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга шундай дедилар:

“Сен мен учун Ҳорун Мусо учун бўлган манзилдасан. Фақат мендан кейин пайғамбар йўқ”.

Яна, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг сўнгиси эканликларига далолат қиладиган бошқа ҳадислар ҳам бор. Мусулмонларнинг бу борада ижмоъси ҳам мавжуддир. Кимки, пайғамбарликни даъво қилиб чиқадиган бўлса, у Аллоҳ ва Унинг росулини ёлғончига чиқариб, кофир бўлибди!

Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай каззоблар ҳақида хабар берганлар:

“Қиёмат, ўттизга яқин каззоб дажжоллар чиқиб, уларнинг барчаси пайғамбарликни даъво қилмагунича қоим бўлмайди”.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ Муснад китобларида шундай келтирадилар:

“Умматим ичида йигирма еттида каззоб дажжоллар бўлади. Улардан тўрттаси аёл киши бўлади. Албатта, мен пайғамбарларнинг сўнгисиман ва мендан кейин пайғамбар йўқ!”.

Шундай экан, бу даъво билан чиққан ҳар қандай кишига насиҳат қилиниб, Аллоҳ таолонинг азобидан огоҳлантириш лозим. Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон ишлатиш энг оғир гуноҳдир. Хусусан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

(إِنَّ ٱلَّذِینَ یَفۡتَرُونَ عَلَى ٱللَّهِ ٱلۡكَذِبَ لَا یُفۡلِحُونَ• مَتَـٰع قَلِیل وَلَهُمۡ عَذَابٌ أَلِیم)

[سورة النحل 116-117 ]

“Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар. Озгина матоҳ ва аламли азоб бор” (Наҳл сураси 116-117-оятлар).

Бундай кишиларни ҳаққа қайтиб, тўғри бўлишликларини ҳоҳлаймиз. Аммо, ўзининг қоронғу кўчаси ва зулматга ботган фикридан қайтмаса, бардавом бўлса, барчага уни диндан чиққан кофир эканлигини билдириш ва у билан динга қайтиши учун алоқаларни узиш лозимдир.

Шу пайтгача пайғамбарликни даъво қилиб чиққан ёлғончиларнинг барчаси ўта нодон, ёлғончи ва гуноҳларга муккасидан кетганлигини биламиз ва кўрганмиз. Озгина илми бор киши ҳам бундай инсонларнинг ёлғончилигини англашлиги қийин эмас. Пайғамбарликнинг ўзига яраша шартлари ва сифатлари бўлади. Илм ва амалларнинг энг улуғи бўлган бу рисолат ёлғончи бир жонзотга тайинланиши амри маҳолдир.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ тафсир китобларида пайғамбарликни даъво қилиб чиққан ёлғончилар ҳақида ушбу оятни келтирадилар:

(فَمَنۡ أَظۡلَمُ مِمَّنِ ٱفۡتَرَىٰ عَلَى ٱللَّهِ كَذِبًا أَوۡ كَذَّبَ بِـَٔایَـٰتِهِۦۤ إِنَّهُۥ لَا یُفۡلِحُ ٱلۡمُجۡرِمُونَ)

[ سورة يونس 17 ]

“Аллоҳга ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, жиноятчилар нажот топмаслар” (Юнус сураси 17-оят).

Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг пайғамбарликни даъво қилиб чиққан Мусайлама Каззоб, Асвад Ансий ва Сажжоҳ каби ёлғончиларга қарши курашганлар.

Шунингдек, бундай даъво билан чиққан кишиларни жин чалғитаётган бўлиши мумкин. Жиннинг унга гапириши туфайли гўёки, унга ваҳий тушаяпти, деб ўйлаб қолаётган бўлиши мумкин. Шундай бўладиган бўлса, унга кўпроқ Қуръон ўқишлик лозим бўлади.

Аллоҳ таоло бу Ислом умматини бундай ёлғон ва бўҳтонлардан Ўзи сақласин!

Хайруллоҳ Саттаров, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўинбосари


Киритилган вақти: 20/07/2020 11:47;   Кўрилганлиги: 1209
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/paygambarlikni-davo-qilish-yolgonchilik-va-ota-nodonlik
Чоп этилган вақт: 13/07/2025 03:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг